Яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланади

 

Ҳар қандай халқаро ташкилотнинг нуфузи ва аҳамияти унга дунёда берилаётган эътибор ва фаолиятининг самарадорлиги билан белгиланади. Самарқанд саммити ШҲТ ана шундай нуфузли халқаро ташкилотга айланганини кўрсатди.

Ушбу ташкилотнинг халқаро муносабатлар тизимида тутган ўрни йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Унинг халқаро майдондаги таъсири ўсиб бориши билан минтақадаги бошқа давлатларнинг ҳам мазкур ташкилот фаолиятида иштирок этишга бўлган қизиқишини оширди. 2017 йилда ШҲТ сафи икки янги иштирокчи – Ҳиндистон ва Покистон билан кенгайди. Эроннинг аъзолиги масалалари самарали ҳал этиляпти. 6 мамлакат мулоқот бўйича ҳамкорлар саналади (Туркия, Озарбойжон, Непал, Шри-Ланка, Камбоджа, Арманистон).

"Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти сиёсий ёки ҳарбий блок эмас, балки очиқ, кенг минтақавий ва глобал ҳамкорлик тарафдори, унда барча иштирокчилар тенг ва бир-бирларининг манфаатларига ҳурмат билан қарайди. Қолаверса, шаклланаётган янги дунёда ШҲТ бугуннинг ва келажакнинг чақириқ ва таҳдидларига қарши самарали мулоқот механизми бўлиши керак", дея таъкидлади Президентимиз Самарқанд саммитига бағишланган мақоласида.

Ташкилот доирасидаги ташаббусларда нафақат хавфсизлик, балки иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида урғу берилмоқда.

Хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир. Айнан инқироз ва бўҳронлар даврида ҳар бир мамлакат асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратишлари лозим. Яъни, бу борада яхши қўшничилик, ўзаро бир-бирини тушуниш, мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари муҳим ўрин тутади.

ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларациясида ҳам шу масалаларга алоҳида урғу қаратилди. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома қоидаларини 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс ҳаракатлар режаси тўғрисидаги банди юқоридаги масалалар ечимида муҳим аҳамият касб этади.

Айтиш керакки, самарали халқаро ҳамкорлик – бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади.

Яхши қўшничилик, мустаҳкам ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларни енгиб ўтиш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни рағбатлантиришга ёрдам беради. Кўп томонлама фаолиятга асосланган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти айнан мана шундай мақсад ва вазифаларни кўзлайди.

 

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш