Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қораўзак туман кенгаши ташаббуси билан туман "Нуронийлар" жамоатчилик Кенгаши билан ҳамкорликда 1-сон умумтаълим мактабида таниқли болалар шоири Демеген Оразов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Халқимиз азал-азалдан ижод аҳлларини эъзозлаб келган. Уларнинг ижод маҳсулларини қалб қўрида ардоқлаб авайлашга, ўзидан кейинги авлодларга бекаму кўст етказишга ҳаракат қилишган.
Ижодкорлар миллат ўзлигини англаши, урф-одатларимиз, қадриятларимизнинг мазмун-моҳиятини англаш, юрт озодлигини тараннум этиш сингари ғояларни ўз асарлари орқали етказишга уринганлар. Шундан кўриниб турибдики, адабиёт кенг омма вакилларига хизмат қилиб қолмай, балки ёшлар ўртасида ватанга муҳаббат, миллий ғоя шаклланишида ҳам муносиб ўринга эга ҳисобланади.
Тадбирда адабиёт ўқитувчилари, ўқувчилар иштирок этиб, таниқли болалар шоири Демеген Оразов билан суҳбатлашиб, шеърларидан баҳраманд бўлишди.
Шунингдек, тўгарак ёшлари меҳмон ижодкорга ўз ижодий машқларини ўқиб, устоз шоирнинг тавсия ва маслаҳатларини тинглашди.
Мазкур учрашув ва унда кечган ижодий муҳит барча йиғилганлар қалбидан чуқур жой эгаллади.
Учрашув якунида шоирга партиянинг эсдалик совғалари топширилди. Ўз навбатида фаол иштирокчи ёшларга Демеген Оразов қаламига мансуб китоблар тақдим этилди.