ШҲТ цивилизациялараро мулоқот ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун истиқболли платформа ҳисобланади. Ушбу йўналишнинг долзарблиги дунёда ишончсизлик ва антагонистик кайфиятларнинг кучайиб бораётган шароитда, айниқса, ортаётир.
Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари тизимида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти очиқ, прагматик ва кенг кўламли манфаатли ҳамкорлик йўлини амалга ошириш нуқтаи назаридан кўп томонлама платформа сифатида ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бинобарин, мамлакатимизнинг ШҲТга нисбатан замонавий стратегияси ташаббускорлик, конструктивлик, прагматизм ва ҳамкорликка очиқлик каби асосий тамойилларга асосланади. Ўзбекистон, аввало, барча иштирокчи мамлакатларнинг ҳаётий манфаатларига жавоб берадиган истиқболли йўналишларда амалий ҳамкорликни ошириш орқали унинг эволюцияси янги шароитида ташкилотнинг салоҳиятини тўлиқ очиб беришдан манфаатдордир.
Давлатимиз раҳбари 2017 — 2021 йилларда ўтказилган ШҲТ саммитларида кўплаб долзарб ташаббусларни илгари сурди. Энг муҳими, ушбу таклифлар ШҲТнинг “йўл хариталари”, меъёрий-ҳуқуқий, дастурий ва концептуал ҳужжатлари доирасида, шунингдек, кўп томонлама ҳамкорликнинг янги механизмлари шаклида изчил амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон ташкилотга раислиги остида 80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. Улар нафақат ШҲТда ўрнатилган ҳамкорлик йўналишларини, балки минтақалараро савдо, саноат кооперацияси, инновациялар, камбағалликни қисқартириш, рақамли трансформация ва бошқа соҳалардаги шерикликни ривожлантириш каби янги йўналишларни ҳам қамраб олади.
Президентимиз томонидан Ўзбекистон раислиги даврида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида 14 та янги концептуал ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилди. Улар ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик соҳаларини мазмунан бойитиш ва институционал кенгайтиришга қаратилган.
Ўз навбатида, ШҲТ доирасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича Тошкент томонидан фаол илгари сурилган ташаббуслар ташкилотнинг кенг ҳудудида улкан транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган.
Ушбу саъй-ҳаракатлар орқали Ўзбекистон ўз ҳамкорлари билан биргаликда ШҲТ имкониятларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой, Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар, Ланчжоу — Қашқар — Иркештом — Ўш — Андижон — Тошкент — Мари ва ҳозирги геоиқтисодий шароитда ўзига хос стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа транспорт йўлакларини амалиётга татбиқ этишни жадаллаштириш ниятида.
Бу лойиҳаларнинг рўёби Евроосиё минтақасидаги давлатларнинг ўз маҳсулотларини Хитойдан тортиб, Европагача бўлган улкан ҳудудда арзон ва қулай тартибда ташиш имкониятларини кенгайтиради. Давлатимиз раҳбарининг кеча Самарқанд шаҳрида Қирғизистон президенти Садир Жапаров, ХХР раиси Си Цзиньпин, Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий билан учрашувларида ҳам ана шу транспорт-транзит йўлакларини тезроқ ишга тушириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг ШҲТ маконидаги ўзаро боғлиқлик стратегияси Афғонистоннинг бутун Евроосиё учун ноёб иқтисодий ва транзит ролини тиклашга ҳам хизмат қилади. Афсуски, дунёда юз бераётган айрим воқеалар туфайли халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонга бўлган эътибори бир оз сусайди.
Бугунги воқелик ШҲТдан янада аниқ ҳаракатларни амалга оширишни ва Афғонистонни минтақавий ташаббусларга, шу жумладан, инфратузилма лойиҳаларига жалб этишни талаб қилади. Шу боис ШҲТ доирасида Афғонистоннинг урушдан кейинги ривожланиш стратегиясига доир консолидациялашган ёндашувларни ишлаб чиқиш, табиийки, мамлакатимизнинг ташкилотга раислигидаги асосий устувор йўналишлардан бири бўлди.
Ўтмишда ҳам “тарих маржонидаги дур” – Самарқанд кўп асрлик ўтмишни бошидан кечириб, ўзининг бетакрорлиги билан Ўзбекистон деб аталмиш юртнинг қанчалар ажиб, саховатли ва улуғвор эканлигини дунёга тарранум этмоқда.
Умуман, Самарқанднинг ноёб мероси ва унинг янги бунёдкорлик қудрати ШҲТнинг ишонч, ўзаро манфаат, тенглик, маданиятлар хилмахиллигига ҳурмат билан ёндашиш ва муштарак тараққиёт тамойилларига тўла мос келади. Самарқанд саммитида ташкилотни янада ривожлантириш учун тарихий аҳамиятга эга бўлган қатор муҳим қарорлар қабул қилинади.
Саммит кун тартибидаги асосий масалалардан бири ШҲТни янада кенгайтириш ҳисобланади. ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун Эрон Ислом Республикасининг мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзолашга тайёр. Ҳужжат амалда ушбу йирик Яқин Шарқ мамлакатининг ташкилотга тўлиқ аъзо бўлишига йўл очади.
Ишончимиз комилки, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги сарҳисоб қилинадиган Самарқанд саммити йирик сиёсий ва дипломатик форум ва ташкилотнинг кейинги эволюцияси йўлидаги муҳим қадам сифатида тарихга муҳрланади. Зеро, самарали халқаро ҳамкорлик дунёни барқарор, ишончли ва фаровон қилади.
Ойбарчин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.