Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят Бандихон туман кенгаши раиси И. Холматов иштирокида тумандаги "Чинор" маҳалласида жойлашган касб-ҳунар мактабида "Эрта никоҳ ва оилавий ажримларнинг олдини олиш" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда туман партия ташкилоти раиси И. Холматов, касб-ҳунар мактаби ёшлар етакчиси Н. Хуррамовалар сўзга чиқиб, вилоятда хотин-қизлар манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига катта эътибор қаратилаётганлиги ва оила қуриш ва унинг тинчлигини асраш инсон учун катта масъулиятлиги, бироқ бугунги кунда вояга етмаган қизлар ўртасида эрта турмуш ва туғруқлар сони кўпайгани билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги тўғрисида тўхталиб ўтди.
Айниқса, миллий анъана ва қадриятларни менсимаслик, урф-одатларимизга зид ҳолатлар оилавий муносабатларга путур етказмоқда. Буни айрим ёшларнинг никоҳ масаласига юзаки ёндашаётгани, фарзанд тарбиясига бепарволиги, ота-оналик бурчи ва масъулиятини чуқур англамаслигида кўриш мумкин”, – дейди Ўзбекистон ХДП Бандихон туман кенгаши раиси И. Холматов. Бу борада ёшлар ўртасидаги эрта никоҳ ҳамда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш мақсадида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш кераклиги ҳақида хам фикрлар билдирилди.
Тадбирда талабаларга мутахассислар томонидан қиз болани барвақт турмушга бериш ва эрта фарзанд кўриш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги борасида маслаҳатлар берилди.