Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази билан ҳамкорликда “Соғлом аёл керак ҳаётга” лойиҳаси доирасида “Хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳамда тиббий маданиятини ошириш долзарб масала” мавзусидаги тарғибот учрашуви ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Асатова Гулшан Сайитовна, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Мамажанова Дилбар Раҳматовна “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари”, “Хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёзлар” ҳақида маъруза ва тақдимот қилдилар. Ёшлар, айниқса хотин-қизларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олишлари учун берилаётган имтиёзлар, улардан тўғри фойдаланиш механизмлари тушунтириб берилди. Хотин-қизлар учун фоизсиз таълим кредитларини олиш тартиби ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Учрашувда Республика Аҳоли репродуктив саломатлиги Маркази мутахассиси, Тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Жалилова Сурайё Абдуҳалимовнанинг “Хотин-қизларда учрайдиган гинекологик касалликлар, уни эрта аниқлаш ва олдини олиш” мавзусидаги тақдимоти кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Ҳозирда онкологик касалликлар нафақат Ўзбекистонда балки бутун дунёда долзарб муаммолардан бири бўлиб келмокда. Дунёда ҳар 2 дақиқада бачадон бўйни раки туфайли 1 та аёл ҳаётдан кўз юмади. Бутун Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти прогнозига кўра, бу касалликка қарши ўз вақтида чора - тадбирлар кўрилмаса, 2050 йилга бориб Бачадон бўйни раки билан ҳар йили бир миллион аёл касалланиши мумкин. Ўзбекистонда ҳар йили 1000га яқин янги ҳолат кайд килинади, шу аёллардан 500 нафарида бачадон бўйни ракидан ўлим ҳолати кузатилади. Ўтказилган илмий ишлар касалликни даволашдан кўра уни олдини олиш кам харажат сарфланиши ва даволашда ўз самарасини бериши мумкинлигини кўрсатди - дейди Сурайё Абдуҳалимовна. Бу касаллик ракка айланишидан 15 йил олдин ўз белгиларини кўрсатади, уни эрта аниқлаш ва олдини олиш мумкин. Бунинг учун хотин-қизларга ҳар йили бир маротаба махсус скринингдан ўтиб туриш тавсия этилади.
Тадбир давомида мутахассис касалликнинг олдини олиш, уни барвақт аниқлаш ва даволаш бўйича қаерга, кимга мурожаат қилишни батафсил тушунтириб ўтди. Бугунги кунда ушбу касалликка қарши вакцина ҳам мавжудлиги, хоҳловчилар бу вакцинани ўз ҳудудига қарашли поликлиникага мурожаат қилган ҳолда олишлари мумкинлиги тушунтирилди.
Учрашувнинг муҳим жиҳати шунда бўлдики, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг 500 га яқин аёл ўқитувчи ва профессорларини Республика Аҳоли репродуктив саломатлиги Маркази мутахасисслари томонидан оммавий равишда скринингдан ўтказишга келишиб олинди.