Ҳамкорлик инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади

 

Жорий йилнинг энг нуфузли сиёсий воқеаси ШҲТнинг Самарқанд саммити ташкилотга аъзо давлатларнинг ички ва ташқи сиёсатида тараққиёт учун муҳим йўналишларни белгилаб олишга хизмат қилди.

Саммитда қабул қилинган 40 дан ортиқ қарорларнинг асосий ташаббускори давлатимиз раҳбари эканлиги қувонарли. Глобаллашув жараёнлари, қолаверса, пандемия билан боғлиқ вазиятда таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиётни рақамлаштиришнинг аҳамияти нечоғли зарурлигига барчамиз амин бўлдик.

Инсон капиталини ривожлантириш, ихтисослашган таълимни ривожлантириш, IT-соҳасидаги касбларни оммалаштириш, IT-корхоналар учун институционал шароитларни яхшилаш ва маъмурий тўсиқларни камайтириш бўйича ислоҳотлар мамлакатимизда аллақачон бошлаб юборилган. Эндиликда бу йўналишдаги ҳамкорлик ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ҳам жадал ривожланади. Рақамли саводхонликни ривожлантириш бўйича ШҲТ дастури қабул қилинди ва бу барча соҳадаги алоқаларни мустаҳкамлашга, аъзо давлатлар фуқароларининг имкониятларини оширишга хизмат қилади.

IT инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш давр талабидир. Рақамли саводхонлик жуда кенг тушунча. Бу ахборот олиш, билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш каби инсон ҳаётининг муҳим йўналишларини қамраб олади. Шунингдек, рақамли саводхонлик жамиятнинг барча йўналишлари ривожланишига, аъзо давлатлар аҳолиси ўртасида мулоқот ва дўстлик муҳити мустаҳкамланишига, янги технологияларга ижобий муносабатни шакллантиришда ҳам катта аҳамиятга эга.

Рақамли технологиялар ва рақамли иқтисодиёт бўйича бутун дунёда етакчилардан бўлган Ҳиндистон, Хитой ва бошқа давлатлардаги амалий тажрибаларни оммалаштириш орқали керакли ижобий натижаларга эришилади. Бу борадаги ҳамкорлик аъзо давлатларининг иқтисодиётини рақамлаштириш, замонавий кадрларни тайёрлаш ҳамда жаҳон бозори талабларига мос таклифларни яратишга хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, мазкур саммит доирасида қабул қилинган қарорлар мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга муҳим асос бўлади.

Қаранг, битта йўналишда қабул қилинган қарор қанча янглик ва яхшиликларга йўл очаркан. Ўйланманки, ШҲТнинг Самарқанд декларацияси ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳамкорлиги ва тараққиётини янги даражага олиб чиқади.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш