ШҲТ саммити: кутилган юксак натижалар ўзини оқлади

 

Якунланиб бораётган йил жаҳон тарихида чуқур из қолдирадиган турли салбий воқеликлар, қарама-қаршиликлар ва ўткир минтақавий можаролар кучайган йил бўлди. Айниқса, давлатлар ўртасида доимий мулоқот йўқлиги ва ишонч инқирози кучайганлиги жаҳондаги барқарорлик ва тараққиёт йўлидаги кўплаб муаммоларни кескинлаштирди.

Ушбу таҳликали замонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити жаҳонда халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича йилнинг энг муҳим ва энг самрали сиёсий воқеаси бўлди. ШҲТ тарихида биринчи марта Самарқанд саммитида 14 давлат раҳбари ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этди ҳамда ушбу саммит йилнинг энг йирик халқаро анжумани сифатида давлатлар ўртасида дарз кета бошлаган ишончни тиклаш, очиқ ва самимий мулоқот, ўзаро тушуниш тамойилларига асосланган ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим қадам бўлди.

Албатта, жаҳон аҳамиятига эга бўлган катта анжуманда иштирокчиларнинг бундай кенгайтирилган вакиллик таркиби ва уларнинг ҳар бирининг шахсий иштирокини таъминлаш осон иш эмас. Мазкур натижага эришилганлиги Янги Ўзбекистоннинг жаҳондаги юқори нуфузидан ҳамда халқаро ташкилот ва давлат раҳбарларининг Президент Шавкат Мирзиёевга бўлган шахсий хурмат ва ишончидан далолат беради.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Саммитда стратегик аҳамиятга эга бўлган 44 ҳужжат имзоланди ва уларнинг аксарияти Ўзбекистон томони ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик концепциялари, ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланиш, қайта тикланадиган энергия манбалари, инфратузилмани ривожлантириш, саноат кооперациясини рағбатлантириш, рақамли саводхонликни ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик дастурлари, шунингдек, ҳудудлараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси ва юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда ҳамкорлик қилиш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди. Мазкур хужжатларни қабул қилиниши келгусида нафақат маълум бир минтақанинг ривожланишига, балки жаҳондаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни барқарорлаштиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Саммитнинг асосий якуний ҳужжати, яъни иштирокчи давлатларнинг энг муҳим минтақавий ва глобал муаммолар бўйича мужассамлашган позицияларини акс эттирувчи Самарқанд декларациясига эътибор қаратадиган бўлсак, ушбу хужжатда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, маданий мулоқотни чуқурлаштириш билан бир қаторда, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Шу билан бирга, ШҲТ доирасида имзоланган ҳужжатлардан ташқари, давлат раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарларининг икки томонлама учрашувларида ҳам транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш масаласида қатор муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, минтақа ва жаҳон иқтисодиётини янада ривожлантириш учун кучли рағбат бўладиган Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама шартнома имзоланди. Ушбу келишув бутун Марказий Осиёнинг транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, ривожлантириш ва минтақани жаҳон иқтисодиёти билан боғлаш учун стратегик аҳамиятга эга бўлади.

Дарҳақиқат, мамлакатда аҳоли даромадларини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, ушбу маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиш орқали кўп томонлама ташқи савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда транспорт алоқаларининг ўрни муҳим аҳамиятга эгадир.

Самарали транспорт тизими ташқи бозорда маҳсулотлар ҳаракатини оптималлаштириш орқали товар ва хизматларнинг харидорлар учун сифатли, арзон нархларда етказилишини таъминлайди. Ушбу ҳолат ташқи бозорда мамлакатнинг иқтисодий рақобатбардошлигини оширади, мамлакат иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви жараёнига ижобий таъсир қилади. Шу билан бирга, транспорт тизимидаги кичик узилишлар ишлаб чиқаришдаги катта йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Айниқса, ўз олдига катта мақсадларни қўйган Ўзбекистон учун самарали транспорт йўлакларини ташкил қилиш жуда муҳим, стратегик масаладир. Тарихга назар ташласак, Ўзбекистон ҳудуди асрлар давомида Европа ва Oсиёни туташтириб турувчи, “Буюк ипак йўли” номи билан машҳур бўлган савдо сотиқ йўлининг маркази бўлиб келган. Вақт ўтиши билан денгиз транспортининг ривожланиши, юксалиш нуқталарининг Европа ва Америка қитъаларига кўчиши ҳамда бошқа кўплаб омиллар сабаб ушбу савдо-сотиқ йўлининг аҳамияти пасайган.

Бугунги кунга келиб, Осиё давлатлари шиддат билан ривожланмоқда, уларнинг жаҳон бозоридаги ўрни, мавқеи тобора ошиб бормоқда. ШХТнинг аъзоси бўлган ва дунё аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил қилган Хитой ва Ҳиндистонни ривожланиши, уларнинг жаҳон бозорига таъсири ошиб бориши янги, замонавий Буюк ипак йўлига эҳтиёжни кучайтирмоқда. Бу эса “Буюк ипак йўли”нинг қоқ марказида жойлашган ва жадал ривожланаётган Ўзбекистон учун Европа ва Осиёни боғловчи кўприк сифатида ўз мавқеини янада мустаҳкамлаш, жаҳон бозорига ўз маҳсулотлари, хизматлари билан чиқиш учун катта имконият яратади.

Мамнуният билан қайд этиш керакки, Самарқандда ўтказилган саммитидан кутилган натижалар тўлиқ ўзини оқлади. Саммит минтақамиз ҳамда дунёда хавфсизлик ва иқтисодий-ижтимоий тараққиётни таъминлашга, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг жаҳондаги нуфузини янада мустахкамлашга салмоқли ҳисса қўшди.

 

Улуғбек Вафаев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш