Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммитида муҳим масалалар муҳокама этилиши билан бирга, Ўзбекистоннинг раислиги ҳам сарҳисоб қилинди. Иштирокчилар Ўзбекистоннинг ташкилот доирасидаги амалий ҳамкорликни фаоллаштириш, унинг салоҳияти ва халқаро нуфузини оширишга қаратилган фаолиятига юксак баҳо бердилар.
Ташкилот фаолиятининг барча соҳаларида кўплаб ташаббуслар амалга оширилди. Пандемия ва глобал инқироз оқибатларига қарамасдан, раислик режасини биргаликда тўлиқ амалга оширишга эришилди. 80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижалари қабул қилинган 40 дан ортиқ ҳужжатда ўз ифодасини топди.
Дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан кўплаб таҳдидлар кучайди. Иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби замонамиз муаммолари барқарор ривожланиш учун жиддий хавф туғдирмоқда. Ўзаро ишонч, адолат ва ҳамжиҳатликка талаб глобал миқёсда тобора ортиб бормоқда.
Шу муносабат билан очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб этилмоқда. ШҲТ фаолияти шундай мулоқотни амалга ошириш мумкинлигини дунёга намоён этди. ШҲТ очиқлик ва блокларга қўшилмаслик тамойилларига қатъий содиқлиги туфайли иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаб, халқаро ҳамкорликни муваффақиятли тарзда чуқурлаштирмоқда. ШҲТ таркиби кенгайиб, шериклик муносабатлар ривожланиб бормоқда.
Саммитда биринчи навбатда Эрон Ислом Республикасининг Ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш тўғрисидаги меморандумларга эришилди. Бундан ташқари, Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт Давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш бўйича жараёнларни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
ШҲТнинг географик қамрови кенгаяётгани ўз мисолида самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатларни намойиш этаётган ташкилот фаолиятининг долзарблигини яна бир тасдиқлади.
Ишончимиз комилки, саммит доирасида қабул қилинган қарорлар мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлигига, айни пайтда, ташкилот нуфузининг юксалишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.