ШҲТнинг Ривожланиш стратегияси ишлаб чиқиладими?

 

ШҲТ ўз тараққиётининг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўйди. Шундай бир шароитда ҳамкорликнинг кўплаб устувор вазифаларини биргаликда ҳал этиш масъулияти турибди.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари Самарқанд саммитидаги нутқида аввало ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш муҳимлигига эътибор қаратди. Ташкилот ўз Хартиясига кўра, хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига қатъий риоя қилади.

Ўзбекистон ШҲТда Марказий Осиёнинг “географик ядроси” мақомини сақлаб қолиши тарафдори. “Шанхай руҳи” тамойиллари асосида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш яна бир асосий вазифа ҳисобланади. Фақат шу йўл билангина ШҲТ минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш мумкин.

Ушбу принципиал ёндашувлардан келиб чиқиб ва бугунги халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлашга киришиш таклифини илгари сурди. Ушбу дастуруламал ҳужжат кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олиши, ШҲТни узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашга хизмат қилади. Бунда иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш ғоят муҳимлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Кў қиррали ҳамкорлик минтақада барқарорликни таъминлаш ва мамлакатлар аҳолиси фаровонлигини оширишнинг асосий шартларидан биридир. Очиқ кўриниб турибдики, кўпроқ иқтисодий барқарорликка эришиш учун минтақавий ҳамкорликнинг ишончли моделларидан фойдаланиш зарур.

Президентимиз кенг қамровли йиғилишда кўплаб муҳим ва долзарб таклифларни баён этди. Давлатимиз раҳбари, айниқса, минтақадаги геосиёсий вазиятга алоҳида урғу берди. Хусусан, мамлакатлар етакчилари эътиборини Афғонистондаги вазиятга яна бир бор тортиб, ҳозир афғон халқига кўмаклашиш ҳар қачонгидан ҳам зарур эканини таъкидлади. Қўшни давлат билан чегарадош ҳудуд - Термиз шаҳрида Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш жамғармасини тузиш ташаббуси диққатга сазовор. Зеро, таҳликали кунларни бошдан кечираётган Афғонистонни яккалаб қўйиш ШҲТ минтақасида ҳамкорлик алоқалари ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Президентимиз мажлисда яна бир муҳим таклифни илгари сурди. Яъни, кейинги йилни ШҲТга аъзо давлатларда туризмни ривожлантириш йили, деб эълон қилиш таклифи қўллаб-қувватланадиган бўлса, давлатларимиз ўртасида сайёҳлар ҳаракатланиши эркинлашади. Натижада турли давлатларда, турли маданиятларда яшайдиган одамлар бир-бирини яқиндан билади, дўстлик, борди-келди ришталари мустаҳкамланади. Бу мамлакатларнинг янада яқин ҳамкор бўлишига қўшимча асос яратади.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш