Парламент фаолияти жуда қизиқ жараён. У ерда қонунлар дунёга келади. Залдаги ҳар бир депутат алоҳида шахс. Ҳар бирининг муҳокама этилаётган масалалар юзасидан алоҳида фикри, ўз қарашлари ва албатта, таҳлилий ёндашуви бор. Битта қонун қабул қилиниши учун эса уларнинг фикри ҳамоҳанг бўлиши керак.
Олий Мажлис фаолияти билан таниш бўлмаган пайтларим парламент қандай ишлаши ҳақида аниқ тасаввурим йўқ эди. Унинг ичига кириб борганим сайин жараёнларга қизиқишим ортиб, меҳрим тушиб бормоқда. Чунки муҳокамаларда фикрлар хилма-ҳиллиги мавжуд ва улар асослантирилади. Қонунчилик палатасининг битта мажлисини кўрган ҳар қандай одам у ерда қабул қилинадиган ҳар бир қонун атрофлича муҳокамадан ўтиши ва энг асосийси, максимал даражада инсонларнинг оғирини енгил қилишга қаратилаётганини тушунади.
Кеча 27 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мунозараларга бой навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янги қонун лойиҳалари билан бирга, аввалги йиғилишларда масъул қўмитага қайтарилган лойиҳалар ҳам бор эди.
Дастлаб “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ушбу ҳужжат парламент қуйи палатасининг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида атрофлича муҳокама қилиниб, ундаги айрим нормалар юзасидан асосли саволлар кўтарилган эди. Халқ вакиллари қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш зарурати борлигини айтиб, уни масъул қўмитага қайтаришганди.
Ўтган қисқа вақт ичида масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилгани кечаги мажлисда яққол сезилди. Хусусан, сиёсий партия фракциялари томонидан берилган таклиф ва тавсиялар асосида қонун лойиҳаси маромига етказилган экан.
Натижада депутатлар бир овоздан қонун лойиҳасини қабул қилишди.
Шунингдек, депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишди.
Қонун лойиҳасида ички ишлар органларининг масъулиятини ошириш, уларнинг хизмат самарадорлигини кучайтириш мақсадида ички ишлар бўлимларининг (бошқармаларининг) бошлиқлари ёки бошлиқ ўринбосарларига қўшимча равишда 8 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш, профилактика инспекторларига қўшимча равишда 9 турдаги, патруль-пост хизмати ходимларига 8 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштириш, Миллий гвардия органлари ходимларига қўшимча равишда 13 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш ҳамда 4 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштириш ваколати берилиши назарда тутилган эди.
Мажлисда қонун лойиҳаси “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ном билан қабул қилинди.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Депутатларнинг айтишича, таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш, айниқса, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.
Агар қонун лойиҳаси амалга киритилса, жазо муддатини ўтаётган шахслар жазони ўташ вақтида меҳнат фаолияти билан шуғулланса ва солиқлари тўланган бўлса, ўша меҳнат фаолияти олиб борилган муддат меҳнат дафтарчасига киритиладиган бўлади.
Муҳокамалар давомида халқ вакиллари томонидан қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди. Ҳужжатдаги айрим нормалар юзасидан кўплаб саволлар кўтарилди ва уларга батафсил жавоблар олинди.
Қизғин бахс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига волонтёрлик фаолияти соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Маълумот учун: “Волонтёрлик” сўзи французча “volontaire” сўзидан олинган бўлиб, “ихтиёрий”, “ўз хоҳишига кўра иш қилувчи” деган маъноларни англатади. Бу ҳозир дунёда кенг тарқалаётган машҳур соҳалардан биридир. Волонтёрлик фаолияти қонунийлик, инсонпарварлик, тенглик, ихтиёрийлик, беғаразлик принципларига асосланади. Бунда маълум бир эзгу мақсадда жамиятда ҳар хил муаммога дуч бўлган, ёрдамга муҳтож инсонларга, уларнинг ҳаёти ҳар томонлама яхшиланишига қаратилган бепул хизмат кўрсатиш назарда тутилади.
(2019 йил 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.)
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасида волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органини белгилашга, бу орқали давлат органлари ва бошқа ташкилотларга волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш бўйича услубий ва маслаҳат ёрдамини кўрсатишга олиб келади.
Мажлисда депутатлар “Ўзбекистон Республикаси адлия органлари тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Қонун лойиҳаси билан адлия органларига интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга жарима қўллаш ваколати берилмоқда.
Қолаверса, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда 50 фоизлик чегирма қўлланилиши мустаҳкамланмоқда.
Муҳокамаларни кузатар эканмиз, қонун лойиҳалари асосан ижтимоий ҳимоя, инсон қадрини юксалтириш, аҳолига енгиллик ва қулайлик яратиш масалаларига қаратилгани билан эсда қолди. Аслида ҳам ҳар бир ҳужжат, ҳар бир қонун одамлар манфаати ҳимоясига қаратилмоғи лозим.
Аҳмад ҚУРБОНОВ
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 28.09.2022, №39