Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир нечта қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Фракция аъзолари “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишди.
Мамлакатимизда аҳолининг, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга, ижтимоий адолат тамойилларидан келиб чиқиб моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, турмуш даражасини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. «Инсон қадри учун» тамойили асосида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларининг самарадорлиги қайта кўриб чиқилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси фуқароларнинг пенсия таъминоти соҳасидаги қонун ҳужжатларини амалиётда қўллашда юзага келаётган турли хил ёндашувлар, коррупциянинг олдини олишга ва ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадларини оширишга, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолашга, шунингдек пенсия миқдорини кўпайтиришга қаратилган.
Хусусан, 37-модда I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги ишланган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланиши ҳақидаги меъёр билан тўлдирилмоқда. Фракция аъзолари қонун лойиҳаси Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига ҳамоҳанглигини ва партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишда яна бир муҳим ҳужжат бўлишини эътироф этган ҳолда лойиҳани маъқулладилар.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Маълумки, кейинги йилларда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ишлаб чиқилди, дарахт ва буталар кесилишига мораторий жорий қилинди. Шунга қарамасдан, айрим шахсларнинг ўсимлик дунёсига нисбатан ноўрин ҳатти-ҳаракати, дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатлар умумэкологик вазиятнинг ёмонлашишига олиб келмоқда. Қонун лойиҳасида дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга, йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун жавобгарлик белгиланаётган бўлиб, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача жаримага солиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, қонунга хилоф равишда дарахтларни кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш борасидаги хуқуқбузарликка нисбатан белгиланган маъмурий санкциялар кучайтирилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг бугунги глобал иқлим ўзгаришлари шароитида нақадар муҳимлигини эътироф этиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг атроф-муҳит муҳофазасига, хусусан, ўсимлик дунёсига бўлган масъулиятини оширишга хизмат қилишини таъкидлашди. Баъзи моддаларни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилгач, лойиҳа маъқулланди.
Фракция йиғилишида шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш. Ғаниевга «Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур доирасида олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида» Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш масаласи ҳам муҳокама қилинди ва ташаббус қўллаб-қувватланди.