Давлатимиз раҳбари юртимизни дунёга янада танитиш, янги инвестициялар олиб кириш, тинчлигимизни барқарор ушлаб туриш мақсадида улкан ишларни амалга ошириб келмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити ҳам мана шу улуғ йўлдаги муносиб қадамлардан биридир.
ШҲТ ҳамжамияти доирасидаги ҳамкорлик, ўзаро манфаатли келишувлар аввало халқимизнинг турмуш фаровонлигига хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлади, деб ўйлайман. Шу нуқтаи назардан юртдошларимиз муҳим ва тарихий музокаралардан катта натижалар кутмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур саммит одидан эълон қилинган, фикр-мулоҳаза ва таҳлилларни ўз ичига олган мақоласини ўқиб, тўғриси, руҳландим. Мақолада Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг босиб ўтган йўли, имкониятлари ва истиқболлари барча учун тушунарли, аниқ ва батафсил баён қилинган. Ҳозирги даврда дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорлик эканлигига урғу берилади.
Дарҳақиқат, барчамизга аёнки, бугунги кунда қатор халқаро ташкилотлар халқаро ҳуқуқ нормаларининг маълум маънода ишламаётганлиги боис ўз нуфузини кундан-кунга йўқотиб бормоқда. Шундай вазиятда ШҲТга қизиқиш билдираётган ва унга аъзо бўлиш истагидаги давлатларнинг ортиб бораётганлиги ижобий тенденция. Самарқанд саммити ШҲТнинг трасформация ва юксалиши учун туб бурилиш давринининг дебочаси дейиш мумкин.
Мазкур анжуманда мамлакатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларни енгиб ўтиш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни рағбатлантириш юзасидан янги эшиклар очилиши кутилмоқда.
Албатта, ушбу саммитда юртимизнинг янада ривожланишига куч берадиган қарорлар қабул қилинишига ишонаман.
Ўрол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.