Мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Юртимизнинг ёруғ истиқболи таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Хусусан, соҳада ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурлар, “Таълим тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонунга мувофиқ, таълим олишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди, таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилди. Шунингдек, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, саодат манзилига етишнинг ўзига яраша юки бўлади. Ана шу юкнинг салмоқли қисми ўқитувчи-муаллим елкасида. Касблар ичида энг хайрлиси, энг гўзали илм ўргатиш, тарбия орқали инсонга ҳаёт мазмунини англатишдир. Бундай мақомот фақатгина устоз муаллимларга насиб этган. Ўқитувчи нафақат таълим-тарбия беради, балки замон билан ҳамнафас яшайди. У доимо изланишда, ижтимоий-сиёсий, маданий-маиший, илмий-техникавий ўзгаришлардан хабардор, давр руҳини ҳис этган ҳолда ёшлар онгига ўз билимларини сингдиради.
Сир эмаски, узоқ йиллар давомида умумтаълим мактабларини замон талабларига мослаштириш, уларни яхлит тизимга бирлаштириш масаласи эътибордан четда қолиб кетди. Ушбу тизимга бюджет маблағлари охирги навбатда ажратилди, халқ таълими ходимлари ўз вазифасидан ташқари бошқа ишларга мунтазам жалб қилинди. Оқибатда таълим сифати пасайди. Ўқитувчилик касбининг нуфузи тушиб кетди.
Шукрки, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийларни эъзозлаш, уларнинг жамиятдаги нуфузини юксалтириш мақсадида бир қатор хайрли ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, билим масканларида жонкуярлик ва фидойилик кўрсатаётган ўқитувчи ва мураббийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича ўзига хос янги тизим жорий этилди.
Бундан ташқари, таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, ўқув-машғулот ва лаборатория хоналари ташкил этилди. Дарслик ва қўлланмаларнинг янги авлоди яратилди, малакали кадрларни тайёрлаш йўлида ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жамиятда устоз ва мураббийларга қаратилаётган эътибор туфайли ўқитувчиларининг ойлик маоши ошди, давлат мукофотлари билан тақдирланаётган устозлар сони кўпайди. Ўқитувчи тайёрлайдиган ҳисоботлар, қоғозбозликлар сони кескин камайтирилди, кўплаб эркак ўқитувчилар мактабларга қайтди. Меҳрибон, жонфидо устозлар фақат эзгулик, зиё тарқатади, кўзларида меҳр нурлари чақнайди, дилида эҳтиром, тилида яхши калом. Умри таълим-тарбияга, мурувват ибодатига бахшида.
Барча устозларни қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Фарзанд ва шогирдлари бахти-камолини кўриш доимо сизларга насиб этсин. Машаққатли ва шарафли касбингизда улкан ютуқ, хонадонингизга хотиржамлик, сиҳат-саломатлик тилайман.
Зуҳра ШОДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.