Ўзбекистон дунёда тинчлик, барқарорликни асраш, давлатлар ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш жараёнларида фаол иштирок этишга тайёр экани ШҲТнинг Самарқанд саммитида яққол исботини топди. Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган фикр ва ташаббуслар ҳам буни тасдиқлади.
Самарқандда бўлиб ўтган муҳокамаларда турли хил манфаат ва қарашларга эга бўлган, айрим маслаларда ҳатто ўзаро зиддиятда бўлган давлатларнинг раҳбарлари иштирок этиши давлатимиз раҳбарининг халқаро майдонда муносиб мавқега эга эканини кўрсатди.
Бу саммит ҳамкорлик, мулоқот янги даражага кўтарилган, аъзо давлатлар келажаги учун муҳим қарорлар қабул қилинганлиги билан тарихда қолади. Маълумки, саммитда ШҲТнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича принципиал қарорлар қабул қилинди. Уларнинг барчаси давлатлар ва халқларимиз ўртасида ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хусусан, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида хизматлар савдоси соҳасидаги ҳамкорликнинг асослари, ШҲТ мамлакатларини инфратузилмавий ривожлантириш дастури иқтисодий алоқаларни янги даражага олиб чиқади. Ҳозирги кунда иқтисодий-ижтимоий муносабатларда ишлаб чиқариш билан бирга, хизматлар ва инфратузилмани ривожлантириш катта аҳамият касб этади.
Кейинги йилларда аъзолар давлатлар ўртасида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кўплаб ютуқларга эришилди. Марказий Осиё давлатларида ўзаро алоқалар, борди-келди тубдан яхшилангани ва бу жараёнда Президентимиз юритаётган очиқ прагматик сиёсат муҳим таянч бўлаётганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Пандемия тиббиёт соҳасини изчил ривожлантириш, давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимлари орасида доимий хабардорлик ва ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини кўрсатди. Коронавирус ва бошқа юқумли касалликларга қарши самарали курашда ШҲТга аъзо давлатларнинг тиббиёт ташкилотлари ўртасида юқумли касалликларни профилактика қилиш ва даволаш масалаларида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” муҳим ўрин тутади.
ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодиёти бир-бирини тўлдириш хусусиятига эгалиги ҳисобга олинса, саммитда қабул қилинган минтақа ичида савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси кўплаб янги имкониятларни очиб беради. Бунинг учун аъзо давлатларни бир-бири билан чамбарчас боғлашга хизмат қиладиган режа ва лойиҳаларни муваққиятли амалга ошириш талаб этилади.
Ташкилотга аъзо давлатлар географик жиҳатдан бир-бирига яқин бўлса-да, шу вақтга қадар иқтисодий, савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш, илмий-маданий алоқалар етарли даражада ривожланган, деб айта олмаймиз. Саммитда Президентимиз илгари сурган аксарият ташаббуслар ана шу муаммоли ҳолатларни бартараф этишда, ҳамкорликнинг янги йўналишларини яратишда ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Буларнинг барчаси аъзо давлатларнинг манфаатларига, халқларимиз фаровонлигига янада кенг йўл очади. Иш ўринлари барқарорлиги ва аҳолининг реал даромадлари ошиши кафолати янада мустаҳкамланади. Шу тариқа давлатлардаги ижтимоий масалалар бир-бирига боғлиқ тарзда ечим топади.
Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд саммитида илгари сурилган таклиф-ташаббуслар, қабул қилинган қарорлар халқимиз манфаатлари ва истиқболига хизмат қилади.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.