“Самарқанд бирдамлик ташаббуси” қўллаб-қувватланди

 

Қўҳна Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТнинг навбатдаги саммити бутун дунё нигоҳида “Йил воқеаси” сифатида юксак баҳоланмоқда. Эътироф этиш жоизки, бу дунёдаги энг йирик минтақавий тузилманинг асосий анжумани – янги таклифлар муҳокамаси, ташкилотнинг келгуси ривожланиш стратегияси белгилаб олинган тарихий саммит бўлди.

Саммитнинг баланд руҳи билан айнан шу нуқтадан, Самарқанддан ШҲТнинг учинчи ўн йиллик янги босқичи бошланди. Ташкилот ҳамкорликнинг кўплаб устувор вазифаларини ҳал қилиши керак. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича қатор аниқ таклиф ва амалий ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Ўзбекистон келаси йили умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида “Самарқанд бирдамлик ташаббуси” халқаро форумини ўтказиш таклифи иштирокчилар томонидан мамнуният билан қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари ШҲТ маконида инқирозни биргаликда енгиб чиқиш ва барқарор ривожланишга эришиш учун иқтисодиёт, савдо ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан ўзгарувчан воқелик шароитида амалий ҳамкорликнинг самарали моделларини шакллантиришга қаратилган кенг форматли ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини бошлаш ташаббуси илгари сурилди.

ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома қоидаларини 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс ҳаракатлар режаси, ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича концепцияси, ҳамкор давлатларнинг ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “йўл харитаси” каби муҳим ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши - бу бешлик таркибидаги халқларнинг ўзаро жипслиги, якдиллиги, аҳиллигининг ҳуқуқий кафолати сифатида баҳамжихат бўлиб амалга ошириладиган эзгу ишларга дебоча бўлиб хизмат қилади.

ШҲТ доирасида ахборот-коммуникация технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағалликни қисқартириш каби соҳаларда ҳамкорликнинг бир қатор янги формат ва механизмлари ишга туширилди.

Музокаралар якунлари бўйича рекорд миқдордаги ҳужжатлар – 40 дан ортиқ битим, концепция, дастур ва бошқа қарорлар қабул қилинди, улар ШҲТ фаолиятининг истиқболли йўналишлари бўйича ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги амалий мазмун билан тўлдиришга хизмат қилади ҳамда ҳамкорлик ташкилотининг географик қамрови қанчалик кенгаяётгани, тобора нуфузи ортаётганига яққол далил бўлди. Тузилма ўз тадрижий тараққиётининг ислоҳотлар босқичига Янги Ўзбекистон ташаббускорлигида қадам қўйиши раислик зиммасида турган бурчнинг шарафли адо этилишига замин ҳозирлади.

Саммитнинг асосий якуний ҳужжати – Самарқанд декларациясида ШҲТ давлатларининг минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал қилишдаги умумий ёндашувлари ўз аксини топган, ташкилотни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Ер юзининг диққат марказидан ўрин олган йирик саммит ниҳоятда юқори даражада, баланд руҳда ўтди ва бу юксак улуғворлик Самарқанд руҳиятида узоқ яшайди.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш