Дунё нигоҳидаги саммит

 

15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити тарихий воқеаларга бой бўлди. Минтақагина эмас, бутун дунё учун муҳим қарорлар қабул қилинди. Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари саммитнинг аҳамияти, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

Юксак ишонч ва ҳамкорлик

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:

— Ўзбекистон дунёда тинчлик, барқарорликни асраш, давлатлар ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш жараёнларида фаол иштирок этишга тайёр экани ШҲТнинг Самарқанд саммитида яққол исботини топди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган фикр ва ташаббуслар ҳам буни тасдиқлади.

Албатта, жаҳон аҳамиятига эга анжуман аъзолар, ҳамкорлар, халқаро ташкилотларнинг фаол иштирокида ўтказилгани, дунё ҳамжамиятининг эътибори бир неча кун давомида Самарқандга қаратилгани Янги Ўзбекистоннинг жаҳондаги нуфузидан, нафақат минтақада, балки халқаро майдонда Президентимизга ҳурмат ва ишонч юқорилигидан далолат беради.

Бу саммит ҳамкорлик, мулоқот янги даражага кўтарилган, аъзо давлатлар келажаги учун муҳим қарорлар қабул қилинган саммит сифатида тарихда қолади.

Саммитда ШҲТнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича принципиал қарорлар қабул қилинди. Уларнинг барчаси давлатлар ва халқларимиз ўртасида ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Алоҳида таъкидлаш лозимки, бу ҳужжатларнинг аксарияти Ўзбекистон томони ташаббуси билан ишлаб чиқилган.

Таҳлил қиладиган бўлсак, саммит доирасида илгари сурилган ташаббуслар, қабул қилинган ҳужжатларнинг аксарияти ижтимоий-иқтисодий масалаларни самарали ҳал қилишга қаратилганини кўрамиз.

Хусусан, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида хизматлар савдоси соҳасидаги ҳамкорликнинг асослари, ШҲТ мамлакатларини инфратузилмавий ривожлантириш дастури тасдиқлангани муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда иқтисодийижтимоий муносабатларда ишлаб чиқариш билан бирга, хизматлар ва инфратузилмани ривожлантириш зарур.

Кейинги йилларда аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кўплаб ютуқларга эришилди. Айниқса, Марказий Осиё давлатларида ўзаро алоқалар, борди-келди тубдан яхшилангани ва бу жараёнда Президентимиз юритаётган очиқ прагматик сиёсат муҳим таянч бўлаётганини ҳам таъкидлаш жоиз.

ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодиёти бир-бирини тўлдириш хусусиятига эгалиги ҳисобга олинса, саммитда қабул қилинган минтақа ичида савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси кўплаб янги имкониятларни очиб беради. Бунинг учун аъзо давлатларни бир-бири билан чамбарчас боғлашга хизмат қиладиган режа ва лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш талаб этилади.

Ташкилотга аъзо давлатлар географик жиҳатдан бир-бирига яқин бўлса-да, шу вақтга қадар иқтисодий, савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш, илмиймаданий алоқалар етарли даражада ривожланган, деб айта олмаймиз. Саммитда Президентимиз илгари сурган аксарият ташаббуслар ана шу муаммоли ҳолатларни бартараф этишда, ҳамкорликнинг янги йўналишларини яратишда ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Буларнинг барчаси аъзо давлатларнинг манфаатларига, халқларимиз фаровонлигига янада кенг йўл очади. Иш ўринлари барқарорлиги ва аҳолининг реал даромадлари ошиши кафолати янада мустаҳкамланади. Шу тариқа давлатлардаги ижтимоий масалалар бир-бирига боғлиқ тарзда ечим топади.

Шунинг учун аввало, кенг қамровли, тарихий Самарқанд саммитининг аҳамияти, унда илгари сурилган ташаббуслар, қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти ҳақида аҳоли орасида, ОАВда кенг тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш барча даражадаги ташкилотларимиз, депутатлик бирлашмаларимизнинг асосий вазифаси, деб биламиз.

Иккинчидан, саммитда алоҳида эътибор қаратилган йўналишлардаги ислоҳотларни ривожлантириш, самарадорликни ошириш бўйича парламент ва депутатлик назоратини изчил йўлга қўйишимиз зарур.

 

Улуғбек ВАФАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Якунланиб бораётган йил жаҳон тарихида чуқур из қолдирадиган турли салбий воқеликлар, қарама-қаршиликлар ва ўткир минтақавий можаролар кучайган йил бўлди. Айниқса, давлатлар ўртасида доимий мулоқот йўқлиги ва ишонч инқирози кучайганлиги жаҳондаги барқарорлик ва тараққиёт йўлидаги кўплаб муаммоларни кескинлаштирди.

Ушбу таҳликали замонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити жаҳонда халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича йилнинг энг муҳим ва энг самарали сиёсий воқеаси бўлди.

ШҲТ доирасида имзоланган ҳужжатлардан ташқари, давлат раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарларининг икки томонлама учрашувларида ҳам транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш масаласида қатор муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, минтақа ва жаҳон иқтисодиётини янада ривожлантириш учун кучли рағбат бўладиган Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама шартнома имзоланди. Ушбу келишув бутун Марказий Осиёнинг транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, ривожлантириш ва минтақани жаҳон иқтисодиёти билан боғлаш учун стратегик аҳамиятга эга бўлади.

Самарали транспорт тизими ташқи бозорда маҳсулотлар ҳаракатини оптималлаштириш орқали товар ва хизматларнинг харидорлар учун сифатли, арзон нархларда етказилишини таъминлайди. Ушбу ҳолат ташқи бозорда мамлакатнинг иқтисодий рақобатбардошлигини оширади, мамлакат иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви жараёнига ижобий таъсир қилади. Шу билан бирга, транспорт тизимидаги кичик узилишлар ишлаб чиқаришдаги катта йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Осиё давлатлари шиддат билан ривожланмоқда, уларнинг жаҳон бозоридаги ўрни, мавқеи тобора ошиб бормоқда. ШҲТнинг аъзоси бўлган ва дунё аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил қилган Хитой ва Ҳиндистоннинг ривожланиши, уларнинг жаҳон бозорига таъсири ошиб бориши янги, замонавий “Буюк ипак йўли”га эҳтиёжни кучайтирмоқда. Бу эса “Буюк ипак йўли”нинг қоқ марказида жойлашган ва жадал ривожланаётган Ўзбекистон учун Европа ва Осиёни боғловчи кўприк сифатида ўз мавқеини янада мустаҳкамлаш, жаҳон бозорига ўз маҳсулотлари, хизматлари билан чиқиш учун катта имконият яратади.

Мамнуният билан қайд этиш керакки, Самарқандда ўтказилган саммитдан кутилган натижалар тўлиқ ўзини оқлади. Саммит минтақамиз ҳамда дунёда хавфсизлик ва иқтисодий-ижтимоий тараққиётни таъминлашга, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг жаҳондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшди.

 

Шоҳиста ТУРҒУНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Инсон капиталини ривожлантириш, ихтисослашган таълимни ривожлантириш, IT-соҳасидаги касбларни оммалаштириш, IT-корхоналар учун институционал шароитларни яхшилаш ва маъмурий тўсиқларни камайтириш бўйича ислоҳотлар мамлакатимизда аллақачон бошлаб юборилган. Эндиликда бу йўналишдаги ҳамкорлик ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ҳам жадал ривожланади. Рақамли саводхонликни ривожлантириш бўйича ШҲТ дастури қабул қилинди ва бу барча соҳадаги алоқаларни мустаҳкамлашга, аъзо давлатлар фуқароларининг имкониятларини оширишга хизмат қилади.

IT инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш давр талабидир. Рақамли саводхонлик жуда кенг тушунча. Бу ахборот олиш, билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш каби инсон ҳаётининг муҳим йўналишларини қамраб олади. Шунингдек, рақамли саводхонлик жамиятнинг барча йўналишлари ривожланишига, аъзо давлатлар аҳолиси ўртасида мулоқот ва дўстлик муҳити мустаҳкамланишига, янги технологияларга ижобий муносабатни шакллантиришда ҳам катта аҳамиятга эга.

Рақамли технологиялар ва рақамли иқтисодиёт бўйича бутун дунёда етакчилардан бўлган Ҳиндистон, Хитой ва бошқа давлатлардаги амалий тажрибаларни оммалаштириш орқали керакли ижобий натижаларга эришилади. Бу борадаги ҳамкорлик аъзо давлатларининг иқтисодиётини рақамлаштириш, замонавий кадрларни тайёрлаш ҳамда жаҳон бозори талабларига мос таклифларни яратишга хизмат қилади.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— ШҲТнинг Самарқанд саммити пандемиядан кейин дунёда ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, эзгу ташаббусларни амалга ошириш қанчалик муҳимлигини кўрсатди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаган “Самарқанд руҳи” музокаралар, имзоланган ҳужжатларда ўз аксини топди.

Айниқса, ШҲТ маконида келгуси йили туризмни ривожлантириш йили деб эълон қилиш, ШҲТ доирасида университет ректорлари форумини, туризм кунларини, спорт тадбирлари, универсиадаларни таъсис этиш тўғрисидаги таклиф ва ташаббуслар ортида жуда катта мазмун ва моҳият бор. Ташкилотга аъзо давлатларда жуда катта нуфузга эга бўлган таълим университетлари бор. Университетлар ва таълим ходимлари орасидаги ўзаро муносабат келгусида аъзо давлатлар учун манфаатли бўлишига ишонамиз.

Давлатлар ўртасида туризмнинг ривожланиши эса янги, барқарор иш ўринлари яратилишига катта замин яратади. Қаерда туризм ривожланса, шу жойда маънавият ривожланади, инвестициялар эркин ҳаракатланади. Бизнинг тарихимиз, маънавий қадриятларимиз ҳақида бошқа мамлакатлар халқлари ҳам яқиндан хабардор бўлади.

Ҳеч бир соҳа инсонларни спортчалик бир-бирига тез яқинлаштира олмаса керак. Шундай экан, давлатимиз раҳбарининг спорт мусобақаларига, универсиадалар ўтказилишига урғу бераётгани ҳам келажакда улкан натижалар келтиради. Бу мамлакатларимиз ёшларининг ўзаро муносабатини яхшилашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

Ойбарчин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан кўплаб таҳдидлар кучайди. Иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби замонамиз муаммолари барқарор ривожланиш учун жиддий хавф туғдирмоқда. Ўзаро ишонч, адолат ва ҳамжиҳатликка талаб глобал миқёсда тобора ортиб бормоқда.

Шу муносабат билан очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб этилмоқда. ШҲТ фаолияти шундай мулоқотни яратиш мумкинлигини дунёга намоён этди. ШҲТ очиқлик ва блокларга қўшилмаслик тамойилларига қатъий содиқлиги сабабли иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаб, халқаро ҳамкорликни муваффақиятли тарзда чуқурлаштирмоқда. ШҲТ таркиби кенгайиб, шериклик муносабатлар ривожланиб бормоқда.

Саммитда Эрон Ислом Республикасининг ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланди. Миср Араб Республикаси ва Қатар давлатига мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш тўғрисидаги меморандумларга эришилди. Бундан ташқари, Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Қувайт давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш бўйича жараёнларни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

ШҲТнинг географик қамрови кенгаяётгани ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатларни намойиш этаётган ташкилот фаолиятининг долзарблигини яна бир тасдиқлади.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз саммит иштирокчиларининг эътиборини тинчлик ва дўстликка асосланган, стратегик шериклик, бирдамлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратди. Улар орасида энг муҳимларидан бири озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ бўлди.

Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва импорт қилувчилари бўлишига қарамасдан, ШҲТ майдонида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатлик йўлга қўйилмагани таъкидланди. Шу муносабат билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш зарурлигига урғу берилди.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларига, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантиришга, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, “яшил” ва экспресс йўлакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Ана шундай ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда муаммоларни ҳал этиш мақсадида келгуси йили Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклиф этилди. Бу борадаги таклифлар ҳеч бир давлат раҳбарини бефарқ қолдирмади. Улар ҳам Президентимиз ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити айни пайтгача ташкилотнинг давлат раҳбарлари кенгаши томонидан ўтказилган мажлисларнинг энг сермаҳсули бўлди, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Аввало, саммит кенг форматда ўтказилгани, унда қабул қилинган ҳужжатлар кўлами катталиги етук мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Президентимизнинг яқин қўшнилар ва давлатлар билан олиб бораётган очиқ, прагматик ҳамда конструктив мулоқоти ушбу саммитнинг юксак даражада ўтишига асос бўлганини таъкидлаш зарур.

Шунинг учун ҳам ташкил этилганидан бери илк бор ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш ва модернизация қилиш тўғрисида тарихий қарорлар қабул қилинди. Энди ушбу қарорлар ташкилотнинг янада жозибадорлиги ошишида, кенг қамровда, замон билан ҳамнафас фаолият олиб боришида дастуруламал бўлади.

Мамлакатимиз етакчиси томонидан ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан аниқ таклифлар ва амалий ташаббуслар илгари сурилди.

Бир сўз билан айтганда, Самарқанд саммити мамлакатимизнинг сиёсий қудратини, имкониятларини, салоҳиятини яна бир бор бутун дунёга намоён этди, албатта. Бу эса инвестициявий жозибадорликни, дунё давлатларининг мамлакатимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишини ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон саҳнасидаги ижобий имиджини юксалтиришга хизмат қилади. Самарқанд саммити ШҲТ фаолиятида янги саҳифа очди.

 

Дилбар МАМАДЖАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қўҳна Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТнинг навбатдаги саммити бутун дунё нигоҳида “Йил воқеаси” сифатида юксак баҳоланмоқда. Эътироф этиш жоизки, бу дунёдаги энг йирик минтақавий тузилманинг асосий анжумани – янги таклифлар муҳокамаси, ташкилотнинг келгуси ривожланиш стратегияси белгилаб олинган тарихий саммит бўлди.

Саммитнинг баланд руҳи билан айнан шу нуқтадан, Самарқанддан ШҲТнинг учинчи ўн йиллик янги босқичи бошланди. Давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича қатор аниқ таклиф ва амалий ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, келаси йили умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида “Самарқанд бирдамлик ташаббуси” халқаро форумини ўтказиш таклифи иштирокчилар томонидан мамнуният билан қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари ШҲТ маконида инқирозни биргаликда енгиб чиқиш ва барқарор ривожланишга эришиш учун иқтисодиёт, савдо ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан ўзгарувчан воқелик шароитида амалий ҳамкорликнинг самарали моделларини шакллантиришга қаратилган кенг форматли ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини бошлаш ташаббуси илгари сурилди.

ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома қоидаларини 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс ҳаракатлар режаси, ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича концепцияси, ҳамкор давлатларнинг ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “йўл харитаси” каби муҳим ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши - бу бешлик таркибидаги халқларнинг ўзаро жипслиги, якдиллиги, аҳиллигининг ҳуқуқий кафолати сифатида баҳамжихат бўлиб амалга ошириладиган эзгу ишларга дебоча бўлиб хизмат қилади.

Музокаралар якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатлар ШҲТ фаолиятининг истиқболли йўналишлари бўйича ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги амалий мазмун билан тўлдиришга хизмат қилади. Тузилма ўз тадрижий тараққиётининг янги босқичига Ўзбекистон ташаббускорлигида қадам қўйиши раислик зиммасида турган бурчнинг шарафли адо этилишига замин ҳозирлади.

Ер юзининг диққат марказидан ўрин олган йирик саммит ниҳоятда юқори даражада, баланд руҳда ўтди ва бу улуғворлик Самарқанд руҳиятида узоқ яшайди.

 

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— ШҲТ ўз тараққиётининг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўйди. Шундай бир шароитда ҳамкорликнинг кўплаб устувор вазифаларини биргаликда ҳал этиш масъулияти турибди.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари Самарқанд саммитидаги нутқида аввало, ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш муҳимлигига эътибор қаратди. Ташкилот ўз Хартиясига кўра, хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига қатъий риоя қилади.

Ўзбекистон ШҲТда Марказий Осиёнинг “географик ядроси” мақомини сақлаб қолиш тарафдори. “Шанхай руҳи” тамойиллари асосида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш яна бир асосий вазифа ҳисобланади. Фақат шу йўл билангина ШҲТ минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш мумкин.

Ушбу принципиал ёндашувлардан келиб чиқиб ва бугунги халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлашга киришиш таклифини илгари сурди. Ушбу дастуруламал ҳужжат кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишларини белгилашга хизмат қилади. Бунда иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш ғоят муҳимлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Президентимиз кенг қамровли йиғилишда кўплаб муҳим ва долзарб таклифларни баён этди. Давлатимиз раҳбари, айниқса, минтақадаги геосиёсий вазиятга алоҳида урғу берди. Зеро, таҳликали кунларни бошдан кечираётган Афғонистонни яккалаб қўйиш ШҲТ минтақасида ҳамкорлик алоқалари ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Президентимиз мажлисда яна бир муҳим таклифни илгари сурди. Яъни, кейинги йилни ШҲТга аъзо давлатларда туризмни ривожлантириш йили, деб эълон қилиш таклифи қўллаб-қувватланадиган бўлса, давлатларимиз ўртасида сайёҳлар ҳаракатланиши эркинлашади. Натижада турли давлатларда, турли маданиятларда яшайдиган одамлар бир-бирини яқиндан билади, дўстлик, борди-келди ришталари мустаҳкамланади. Бу мамлакатларнинг янада яқин ҳамкор бўлишига қўшимча асос яратади.

 

Муқаддас ЎРОЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Дунё қалтис бир жараёнда турибди, бу нуфузли халқаро ташкилот саммитида ер юзида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича, мамлакатлар ўртасида ишончни асл ҳолатига келтириш бўйича музокаралар ўтказилди. Бу йирик анжуман шуни кўрсатдики, ҳеч бир мамлакат ўз қобиғига ўралиб, ўзи мустақил, бошқа мамлакатлар билан хамкорлик алоқаларини ўрнатмасдан, йўлга қўймасдан туриб ривожлана олмайди. Тадбирда нафақат иқтисодий балки, дипломатик, сиёсий алоқаларни ривожлантириш бўйича битимлар тузишга эришилди. Эртанги кунда бу мамлакатлар ўртасидаги ушбу битимлар орқали ўзаро қатъий ишонч орқали келишилган мажбуриятларни бажарилишига олиб келади.

Ҳозир давом этаётган пандемия ва вазиятларнинг чигаллашиб бориши натижасида мамлакатлар ўртасида келишилган миллиардлаб маблағлар барбод бўлмоқда. Бу эса ўз-ўзидан дунёдаги бошқа мамлакатларга таъсир қилмоқда. Анжуманда ушбу масалалар юзасидан ҳам битимлар тузилишига эришилди. Хамкорликда тузилган ушбу битимлар, ўзаро ишонч орқали эртанги кунда ўзининг ижобий натижаларини беради, албатта.

Биргина Эрон Ислом Республикаси билан ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олган 18 та ҳужжат имзоланди. Унда асосий келишувлар қайд этилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги узоқ муддатли вазифалар белгиланган. Масалан, ишбилармонлик ва илмий доиралар вакиллари ҳамда сайёҳлик гуруҳлари учун виза тартиботларини соддалаштириш, дипломатик паспортлар эгаларини виза талабларидан икки томонлама озод этиш тўғрисида битимлар имзоланди. Бу орқали томонлар ўртасида туризм, хусусан, зиёрат туризмини бюрократик тўсиқлардан ҳоли равишда ривожлантириш имкони юзага келади. Ҳаттоки, 2022-2025 йилларда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури ҳам қабул қилинди. Саёҳатчилар оқимининг ортиши эса ҳар икки мамлакатда маданият, фан-таълим ва бошқа қатор йўналишларда ўсиш тенденцияларига олиб келади.

 

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ҳар қандай халқаро ташкилотнинг нуфузи ва аҳамияти унга дунёда берилаётган эътибор ва фаолиятининг самарадорлиги билан белгиланади. Самарқанд саммити ШҲТ ана шундай нуфузли халқаро ташкилотга айланганини кўрсатди.

Ушбу ташкилотнинг халқаро муносабатлар тизимида тутган ўрни йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Унинг халқаро майдондаги таъсири ўсиб бориши билан минтақадаги бошқа давлатларнинг ҳам мазкур ташкилот фаолиятида иштирок этишга бўлган қизиқишини оширди. 2017 йилда ШҲТ сафи икки янги иштирокчи – Ҳиндистон ва Покистон билан кенгайди. Эроннинг аъзолиги масалалари самарали ҳал этиляпти. 6 мамлакат мулоқот бўйича ҳамкорлар саналади (Туркия, Озарбойжон, Непал, Шри-Ланка, Камбоджа, Арманистон).

Хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир. Айнан инқироз ва бўҳронлар даврида ҳар бир мамлакат асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратиши лозим. Яъни, бу борада яхши қўшничилик, ўзаро бир-бирини тушуниш, мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари муҳим ўрин тутади.

ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларациясида ҳам шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома қоидаларини 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс ҳаракатлар режаси тўғрисидаги банди юқоридаги масалалар ечимида муҳим аҳамият касб этади.

Кўп томонлама фаолиятга асосланган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти айнан мана шундай мақсад ва вазифаларни кўзлайди.

 

Ўрол ЎРОЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Самарқанд саммити доирасида ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан муҳим ҳужжатлар имзоланган бўлса, иштирокчи давлатлар ўртасидаги музокаралар ҳам самарали ва амалий руҳда кечди. Масалан, Эрон 85 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга, тайёр бозор бўлиб, араб, афғон, турк, покистонликлар, озар, арман ва туркманлар ўртасида кўприк бўлиб келган. Шу жиҳатдан Ўзбекистон — Эрон муносабатлари жуда муҳим саналади.

Хитой эса Евроосиёдаги гигант мамлакатлардан бири саналади. Президент Шавкат Мирзиёев ва ХХР Раиси Си Цзиньпин ўртасида имзоланган ҳужжатлар тўплами ҳам салмоғи ҳамда истиқболли экани билан алоҳида аҳамият касб этади. Яъни, давлат раҳбарлари Қўшма баёнот қабул қилди. Унда асосий келишувлар қайд этилган, ҳар томонлама стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва уни мустаҳкамлаш истиқболлари акс этган.

Бундан ташқари 15 та ҳужжат имзоланди. “Яшил” тараққиёт соҳасидаги инвестициявий ҳамкорлик ҳамда рақамли иқтисодиёт соҳасидаги инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида ва яна қатор меморандумлар тасдиқланди. Замонавий ва мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи соҳалар кесимида янги келишувларга эришилди. Умуман, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка доир умумий қиймати 15 миллиард долларлик битимлар имзоланди.

Айтиш керакки, икки дўст мамлакат ўртасидаги муносабатлар янги эмас. Улар узоқ йиллик ўтмишга бориб тақалади. Айни пайтда олиб борилаётган ҳамкорликни томонларнинг стратегик шериклик алоқаларини мустаҳкамлашдаги муштарак интилишларининг ифодаси сифатида баҳолаш мумкин.

 

«Ўзбекистон овози», 21.09.2022, №38

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш