Тинчлик ва барқарорлик йўлидаги ҳамкорлик

 

Бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти халқаро ташкилотлар орасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлмоқда. Минтақавий ва глобал миқёсда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлашга хизмат қилмоқда.

ШҲТ дунёдаги энг катта ҳудудни ва сайёра аҳолисининг деярли ярмини қамраб олган, унга аъзо давлатлар жаҳон ЯИМнинг учдан бирини ишлаб чиқаради. Бундай кўлам ҳамкорлик учун катта истиқболларни очиш билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият билан кўп томонлама фаол алоқалар учун янги уфқларни очади. ШҲТнинг мулоқот майдони кенгайиб бормоқда.

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласи матбуотда эълон қилинди ва бунга жаҳон миқёсида ҳам катта эътибор қаратилди. Мақолада муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида илгари сурилган таклифлар, ташаббуслар, даъватлар халқаро чақириқ сифатида янгради, десак муболаға бўлмайди.

Инсониятнинг минг йиллик тарихида илм, фан тараққиётга элтувчи муҳим омил бўлганини барчамиз яхши биламиз. Шу нуқтаи назардан қараганда, ШҲТ миссияси негизида қуролланиш мақсадлари эмас, аксинча, халқаро институционал ҳамкорликни ривожлантириш, ижтимомий-иқтисодий ва савдо муносабатларини интеграциялаштириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, уларни домий иш ўринлари билан таъминлашдек инсонпарвар концепция ягона йўл сифатида кўрсатиб келинмоқда.

Шу сабабли ҳам ШҲТ фаолиятига қўшилиш истагидаги давлатлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу тенденция халқаро ва минтақавий муносабатлар тизими трансформация жараёнини бошидан кечираётган бугунги шароитда яққол кўзга ташланмоқда.

Барчамизга яхши аёнки, глобаллашув жараёнида озиқ-овқат хавфсизлиги ва энергетика таъминоти муаммолари пайдо бўлаётгани ташвишли ҳол. Муаммонинг ечими сифатида эътиборни минтақавий, керак бўлса, глобал ҳамжиҳатликка қаратиш, барча мамлакатлар барқарорлигига хавф солаётган хатарларга қарши бир ёқадан бош чиқариб, курашиш дунёдаги тинчлик-осудаликка, фаровонликка кафолат бўлиб хизмат қилади.

Айтиш мумкинки, ШҲТ ўтган 21 йил ичида энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бирига ва 3,4 миллиард аҳолига эга бўлган, Евроосиё ҳудудининг учдан икки қисмини ташкил этувчи энг йирик минтақавий тузилмага айланди. Бугунги кунда ҳеч бир мамлакат замонавий қийинчиликларга, у сиёсий ёки ҳарбий таҳдид бўладими, бир ўзи, якка ҳолда самарали қарши тура олмаслигини исботламоқда. 

Ягона ташкилот доирасида умумий мақсад ва манфаатлар бирлашувида мамлакатларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳам иқтисодий нуқтаи назардан зарур саналади. Ана шу тариқа, савдо, логистика, миграция, туризм ва бошқа долзарб масалаларга ўзаро манфаатли ёндашувни шакллантириш анча осонлашади, бу эса, ўз навбатида, иштирокчи-мамлакатлар иқтисодиётини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистоннинг раислиги даврида тайёрланган ўттиздан ортиқ концептуал дастур, келишув ва қарорлар кейинги олти йилда амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи прагматик сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди.

Аминманки, цивилизациялар чорраҳаси бўлмиш Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ доирасида қабул қилинган ҳужжатлар аъзо давлатларнинг ҳамкорликда ривожланишига, минтақада ва дунёда тинчлик, барқарорлик мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.

 

Боймурат Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш