Самарқанд саммити. Айнан ушбу сўз бир неча кун давомида ер юзининг деярли барча қитъаларида энг кўп тилга олинган жумлалардан бири бўлди. Бутун дунё нигоҳи кўҳна кентга қаратилди. 14 давлатнинг раҳбари, ҳукумат аъзолари, йирик халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари бир манзилда жамланди. Асосийси, Ўзбекистон томонидан кўзланган барча режалар юксак савияда, самарали амалга оширилди.
Президентимиз саммит иштирокчиларининг эътиборини тинчлик ва дўстликка асосланган, стратегик шериклик, бирдамлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратди. Улар орасида энг муҳимларидан бири озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ бўлди.
Ташиклотга аъзо мамлакатларнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва импорт қилувчилари бўлишига қарамасдан, ШҲТ майдонида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатлик йўлга қўйилмагани таъкидланди. Шу муносабат билан Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш зарурлигига урғу берилди.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларига, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантиришга, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, “яшил” ва экспресс-йўлакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Ана шундай ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда муаммоларни ҳал этиш мақсадида келгуси йили Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклиф этилди. Бу борадаги таклифлар ҳеч бир давлат раҳбарини бефарқ қолдирмади. Улар ҳам Президентимиз ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
Кейинги пайтларда таҳликали вазиятларнинг вужудга келиши, айрим давлатлар ўртасидаги можароларнинг кучайиб кетиши озиқ-овқат хавфсизлигини муаммога айланишига сабаб бўлди. Чунки қайсидир мамлакатда табиати, географик жойлашуви, иқлими нуқтаи назаридан ғалла етиштириш қулайроқ бўлса, қайсидир давлатда бундай имконият камроқ. Бу ўзаро товар айрибошлаш эҳтиёжини юзага келтиради.
Давлатимиз раҳбари таклиф этган “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик концепцияларининг амалиётга тадбиқ этилиши шу каби масалалар ечимига хизмат қилади. Ҳудудлараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси эса иқтисодий барқарорлик янада мустаҳкамланишида алоҳида аҳамият касб этади.
Шерзод РАҲМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.