2022 йил 14 сентябрь, соат 16 дан ошган. Самарқанд поезд вокзали. Йил давомида бир неча ўн марталаб айтилган, турли нашрлар, теле ва радиодастурларда тилга олинган ШҲТнинг саммитини ёритиш учун келган мухбирлар орасида ўзингни кўриш ҳам масъулият, ҳам ғурур беради. Тадбирлар қай тартибда ўтказилади, қандай ёритамиз, хато қилиб қўймаймизмикин, деган саволлар хаёлни банд қилган ҳолда меҳмонхонага йўл олдик.
Тарихий воқеликка гувоҳ бўлишга шайланган кўҳна кентнинг гўзаллиги бизни мафтун этди. Кенг ва равон кўчалар, ҳар қадамда дўст ва ҳамкор давлатлар байроқлари ҳилпирайди. Бу – яхшиликка ишора. Тинчлик, барқарорлик, осуда ҳаётдан нишон. Зеро, ер юзида ушбу сўзларнинг қадри йўқолиб, давлатлар, инсонлар ўртасида ўзаро ишонч, бирдамлик тушунчалари ўтмаслашиб бораётган бир даврда Евроосиё ҳудудидаги гигант давлатлар байроғи бир сафда туришида улкан маъно мужассам. Тинчликпарвар ташкилот сифатида ном қозонаётган ШҲТ шунча давлатни муштарак мақсадлар йўлида бирлаштирди. Шаҳар кўчалари бўйлаб юриб борар экансиз, дўстлик ва биродарлик нафасини ҳис этиш ёқимли.
Саммит доирасида кўплаб ҳужжатлар имзоланиши, ҳамкорликнинг янги босқичларига йўл очилиши ҳақида яхши тахминлар бўлди. Мутахассислар, экспертлар кутилаётган натижалар ҳақида қарашларини билдирди.
Табиийки, бу жараёнда ғараз ниятли кучлар ҳам қараб тургани йўқ. Ҳар бир вазият тўғри баҳолай олиш, узоқни кўра билиш ва кимларнингдир ноғорасига ўйнамаган ҳолда ҳал этилди. Самарқанд саммити юқори кайфиятда, кутилган натижалар билан ниҳояланди.
ШҲТга раислик ва илгари сурилган ташаббуслар
Аввало, Ўзбекистон ШҲТга раисликни юқори кўрсаткчилар билан якунлади. Мамлакатимиз раислик даврида ташкилот доирасидаги амалий ҳамкорликни фаоллаштириш, унинг салоҳияти ва халқаро нуфузини оширишга интилди. Хавфсизлик масалалари билан бир қаторда савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга устувор эътибор қаратилди. Ташкилот фаолиятининг барча соҳаларида кўплаб ташаббуслар амалга оширилди. Йил давомида 80 дан ортиқ йирик тадбирлар, хусусан, спорт мусобақалари, турли учрашувлар, умуман, барча режалар юксак савияда ўтказилди. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида саммит якунига кўра 44 та битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. ШҲТ тарихида мутлақо янги давр бошланди.
Хусусан, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича битимлар имзоланиб, янги коридорлар бўйича ташаббуслар муҳокама қилинди. Шунингдек, «ақлли» қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий этиш юзасидан ҳамкорлик концепциялари, ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланиш, қайта тикланадиган энергия манбалари, инфратузилмани ривожлантириш масалаларида ҳам келишувларга эришилди. Саноат кооперациясини рағбатлантириш, рақамли саводхонликни юксалтириш соҳаларида ҳамкорлик дастурлари ҳам янги босқичга кўтарилиши кутилмоқда. Ҳудудлараро савдони ривожлантириш билан боғлиқ қўшма чора-тадбирлар режаси ва юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда даволашда ҳамкорлик қилиш ҳам устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Тинчликни тарғиб қилувчи ташкилот
«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти Анваржон Миркомиловнинг фикрига кўра, бугунги зиддиятларга бой даврда ШҲТга аъзо бўлиш ёки унинг кузатувчиси мақомини олиш истагини билдираётган давлат сони кўпайиб бормоқда. Ташкилотнинг нуфузи ва жозибадорлиги унинг блокдан ташқари мақомга эга бўлгани учун ҳам ошиб бораётганини таъкидлади. Унинг тамойиллари очиқлик, учинчи давлатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши ҳаракат қилмаслик, барча иштирокчиларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашишдан бош тортиш, сиёсий қарама-қаршилик ва рақобатнинг олдини олишдан иборат.
Минтақада тинчлик ўрнатилиши учун ҳаракат қилаётган кучлар кўп. Қобулдан бу борадаги баёнотлар эшитилмоқда. Аммо бунинг аксига уринаётган, ғараз ниятини амалга ошириш истагида юрганлар ҳам оз эмас. Ҳаттоки, радикал ғояларни тарқатиш учун кенг майдонга эга бўлган айрим халқаро террор ташкилотлари ўзини анча қулай ҳис қилмоқда. Ваҳоланки, Россия, Эрон, Хитой ва бутун Марказий Осиё давлатлари афғон инқирозини ҳал қилишдан жуда манфаатдор. Демак, бу вазиятда кимдир аниқ ташаббус билан, ушбу мақсадларни амалга оширишга қаратилган ғоя билан майдонга чиқиши керак эди.
Шу нуқтада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев «катта юриш» қилди. Афғонистонни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, унинг аҳолисига ҳамма инсонлар каби тинч ва фаровон турмуш кечириши учун шароит яратиш билан боғлиқ таклифларини билдирди. Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтириш ШҲТнинг энг устувор йўналишларидан бўлиб қолиши лозимлигини таъкидлади. Бу билан боғлиқ таклиф ва ташаббусларни ўртага ташлади. Дарҳақиқат, афғон халқи яхши қўшничилик ёрдамига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож. Президентимиз шуларни таъкидлаб, ўтмишдаги хатоларни такрорламасликка, Афғонистонни унинг муаммолари билан ёлғиз қолдирмасликка чақирди.
Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ўсишига, унинг минтақавий ва глобал ривожланиш жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашиш орқали узоқ муддатли инқироздан самарали чиқиш йўлларини таклиф этиш билан унга ёрдам қўлини чўзиш кераклиги ҳақида фикр билдирилди. Таъкидланганидек, бу давлат ШҲТ йирик маконининг ажралмас қисми бўлиб, афғон халқи ҳозир ҳар қачонгидан ҳам яхши қўшнилар ва уларнинг кўмагига муҳтож.
«Санкциялар сиёсатининг кучайтирилиши ва Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати янада яккаланиши муқаррар равишда мамлакат ичида радикаллашувнинг кучайишига олиб келади ва уни террорчилик ташкилотлари учун плацдармга айлантиради. Шу боис биз Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан илгари қабул қилинган, шу жумладан, аёллар ва болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариши бўйича Кобул билан конструктив алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз», деди Президент.
Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фонд ташкил этиш ва уни мазкур мамлакатга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида биргаликда таъсис қилиш таклифини билдирди. Бунинг учун у ердаги транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланиш ғояларини илгари сурди. Фонд маблағлари эса ушбу мамлакатдаги ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Афғон халқи уларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан кўпроқ манфаатдор. Демак, Ўзбекистон томони илгари сураётган темир йўл орқали коридор ҳосил қилиш бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлади.
Ҳамма учун муҳим
Саммитда ер юзидаги ҳар бир мамлакат учун энг муҳим масалага эътибор қаратилди. Яъни, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тинчлик ва барқарорликни таъминлашдек муҳим, ҳам кечиктириб бўлмас масала экани таъкидланди. Жумладан, мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва импорт қилувчилари бўлишига қарамасдан, озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатлик йўлга қўйилмаганига эътибор қаратилди.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Рустам Ҳасанов таъкидлашича, ер юзидаги турли таҳликалар, давлатлар ўртасидаги низоли тўқнашувлар озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда. Ваҳоланки, мамлакатлар аҳолисининг саломатлиги, соҳалар бўйича ютуқларга эришиши, умуман, ҳаёт кечириши, яшаши учун аввало озиқ-овқат зарур. Кунлик истеъмол қилинадиган неъматларга эса доимо эҳтиёж бўлгани боис улар қайта ишланиши, узлуксиз етиштириб борилиши лозим. Экологик жиҳатдан ер шарининг озиқ-овқат етиштириш таъминоти нотекис бўлиб, шу жиҳатдан ҳам давлатларнинг бир-бирига эҳтиёжини юзага келтиради. Шунинг учун ШҲТга аъзо давлатлар мамлакатлари ўртасида озиқ-овқат алмашинувини келишиб олиш ва йўлга қўйиш масаласи устувор саналади.
Масалан, Ўзбекистон 200 дан ортиқ дунё мамлакатлари орасида гилос етиштириш бўйича 3-4 ўринларда туради. Шунингдек, айрим турдаги мева-сабзавот ҳамда полиз экинлари етиштиришда ҳамиша юқори 10 таликдан жой олиб келган. Айтайлик, юртимизда иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан минимум сифатида ғалла етиштирилади, бироқ бу аҳоли эҳтиёжлари учун етарли эмас. Зеро, дунёда бирор бир мамлакат йўқки, тўлиқ ўзини ўзи озиқ-овқат билан таъминлай олсин. Демак, ўзимиздаги маҳсулотларни экспорт қилиб, Ўзбекистон табиатида етиштириш қисман ноқулайроқ бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиш фойдалироқ саналади. Бу тўғри иқтисодий қарор саналади. Демак, саммитда кўтарилган масалалар интеграциялашувни ҳосил қилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг бир қанча захиралари бор ва бу агротехнологиялар орқали йўлга қўйилади. Мазкур масалалар ҳам ташкилотда уруғ етиштириш, юқори ҳосил берадиган навларни ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Натижада айрим турдаги маҳсулотларнинг ҳосилдорлигини ошириш, сифатли ишлаб чиқиш имкони ошади.
Ўзбекистоннинг яқин келажакдаги энг устувор мақсадларидан бири транзит салоҳиятини рўёбга чиқаришдан иборат. Халқаро транспорт йўлаклари ишга туширилиши ҳам стратегик аҳамият касб этади. Бу орқали Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий боғлиқлик юзага келади. Товар айрибошлаш, туризм кенгаяди. Ушбу занжирлар кетма-кетлиги яна бориб давлатнинг ривожланиши, мамлакат аҳолисининг фаровон яшашига хизмат қилади.
Агар ўзаро товар алмашинуви яхши йўлга қўйилса, озиқ-овқат тақчиллигига барҳам берилиб, нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашга эришилади. Ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши учун транзит масалаларини ҳал этиш, албатта, транспорт логистика тизимини кенгайтиришни тақазо этади.
Ўзбекистон транспорт йўналишларини оладиган бўлсак, кўпроқ шимол тарафга қаратилган ва бошқа томондаги давлатлар билан у қадар ривожланмаган эди. Саммитда эса бир нечта йўлакларни ташкил этиш масаласи илгари сурилди. Демак, Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўли қурилиши билан боғлиқ битим имзоланиши яна бир жиддий одим бўлди. Транс афғон йўналишидаги лойиҳа, яъни узунлиги 573 километр бўлиши кутилаётган Тошкентни Покистон шимоли билан боғлайдиган «Мозори — Шариф — Кобул — Пешавар» темир йўлининг қурилиши ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини бутунлай янги даражага кўтаради.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 21.09.2022, №38