Давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш турли халқлар орасида дўстлик, ҳамжиҳатлик муносабатларини ривожлантиришда долзарб аҳамият касб этади. Очиқ мулоқот, ҳамкорлик муҳити нафақат мамлакатлар, асосийси, одамларни бир-бири билан яқинлаштиради. Самарқандда ўтаётган ШҲТ саммити шу нуқтаи назардан ҳам жуда муҳимдир.
ШҲТнинг мақсад-муддаоси ҳам аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Самарқанд шаҳрида ўтаётган йирик сиёсий халқаро тадбир – ШҲТ саммити фақат аъзо давлатлар, минтақа учунгина эмас, халқаро ҳамжамият учун ҳам катта аҳамиятли бўлади.
Бир нечта давлат раҳбарлари иштирок этаётган ушбу нуфузли саммитда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларда самарали ҳамкорлик масалалари муҳокама марказида бўлади.
Сир эмаски, ер юзининг сайқали, қадимий Самарқанд дунё ҳамжамияти ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган тарихий шаҳардир. Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу афсонавий шаҳар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятли янги саҳифа очишига шубҳа йўқ. Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган.
Бугун Самарқанд минтақавий ривожланишга пойдевор қўяётган тарихий мулоқот майдонига айланаётгани шу юрт фуқароси сифатида барчамизни бирдек қувонтиради. Президентимиз айтганидек, “Самарқанд руҳи бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишга туртки берган “Шанхай руҳи”ни уйғун равишда тўлдириб туради”.
Саммит доирасида муҳим концептуал ҳужжатлар, жумладан, ШҲТнинг тадрижий ривожини янги босқичга олиб чиқувчи ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқанд декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.
Таъкидлаш керакки, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорлик учун катта майдон вазифасини ўтайдиган ушбу саммит Ўзбекистон дипломатияси тарихида ҳам муҳим ўрин эгаллайди.
Барча аъзо давлатлар манфаатларини юқори тутган ҳолда, айтиш мумкинки, мамлакатимизнинг фаол, очиқ ва дўстона ташқи сиёсати, амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлари саммит ишининг самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суришдадир. Ушбу тамойил эса Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор мақсадларга тўлақонли ҳамоҳанглиги билан янада аҳамиятлидир.
Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд саммитида сайёрамиз тинчлиги ва хавфсизлиги, дунё мамлакатлари тараққиётига эришига қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Анвархон Темиров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.