Аёллар соғлиғи-жамият бойлиги. Зеро, соғлом аёл соғлом фарзандларни дунёга келтиради ва соғлом миллатни шакллантиради. Оналик ва болалик муҳофазасини таъминлаш учун қизлар саломатлигига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Айниқса уларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, тиббий маданиятини ошириш энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Бу масала бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилди десак хато бўлмайди. Бу борада бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Жумладан, 2019 йил 11 март куни қабул қилинган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш” тўғрисидаги Қонунда белгиланганидек, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири фуқароларнинг тиббий билими ва тиббий маданиятини оширишдир.
Ўзбекистон ХДПнинг дастурий мақсадларидан бири ҳам аҳолининг, жумладан, хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини ҳамда уларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифат ва самарадорлигини оширишдан иборат. 2022 йил Давлат дастури ҳамда партия дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Республика репродуктив саломатлик маркази билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳа ва тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундай тадбирлардан бири “Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида ташкил этилди.
Ўзбекистон ХДП МК масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар ҳамда М.Улуғбек туман кенгашлари масъуллари, Республика Аҳоли репродуктив саломатлиги Маркази мутахассислари, “Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг профессор ўқитувчилари, талаба қизлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Республика Аҳоли репродуктив саломатлиги Маркази мутахассислари репродуктив саломатлик тўғрисида ҳамда хотин-қизларда учрайдиган гинекологик касалликлар, уни эрта аниқлаш ва олдини олиш ҳақида қизиқарли, таҳлилларга бой тақдимот қилиб беришди.
Шунингдек, мутахассислар томонидан соғлом она бўлиш учун нималарга эътибор қаратилиши лозимлиги ҳақида батафсил тушунтирилди. Тадбир баҳс-мунозара ва савол-жавобга бой тарзда қизиқарли ўтди.