Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши мажлислар залида Партиянинг 2022 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурининг 8 ойлик ижроси таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, масъул ходимлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчилари ва бошқалар иштирок этди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари- М.А.Варисова 2022 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурининг 8 ойлик ижроси мониторинг қилинганда, бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланганини такидлаб ўтди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда партиянинг Сайловолди дастурида назарда тутилган вазифалар янада аниқлаштирилган ва уларни амалга оширишда партия Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари иштироки белгиланган бўлишига қарамасдан унинг ижроси юзаки бўлиб, номигагина ахборот тақдим этилганига ҳам эътибор қаратилди. Минтақавий партия кенгашлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигига мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурида белгиланган масалаларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англамаганлиги натижасида режалаштирилган масалалар ўз ечимини топмаслик ҳолатлари кузатилганлиги ҳам таъкидланди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Боймурат Юсупов Ҳаракат дастурида белгиланган мақсадларни амалга ошириш бўйича 2022 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурининг 8 ойлик ижроси юзасидан худудлар кесимида тўлиқ ахборот бериб, йўл қўйилган камчиликлар, ечимини топмаган масалаларни бирма-бир санаб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ЎзХДП Фракцияси Ижрочи котиби Ж.Кабиржанов- Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фракцияси депутати ёрдамчиларининг иш фаолиятини такомиллаштириш борасида амалий тавсиялар бериб ўтди.
Ҳаракат дастурида белгиланган мақсадларини Қорақалпоғистон республикасидаги ижроси бўйича амалга оширилган ишлари хусусида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси Х.Ешимбетов, Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати, Жиззах вилояти партия кенгаши раиси Н.Холматовлар маъруза қилишди.
Йиғилишда шунингдек, Партия томонидан аҳоли билан доимий мулоқотни йўлга қўйишда минтақавий партия кенгашлари амалга ошираётган сайёр қабулларнинг ўрни, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида таклиф, ташаббуслар тингланди.