Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш табиат ва иқлим ўзгаришлари шароитида муҳим аҳамиятга эга

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугунги йиғилишида дастлаб Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни яхшилаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, хусусан, камёб ва йўқолиб кетиш арафасида турган ёввойи ҳайвонларни асраш, уларнинг табиий популяциясини сақлаб қолиш йўлида ҳам қонунчилик такомиллаштириб борилмоқда.

Янги қонун лойиҳаси билан ёввойи, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонларни сақлаш ва фойдаланиш тартибини белгилаш назарда тутилмоқда.

Ҳозирга қадар фуқаролар томонидан ёввойи ҳайвонларни уй шароитида сақлаш масаласи ҳуқуқий тартибга солинмаган. Шу сабабли кейинги вақтда ёввойи ва заҳарли ҳайвонларни жамоат жойларида олиб юриш, тўй, маърака, юбилей ҳамда бошқа оилавий тадбир ва маросимларга улар билан бирга келиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Оқибатда фуқароларнинг осойишталиги бузилиб, саломатлигига жиддий хавф пайдо бўлмоқда.

Шунинг учун “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунда ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақлаш, урчитиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, намойиш қилиш боғлиқ янги нормалар белгиланмоқда.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш табиат ва иқлим ўзгаришлари шароитида муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этди. Депутатлар ҳайвонот оламини асраш билан бирга, жамоат жойларида ёввойи ҳайвонлардан фойдаланишни чеклаш, бу борада тартиб-қоидаларни аниқ белгилаш зарурлигини таъкидлашди. Бу аҳолининг хотиржамлиги ва саломатлигини муҳофаза қилишдек долзарб вазифа билан чамбарчас боғлиқ эканига эътибор қаратилди. Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган ёввойи ва заҳарли ҳайвонларни юридик ва жисмоний шахслар томонидан сақлаш тақиқланиши ҳақидаги нормани янада аниқлаштириш, қатъийлаштириш зарурлиги бўйича таклифлар билдирилди.

Ёввойи ҳайвонлар билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олишда қонун лойиҳасидаги меъёрлар қатъийлиги муҳим аҳамият касб этиши қацд этилди. Ҳужжат фракция аъзолари томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Депутатлар йиғилишда Давлат божи тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Ушбу қонун лойиҳаси давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини судлар орқали ҳимоя қилинишини янада кенгайтириш, шунингдек, уларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Амалдаги Қонуннинг 3-моддаси, “б” бандига ўзгартириш киритилаётган бўлиб, бунда мансабдор шахс ҳаракатлари устидан судга шикоят қилишда давлат божи миқдори 50% га камайтирилиши белгиланмоқда.

Фракция аъзоларини янги тартиб инсон қадри, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда қулайлик яратишини инобатга олган ҳолда, савол-жавоблар орқали қўшимча тафсилотларга аниқлик киритишди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.

Йиғилишда, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш