Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини соддалаштириш, жиноятларни қисқа фурсатларда фош этилиши ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Аммо жиноят-процессуал қонунчилигида абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисида ахборот олишнинг аниқ механизми мавжуд эмаслиги ушбу маълумотларни олишда қийинчиликларни юзага келтирмоқда.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида абонентлар ўртасидаги боғланишлар тўғрисида ахборот олиш билан боғлиқ ҳаракатлар тергов ҳаракатлари доирасига киритилмоқда ҳамда абонентлар ўртасидаги боғланишлар тўғрисида ахборот олиш тартиби белгилаб қўйилмоқда. Фракция аъзолари мазкур ўзгартишлар жиноятларни фош этишда тезкорлик ва сифат ошишига, соҳа ходимлари ортиқча юкламалардан озод қилинишига хизмат қилишини алоҳида эътироф этиб ўтдилар. Қонуннинг айрим моддалари юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазалар билдирилгач, лойиҳа маъқулланди.
Бугун, шунингдек, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ҳозирги кунда маъмурий суд ишларини юритишда аризачи ҳокимият ваколатларига эга бўлган маъмурий органга, унинг мансабдор шахсига – жавобгарга нисбатан тенгсиз ҳолатдадир. Оммавий-ҳуқуқий низолар бўйича чиқарилган суд ҳужжатининг ижроси давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъминлаш учун таъсирчан назорат механизмлари ҳам мавжуд эмас. Бунинг натижасида фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб чиқарилган суд ҳужжатлари кўп ҳолларда давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолмоқда.
Ушбу Қонун билан судлар тизимига «ягона дарча» принципини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар, қабул қилишга ва ваколатли судга юборишга ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш, маъмурий суд ишларини юритиш «суднинг фаол иштироки» принципи асосида амалга оширилиши, суд ҳужжатлари маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек, ташкилотлар томонидан ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланилишига доир процессуал қоидалар белгиланмоқда.
Кенг ва қизғин муҳокама қилинган мазкур ҳужжат юзасидан электорат манфаатларини кўзлаб саволлар берилди. Депутатлар қонун давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилиши билан муҳимлигини таъкидлаб, янада такомиллаштириш бўйича ўз тавсияларини беришди ва ҳужжат маъқулланди.
Фракция йиғилишида кун тартибидан ўрин олган яна бир масала Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Б. Саидовга «Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шу жумладан умумий ўрта таълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала ҳам ўрин олган эди. Депутатлар мазкур ташаббусни қўллаб-қувватллашди.