Cамарқанд саммити янгича дунё тамаддунининг бошланиш нуқтасига айланмоқда

 

Бутун дунё эътиборини ўзига тортаётган йил воқеаси. Президентимизнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласига халқаро ҳамжамиятнинг катта эътибор қаратгани, бошланаётган саммитдан бутун дунё катта натижалар кутаётганини кўрсатиб берди.

Ушбу мақолада таъкидланганидек, инсониятнинг бир бутунлиги ва ўзаро боғлиқлиги шу даражада юқорики, мавжуд хатарларнинг аксарияти нафақат минтақалар, балки умумжаҳон миқёсида ҳамкорлик қилишни тақозо этмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўз принциплари ва қоидалари, тартиб ва тамойиллари билан дунёда пандемиядан сўнг вужудга келган оғир иқтисодий ва ижтимоий вазиятдан тезроқ чиқиш учун нафақат минтақа, балки бутун жаҳон ҳаётига таъсир этувчи кучга айланиб бормоқда. Бунда айнан Ўзбекистон Республикасининг ташкилотга раислик қилувчи даврида улкан замин яратилгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Давлат раҳбари бу борада Ўзбекистон раислик даврида асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали Ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратганига урғу бермоқда.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида йил давомида ўтказилган саксондан ортиқ йирик тадбирлар давомида ташкилот учун кенг қамровли кун тартиби шакллантирилди. Тематик жиҳатдан эътибор қаратилса, олдимизда турган саммит кун тартиби хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш каби кўплаб муҳим масалаларни ўзида мужассам этмоқда.

Эътиборга молик яна бир жиҳат, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги юртимизда кейинги олти йилда амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлгани айни ҳақиқатдир.

 

Цивилизациялар туташган маскан

Ўрта асрларда Самарқанд илм-фан ривожи, кучли давлатчилик шакли билан олам маркази бўлган бўлса, бугунги Самарқанд саммити янги дунё тамаддунининг бошланиш нуқтасидир.

Шу сабабли Самарқанд саммити ҳақли равишда дунё этибор марказида. Унинг бошланиши арафасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мавзусидаги мақоласи халқаро миқёсда катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Жумладан, Ўзбекистоннинг ШҲТ иштирокчиси ва амалдаги раиси сифатидаги ўрни ва ролига алоҳида эътибор қаратилган мақола Қувайтнинг етакчи "Ал-Анба", “Ал-Наҳор”, “Таймс Кувейт”  газеталари ҳамда оммабоп “Q8 Press” электрон нашри веб-саҳифасида эълон қилинди.

Ушбу таҳририятлар ўқувчилари Президентимизнинг фикрларини ўз ичига олган концептуал мақоладан дунё эътиборида турган йирик тадбир аввалида баҳраманд бўлишмоқда.

Бинобарин, юқорида айтганимиздек, дунё ўз олдида пайдо бўлган муаммоларга қарши туришда янги ва самарали йўлларни қидираётган, бунда ШҲТнинг истиқболдаги ҳаракатидан кўпроқ ижобий натижаларни кутаётган паллада ташкилот фаолиятига оид бундай кенг фикрлар ҳар бир инсон учун аҳамиятлидир.

Зотан, ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳудудида сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярми истиқомат қилади. Ўз навбатида, мазкур ташкилотга аъзо давлатларнинг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги ялпи улуши деярли чорак қисмни ташкил этмоқда. Мазкур омиллар давлат раҳбарининг фикрлари дунё миқёсида катта қизиқиш билан кутиб олинишининг асосидир.

 

“Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади”

Президентимиз мақоласида ўзимиз учун теран англаш, мағзини чақиш ва моҳиятини бошқаларга очиб бериш лозим бўлган жиҳатлар жуда кўп. Зеро, “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” шиори ташкилот учун умумий экани ва муштарак мақсадларни тўла ифода этишига мақолада урғу берилган.

Биз эса, ушбу шиор мазмуни билан Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ташқи сиёсати мазмунини шунчаки солиштирсак, кўплаб ҳақиқатлар юзага чиқишига гувоҳ бўламиз. Хусусан, ҳар биримиз кучли бўлиш тушунчасини олайлик. Аъзо давлатлар кимлар?

Албатта, аввало бизга географик жиҳатдан яқин, қўшни бўлган мамлакатар ва уларнинг ҳар бири билан ўзаро тенг манфаатли алоқаларимиз янги марраларни йил сайин тадрижий равишда забт этмоқда. Бундан чиқадики, ўзаро манфаатли алоқалар тенг ривожланиш ва адолатли тақсимот, халқларимиз учун фойдали келишувлар асоси ҳам икки ҳам ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликка таянади.

Сўнгги йилларда ШҲТга аъзо давлатлар билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмларининг сезиларли ошиб бораётганини кузатиб, айтиш мумкинки, ушбу шиорга содиқликни аъзо мамлакатлар ўз сиёсати орқали тўла ифода этмоқда. Давлат раҳбари томонидан билдирилган “ШҲТга аъзо барча давлатлар – энг яқин қўшниларимиз, дўстларимиз ва стратегик ҳамкорларимиздир”, деган фикр юқорида айтиб ўтилган жиҳатларга яққол ишорадир.

Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга раислиги даврида тайёрланган ўттиздан ортиқ концептуал дастур, келишув ва қарорлар ШҲТни янада мустаҳкамлаш ва тараққий топтиришда муҳим тарихий босқич сифатида ниҳояланмоқда. Ўз навбатида, ушбу хужжатлар ШҲТ учун тамомила янги, моҳият эътиборига кўра, оламшумул давр бошланишининг ҳам ҳуқуқий асосини яратди.

Бунда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлари бевосита акс этаётганини эътироф этиш жоиз. Зеро бундан давлатимиз ўз танлаган йўлидан, ҳам ташқи ҳам ички сиёсатда собитқадамлигини яна бир бор ифода этгани ва бу йўл ташкилотнинг барча аъзолари учун ҳам бирдек манфаатлилиги ойдинлашади.

 

Самарқанд дунё нигоҳида

Президентимиз мақоласида “Самарқандда ШҲТ ҳаётининг янги босқичи бошланишига гувоҳ бўламиз – Ташкилотнинг таркиби кенгайиб, унинг келажак кун тартиби шаклланади ва бунда чуқур рамзий маъно мужассам” экани баён қилинган. Ҳақиқатдан ҳам асрлар қаъридан дунёнинг илм-фан, маданият марказларидан бири бўлиб, зиё таратиб турган Самарқанд бугун дунё нигоҳида. Унга талпинувчи қалблар доим яхши ният, соф тилакларни ўзида жо қилади.

Шу жиҳатдан, Самарқанд саммити пандемиядан кейин бўлиб ўтган илк йирик Евроосиё форуми бўлади, деб баралла айтиш мумкин. Сабаби ушбу нуфузли анжуманда ШҲТнинг 21 йиллик тарихида илк бора ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда. Энг муҳими, ташкилот ислоҳ қилиниб, унинг фаолиятида янги саҳифа очилади ва бу ўзгаришлар тарихда Самарқанд саммити билан узвий боғланиб мухрланади.

Бир сўз билан айтганда, Самарқанддаги саммит тинчликни таъминлашга, ташкилотга аъзо давлатларнинг ривожланишига хизмат қиладиган тадбир бўлаётгани билан аҳамияти ошиб бормоқда. Зотан, ташкилотнинг мақсади хавфсизликни таъминлаш орқали тараққиётга эришиш бўлиб, аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ечимини топмаган муаммолар, айнан, ҳамкорлик орқали ҳал қилинади.

 

Зулайхо АКРАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш