Тарихий натижаларга замин яратилди

 

ШҲТнинг Самарқанд саммити пандемиядан кейин дунёда ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, эзгу ташаббусларни амалга ошириш қанчалик муҳимлигини кўрсатди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаган “Самарқанд руҳи” музокаралар, имзоланган ҳужжатларда ўз аксини топди.

Ушбу сиёсий тадибрга жуда катта тайёргарлик кўрилди. Давлатимиз раҳбари саммит ҳақида ёзган мақоласида, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги нутқида ҳам ташкилот олдида турган муҳим устувор вазифаларга урғу берди. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар ШҲТнинг янада ривожланишига, дунёда ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилади.

Президентимиз бир қатор муҳим ташаббуслар билн чиққани саммит иштирокчиларида катта тассурот қолдирди. Хавфсизликни таъминлаш учун ўзаро бирдамликда конструктив мулоқотга ўзаро ҳурмат орқали эришиш мумкинлиги ҳақидаги фикр алоҳида эътиборга молик, деб ўйлайман.

Айниқса, ШҲТ маконида келгуси йили туризмни ривожлантириш йили деб эълон қилиш, ШҲТ доирасида университет ректорлари форумини, туризм кунларини, спорт тадбирлари, универсиадаларни таъсис этиш тўғрисидаги таклиф ва ташаббуслар ортида жуда катта мазмун ва моҳият бор. Ташкилотга аъзо давлатларда жуда катта нуфузга эга бўлган таълим университетлари бор. Университетлар ва таълим ходимлари орасидаги ўзаро муносабат келгусида аъзо давлатлар учун манфаатли бўлишига ишонамиз.

Давлатлар ўртасида туризмнинг ривожланиши эса янги, барқарор иш ўринлари яратилишига катта замин яратади. Қаерда туризм ривожланса, шу жойда маънавият ривожланади, инвестициялар эркин ҳаракатланади. Бизнинг тарихимиз, маънавий қадриятларимиз ҳақида бошқа мамлакатлар халқлари ҳам яқиндан хабардор бўлади.

Ҳеч бир соҳа инсонларни спортчалик бир-бирига тез яқинлаштира олмаса керак. Шундай экан, давлатимиз раҳбарининг спорт мусобақаларига, универсиадалар ўтказилишига урғу бераётгани ҳам келажакда улкан натижалар келтиради. Бу мамлакатларимиз ёшларининг ўзаро муносабатини яхшилашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур саммит нафақат ижтимоий-сиёсий, шу билан бирга, илмий, маданий алоқалар ҳам ривожланиши учун янги имкониятларни яратиб беради. Бу борада давлатимиз раҳбари илгари сурган фикр ва ташаббуслар аъзо давлатлар халқларининг дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш