Янги Ўзбекистон педагогикаси: таянч олийгоҳни асраб қолиш заҳмати

1 октябрь — Ўқитувчи ва Мураббийлар куни!

Президентимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича 2026 йилгача мўлжалланган устувор вазифаларнинг дастлабкиси сифатида айнан таълим соҳасини белгилаб берди. Мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилиши, янгиланган тизим, аввало, хорижлик илғор мутахассислар экспертизасидан ўтказилиб, кейин ҳаётга татбиқ этилиши зарурлиги таъкидланди. Демак, англашимиз керакки, мамлакатимиз таълим тизими янги босқичга, бутунлай янгича ислоҳотлар даврига кирмоқда.

 

Мураккаб муаммолар гирдобида

Бунга етиб келиш осон бўлгани йўқ. Узоқ йиллар мобайнида тўпланиб қолган мураккаб муаммолар ҳал қилинди. Айрим ҳолларда эски хатоларни қатъият билан тузатишга ҳам тўғри келди. Яқин-яқингача, бундан 5-6 йил олдин ҳам таълим тизими ечими имконсиз масалалар гирдобига тушиб қолгандек туюларди.

Хусусан, 9 йиллик мактаб таълимига ўтиш хато бўлганини ҳаётнинг ўзи аччиқ сабоқларида кўрсатди. Ҳали дунёқараши шаклланиб улгурмаган ўқувчи мактабдан кейинги даврда кўп қийинчиликларга дуч келди. Аввало, уларнинг келажакда ким бўлиш ҳақидаги орзулари, қандай соҳа ёки касбга қизиқиши билан ҳисоблашилмади. Ҳамма ўқувчи ҳудуддаги битта коллежга, қизиқиши, эҳтиёжидан қатъи назар, кўр-кўрона жойлаштирилди.

Мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш масаласига тизимли ёндашилмаслиги фан ўқитувчиларининг етишмовчилигини келтириб чиқарди. Битта ўқитувчининг мутахассислиги бўлмаган икки ёки учта фандан дарс бериши таълим сифатининг кескин тушишига олиб келди. Ўқувчиларнинг фан асосларини ўрганишга интилишини сусайтирди.

Йиллар давомида ўқитувчиларнинг тоифалари пасайиб кетди. Уларнинг қарийб 70 фоизи шунинг эвазига кам маош оларди. Гўё бундай ишлар таълимга сарф-харажатларни оширмаслик учун атайлаб ўйлаб топилгандек бўлиб қолди. Педагогларнинг ўқувчилари билан бирга жамоат ишларига мажбуран жалб этилиши, бу ҳолат ҳар йили мунтазам такрорланиши, ойлаб давом этиши ҳар икки томоннинг ҳам ўқиб-ўрганишга иштиёқини сўндириб борди.

Коллежлардаги умумий вазият мактаблардагидан ҳам мураккаб эди. Ёшларни касб-ҳунарга ўргатиши, замонавий ва профессионал кўникмалар бериши керак бўлган коллежларнинг ўзида моддий-техник ҳолат, ўқув-услубий таъминот, педагог-ўқитувчиларнинг савияси талаб даражасида эмасди.

Барчанинг бир хил — 3 йиллик дастур асосида ўқитилиши ёшларни коллежлардан бездирди. Давомат жуда сусайиб, билим, ҳунар ўрганиш сифати пасайиб кетди. Боз устига, ўқувчиларнинг оила муҳитидан узилиб қолиши, коллежда уларга етарли шароит ва муҳит яратилмагани, оила — маҳалла — таълим муассасаси тизимининг самарасиз фаолияти оқибатида ёшлар тарбияси билан боғлиқ муаммолар ҳам ортиб бораверди.

Коллежни тамомлаб, ундан муайян касб-ҳунар эгаллаб чиқиши керак бўлган ўғил-қизлар на мустақил ишлашга, на олий таълимда ўқишни давом эттиришга тайёр бўларди.

Умумий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги камчиликлар олий таълимга, юқори малакали, замон талабларига жавоб берадиган, ватанпарвар кадрларни тайёрлашга салбий таъсир кўрсатмаслиги мумкин эмасди. Қабул квоталарининг йилдан-йилга қисқартирилгани вазиятни янада мураккаблаштириб юборди. Ҳолат шунга бориб етдики, умумий ўрта таълим битирувчиларининг 9 фоизигина олий таълимда ўқишни давом эттириши мумкин бўлди, холос.

Олий таълим муассасаларидаги педагог кадрлар малакасини ошириш, касбий ва методик тайёргарлигини такомиллаштириш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш, юқори натижаларга интилиш, илмий фаолият билан шуғулланишини қўллаб-қувватлаш масалаларида ҳам муаммолар оз эмасди.

Бугун эсласак, ўша йиллари жамиятда олий таълимнинг, билимнинг қадри, таълим муассасалари ва педагог-ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузи ҳақиқатан ҳам тушиб кетганди. Шундай пайтда таълим тизимини янада қийинроқ вазиятдан асраш учун, аввало, унинг дарду ташвишини ичидан билиш, таълим ҳақида, илм-маърифат ҳақида қайғуриш, уни ҳимоя қила олиш керак эди.

Давлатимиз раҳбарининг Янги Ўзбекистон шароитида узоқни кўра олиши, муаммоларни ҳал қилишдаги қатъий иродаси билан бугунги кунга келиб, юқорида келтирилган ва таълим билан боғлиқ барча муаммоларга самарали ечим топилмоқда.

 

 

Илм-маърифат қайғусида

2016 йили халқ таълими вазири вазифасида ишлардим. Бир куни Бош вазир қабулига чақирилдим. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўша пайтда Бош вазир эди. Мен билан бирга Бош вазир ўринбосари, олий таълим вазири ҳам етиб келган. Шундан ҳам кўриладиган масала ёки бериладиган топшириқ одатдагидан муҳим ва жиддий эканини сезиш мумкин эди.

Бош вазир бизни ўйчан кайфиятда қабул қилди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолияти бўйича Президент Ислом Каримов қаттиқ эътироз билдирганини, унинг талабаларини вилоятлардаги педагогик йўналишдаги олий таълим муассасаларига тарқатиб юбориш ва университетни ёпиш масаласи қўйилганини айтди. У кишининг юзидан, кайфиятидан узоқ йиллик тарихга эга, мамлакатдаги педагог кадрлар тайёрлаш бўйича таянч олийгоҳни ёпиб юбориш масаласида чуқур ўйлаб, қарор қабул қилинишини истаётгани билиниб турарди.

Ўзи яқинда Тошкент вилояти педагогика институти ёпилгани, агар таянч университет ёпилса, педагог кадрларни етказиб бериш муаммоси янада чуқурлашиши, бу ҳолат, айниқса, бутун мамлакатдаги педагогларга салбий таъсир қилиши мумкинлигини айтди.

Вазият ҳақиқатан ҳам мураккаб, ўйга толдирадиган эди: бир томонда қатъий эътироз ва топшириқлар, иккинчи томонда мамлакат миқёсида педагог кадрлар тайёрлаш масаласи турарди. Шунинг учун Шавкат Мирзиёев бизга асосланган таклифлар тайёрлаш бўйича топшириқ берди. Масалани қандай ҳал қилиш кераклиги бизни ҳам ўйлантириб қўйди.

Шу куни педагог кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ маълумотларни, мамлакатимизда педагогик йўналишда фаолият кўрсатадиган барча олийгоҳларнинг вилоятлар бўйича талабаларни қабул қилиш имкониятини таҳлил қилиб чиқдик. Бир-икки таклиф тайёрлаган бўлдик. Вазият ҳаммамиз учун жуда қалтис эди. Битта нотўғри қадам мамлакат келажаги, халқимиз маърифати билан узвий боғлиқ бўлган муҳим соҳага жиддий путур етказиши мумкин эди. Шу кеча жуда узун бўлди. Ҳаммамиз қаердандир, қандайдир нажот кутардик.

Эртаси куни керакли маълумотлар, факт ва рақамлар, тайёрлаган таклифларимизни олиб, яна Бош вазир қабулига бордик. Тақдимот қилдик, таклифларимизни, фикрларимизни билдирдик. Лекин тўғрисини айтсам, ҳеч биримиз бундай мураккаб вазиятда ечим, охирги қарор қандай бўлишини тахмин ҳам, тасаввур ҳам қилолмасдик. Шавкат Мирзиёев ҳаммамизни диққат билан тинглади, вазиятни ойдинлаштирувчи бир неча савол берди. Биз ўшанда эътибордан четда қолдирган, таклиф тайёрлашда ҳисобга олмаган жиҳатлар борлигини тушундик. Тўғриси, аҳволимиз янада оғирлашди.

Кутилмаганда Бош вазир Чилонзордаги педагогика коллежига зудлик билан етиб боришимизни тайинлади. Коллежнинг тўрт томонини айланиб, асосий ва ёрдамчи бинолар, ётоқхона, барча кириш-чиқиш йўлаклари, ертўлаларгача кўздан кечирди. Шундан сўнг ҳаммамизга иш-ишимизга қайтишимизга рухсат берди.

Орадан бир неча соат ўтиб, Шавкат Мирзиёев педагогика университети ёпилмаслиги, балки унинг фаолияти такомиллаштирилиб, ўзи бориб кўрган коллеж биносига кўчирилиши ҳақида хулосага келинганини айтиб, бир қатор кўрсатмалар берди. Шу тариқа узоқ йиллик тарихга эга, мамлакатимизда педагог кадрлар тайёрлаш бўйича таянч олийгоҳ ёпилмайдиган бўлди.

2016 йил 13 май куни Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Унда 1-Тошкент педагогика коллежининг Чилонзор тумани Бунёдкор кўчаси, 27-уй манзилида жойлашган бинолари Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига берилиши ҳамда унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун зарур маблағлар ажратилиши кўзда тутилганди.

Энг муҳими, университет мамлакатимиз узлуксиз таълим тизими ва олий таълимнинг педагогика йўналишлари учун юқори малакали педагог кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш бўйича базавий олий таълим муассасаси сифатида белгиланди.

Ўшанда коллежни кўздан кечириш жараёнида Шавкат Мирзиёев педагогика университетини бу ерга қандай жойлаштириш, шунчаки кўчириш эмас, педагогларга, талабаларга қулай шароит яратиш режасини ҳам пишитиб олганини, таълимни ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири бўлган педагог кадрларни тайёрлаш тизимини қўллаб-қувватлашни кўнглига тугиб қўйганини кейин билдик...

 

Ўзгача меҳр

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганидан кейин таълим тизимига, хусусан, педагогика йўналишидаги олийгоҳлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор, ўзгача меҳр билан ёндашаётганига гувоҳмиз.

Узоққа бормайлик, мана, жорий йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, шу йилдан бошлаб 2026 йилгача университет халқаро талабларга мувофиқ трансформация қилиниши керак. Бу бўйича комплекс ривожлантириш дастури ва мақсадли кўрсаткичлар ҳам тасдиқланиб, вазифалар белгилаб берилди. Комплекс ривожлантириш дастурида 6 та йўналишда 26 та яхлит вазифани бажариш бўйича аниқ чоралар кўзда тутилган.

Университетнинг халқаро рейтингларга киришини, узлуксиз таълим тизими билан интеграциясини таъминлаш, хорижий мутахассисларни ўқув жараёнига жалб этиш, олийгоҳ ҳудудида 5000 ўринли бино ва иншоотларни қуриш ҳамда жиҳозлаш каби вазифалар шулар жумласидан.

Узоқ йиллар соҳада сақланиб келган муаммолар болалар, ёшларнинг билими ва дунёқарашида қандай оғир асоратлар қолдирган бўлса, педагогларга, уларни тайёрлаш тизимига ҳам ундан кам бўлмаган зарар етказган, асорат қолдирган эди.

Давлатимиз раҳбарининг педагог кадрларни тайёрлаш, уларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилаётган қарорлари мазмуни, аввало, эски асоратларни йўқотиб, тизимни дунёдаги илғор амалиёт билан интеграциялашга қаратилмоқда.

Бунинг сабаби тушунарли: таълим тизимини ўзгартиришни ўқув режа ва дастурларини янгилаш, профессор-ўқитувчиларнинг савиясини оширишдан бошлаш керак. Кўркам, қулай шароитли бинолар қуришга, имкониятлар яратишга манба топиляпти. Бу яхши, албатта. Лекин бу тадбирларнинг ҳаммаси охир-оқибатда педагогика соҳасининг ижтимоий нуфузини оширишга, салоҳиятини кўтаришга, мазмунини илғор билимлар ва методикалар билан бойитишга хизмат қилишини унутмаслигимиз керак.

Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб етишади.

Бунинг учун барча ҳудудларимизда, айниқса, қишлоқларда мактаблар қуриш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берамиз”, деб таъкидлади. Дарҳақиқат, бу Президентимизнинг доимий эътиборида турган, кун тартибидан тушмайдиган масалага айланди.

Эътибор беринг, шу йил 21 июнь куни давлатимиз раҳбарининг “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу қарор, бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда янги авлод педагогларини тайёрлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Қарор билан ўта долзарб ва ўзаро узвий боғлиқ 3 та вазифа — замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш, юқори малакали профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш, педагогика соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш масалаларини самарали ҳал этишни кўзда тутади.

Бир пайтлар педагогика йўналишидаги таянч университет асраб қолинган бўлса, энди ушбу қарор билан педагогик йўналишлар ва педагогик таълим муассасалари негизида мамлакатимизнинг турли вилоятларида 8 та давлат педагогика институти ҳамда 2 та давлат педагогика университети ташкил этилиши белгиланди. Бу мамлакатимизда педагогик таълимнинг янги, ҳақиқий ривожланиш даври бошланаётганини англатади.

Стратегик даражадаги муҳим ҳужжат билан қўйилган вазифалар, яратилган имконият ва қулайликларни яқин-яқингача хаёлга келтириш мушкул эди. Масалан, жорий ўқув йилидан бошлаб педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2-4-курс талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида йўлга қўйилади. Яъни талабалар ҳафтада 2 кун мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ имкониятига эга бўлади. Шу тариқа талабалар назария билан амалиётни уйғун олиб боришни, болалар билан бевосита ишлашни, боғчадаги, мактабдаги муҳитга киришни ўргана боради. Бундан ташқари, жараёнда институт ва умумтаълим муассасалари ўртасида доимий алоқа, талабчанлик юзага келади, бу эса ҳар икки томонда сифатнинг ўзгаришига йўл очади.

2023 йилдан бошлаб “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари ҳисобидан ҳар йили тасдиқланган умумий қабул квоталари доирасида педагог кадрлар учун камида 35 та алоҳида квота ажратилади.

Умидли ёшларимиз дунёнинг илғор давлатларида билим ва малакасини ошириб қайтиши юксак педагогик қадриятларнинг юртимизга кириб келишини янада жадаллаштиради. Педагогика соҳасини ривожлантириш, Янги Ўзбекистон руҳига мос даражага кўтариш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар, белгиланган вазифалар кўлами, қамрови жуда кенг. Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Миллий кенгаш раиси сифатида Президентимизнинг ўзи бу ислоҳотларнинг асосий ташаббускори, жонкуяри бўлиб, ҳаммамизга юксак намуна кўрсатмоқда.

Энди педагоглар, соҳага масъуллар, барчамиз мамлакатимиз таълим тизимини янги даражага олиб чиқиш, билимли, мустақил фикрлайдиган, Ватанга садоқатли ёш авлодни вояга етказиш масъулияти билан фаолият юритишимиз зарур.

 

Улуғбек Иноятов,

педагогика фанлари доктори,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

“Янги Ўзбекистон”, 20.09.2022, №193

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш