Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси»ни тасдиқлаш тўғрисидаги Фармонининг мазмун-моҳияти мавзусига бағишланган онлайн давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ЎзХДП фракцияси аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, масъул ходимлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчилари ва ОАВ вакиллари иштрок этди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари- М.А.Варисова Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишлари ҳақида маъруза қилиб, ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган барча оилалар ва шахсларни ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олиш, мажбурий ижтимоий кафолатлардан, шу жумладан ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятини соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтириш, ушбу жараёнга очиқлик ва шаффофлик тамойилларини жорий қилиш, аҳоли учун мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш ҳамда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш, ижтимоий хизматларни аҳолига бевосита маҳалла даражасида кўрсатиш амалиётини жорий этиш каби вазифалар белгиланганлиги тўғрисида батафсил маълумот берди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Боймурат Юсупов Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси доирасида эришиш кўзда тутилаётган мақсадлар мазмун-моҳияти бўйича гапириб, хусусан, давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамнинг аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига манзилли етказиб берилишини таъминлаш, камбағал оилаларнинг қашшоқликка тушишига йўл қўймаслик, оилаларни камбағалликдан олиб чиқишга эришиш воситаларини тушунтириб берди.
Йиғилишда шунингдек, ногиронликни белгилашни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш назарда тутилаётгани, яъни анъанавий «тиббий» моделдан замонавий «ижтимоий» моделига босқичма-босқич ўтиш белгиланилаётгани таъкидланди. Ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделида асосан шахснинг жамият ҳаётида иштирок этиш масаласи инобатга олинади.
Мулоқотда чекка ҳудудларда фаолият юритаётган Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаолларининг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди ва аҳолини қийнаётган масалалар ечими юзасидан таклифлар олинди.