Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида “Самарқанд саммити Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида янги саҳифа очди” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шахар Кенгаши, маҳаллий кенгаш партия ташкилотлари раҳбарлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва ёрдамчилари, Депутатлик бирлашмалари ишини мувофиқлаштириш ва Жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш бўлим бошлиқлари иштирок этган мулоқотда ЎзХДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари М.А.Варисова Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари ва эришилган натижалар бўйича маъруза қилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида бутун дунёга таҳдид солаётган глобал муаммоларга эътиборни қаратди: “Иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби замонамиз муаммолари барқарор ривожланиш учун жиддий хавф туғдирмоқда”. Шу муносабат билан Президентимиз мамлакатлар ўртасидаги конструктив мулоқот, ишончнинг муҳимлигини таъкидлади.
Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Фирдавс Шарипов ШҲТнинг Самарқанд саммити ташкилотнинг келгусидаги фаолиятини кенгайтиришга, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳамда минтақа аҳолиси ҳаётининг фаровонлигини барқарорлаштиришга хизмат қилишини айтиб ўтди. Президентимиз саъй-ҳаракати билан “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўлини барпо этиш лойиҳаси тасдиқланиши, аввало ШҲТ маконида транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтиришга, Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўллар билан Форс кўрфази давлатларига транзитни кенгайтиришга ва бу ўз навбатида янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилишда сўзга чиққан ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Б. Юсупов Ўзбекистон Республикаси Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олгач, асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали Ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратганига урғу берди.
Давра суҳбатида шунингдек, ЎзХДП Андижон вилояти кенгаши раҳбари, Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати Нурматов Абдулхамид Абдухалумович, Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят Кенгаши раҳбари Абдукаримова Сайёра Сапаевна, ХДП Самарқанд вилояти, Иштихон туман Кенгаши раиси Булакова Лола Сулаймановна, ХДП Тошкент шахар Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Эшметова Нигора Асомидиновна, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Ганиев Нокисбай Султанбаевич, ХДП Хоразм вилояти Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши депутати Юсупов Рахимберган Қодировичлар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.