Ўзбекистон тинчлик ва барқарорлик ташаббускори

 

Шу кунларда Самарқандда юқори даражада ўтаётган музокараларни кузатиб, Ватанимиз кейинги йилларда ташқи сиёсатда катта ютуқларга эришгани, халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаганидан қувонмоқдамиз. Кўз олдимизда янги тарих яралмоқда.

Юртбошимизнинг ШҲТ саммити олдидан эълон қилинган мақоласини ўқиб, қанчалик узоқни кўргувчи, тинчликсевар, инсонпарвар эканликларига яна бир карра амин бўлдим.

Дунёдаги қийин ижтимоий-сиёсий вазиятни чуқур таҳлил қилиниб, уларга ечим топишда Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик тамойилларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш билан ёрдам бериши кўрсатиб ўтилган.

Бугун дунёнинг турли нуқталарида кузатилаётган таҳдидлар фонида Самарқанд саммитидан бутун дунё кўп нарса кутмоқда.

Дунё ўзгармокда, шу билан бирга, Ўзбекистон ҳам ўзгарди, айниқса, бугунги Ўзбкистонни беш-олти йил олдингиси билан таққослаб бўлмайди. Мамлакатимизнинг мавқеи ҳам, таъсир кучи ҳам ортди.

Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал миқёсдаги муаммоларни ечишга интилиши ШҲТ доирасидаги тадбирларда ҳам яққол намоён бўляпти. Нафақат аъзо давлатлар, балки кузатувчи, ҳамкор, меҳмон, умуман, барча иштирокчи мамлакатларни бир жойга тўплаб, зиддиятларни бартараф этиш, уларнинг бошини қовуштириш мезбон Ўзбекистонга маъсулият юклайди, катта дипломатик маҳоратни талаб этади, албатта. Бу ўз-ўзидан бўлмайди, бунинг учун давлатнинг обрўси юқори бўлиши керак.

Халқимиз азалдан тинчлик, барқарорлик тарафдори бўлиб келган, ҳозир давлатимиз эзгу ғоялар халқаро даражада қўллаб-қувватланиши учун ташаббускор ҳам бўлмоқда. Самарқанд саммити зиддиятли ҳолатлар бартараф этилишига, келажакка, яхшиликка хизмат қиладиган келишувларга келинишига ёрдам беради, деб умид қиламиз.

 

Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш