ШҲТ фаолиятида янги саҳифа очилди

 

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанд саммити айни пайтгача ташкилотнинг давлат раҳбарлари кенгаши томонидан ўтказилган мажлисларнинг энг сермаҳсули бўлди, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Маълумки, Ўзбекистон шу пайтгача ШҲТга уч марта (2003-2004, 2009-2010 ҳамда 2015-2016 йилларда) раислик қилган. Бу галги тўртинчи (2021-2022 йиллардаги) раислиги қизғин, самарали кечганлиги, мазмундорлиги ва натижадорлиги билан аҳамиятли бўлди.

Аввало, саммит кенг форматда ўтказилгани, унда қабул қилинган ҳужжатлар кўлами катталиги етук мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Президентимизнинг яқин қўшнилар ва давлатлар билан олиб бораётган очиқ, прагматик ҳамда конструктив мулоқоти ушбу саммитнинг юксак даражада ўтишига асос бўлганини таъкидлаш зарур.

Шунинг учун ҳам ташкил этилганидан бери илк бор ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш ва модернизация қилиш тўғрисида тарихий қарорлар қабул қилинди. Энди ушбу қарорлар ташкилотнинг янада жозибадорлиги ошишида, кенг қамровда, замон билан ҳамнафас фаолият олиб боришида дастурул амал бўлади.

Мамлакатимиз етакчиси томонидан ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан аниқ таклифлар ва амалий ташаббуслар илгари сурилди.

Эътиборлиси, мазкур мулоҳаза ва таклифлар барча дунё давлатларини бирдек ташвишга солаётган таҳдидлар, хусусан, ўзаро ишонч, хавфсизликка таҳдид, иқтисодий нобарқарорлик, қашшоқлик, озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози, экологик таҳдид ва хатарларга ҳамкорликда курашишга чақириқ бўлди. Яхшилаб мушоҳада юритсак, таклифлар ҳаётий бўлиб, ҳақиқатдан ҳам, бугун инсоният ҳаётига катта хавф солаётган ўткир муаммоларни ҳал этишга қаратилган.

Бир сўз билан айтганда, Самарқанд саммити мамлакатимизнинг сиёсий қудратини, имкониятларини, салоҳиятини яна бир бор бутун дунёга намоён этди, албатта. Бу эса инвестициявий жозибадорликни, дунё давлатларининг мамлактимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишини ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон саҳнасидаги ижобий имиджини юксалтиришга хизмат қилади. Самарқанд саммити ШҲТ фаолиятида янги саҳифа очди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш