Европа давлатлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш юртимиз учун жуда муҳим. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, молия ва ахборот технологиялари йўналишларида ўрганадиган, ибрат олиб, ривожланадиган жиҳатларимиз кўп. Венгрия бу борада бизга яхши ҳамкор бўла олиши аниқ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия давлатимга расмий ташрифи, ўтказилган олий даражадаги учрашувлар, имзоланган муҳим ҳужжатлар ҳар икки томон учун катта аҳамиятли ва манфаатлидир.
Эътибор беринг, кейинги 5 йилда мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш 3 баробар кўпайибди. Қўшма корхоналар ва инвестициялар ҳажми ҳам йилдан-йилга ошмоқда экан. Бу аввало янги ва барқаор иш ўринлари, қолаверса, иқтисодиётга янги теҳнологиялар дегани.
Очиғи, ташриф доирасида қувонтирган хабарлардан бири Венгрия ҳукумати “Хунгарикум” дастури доирасида ўзбекистонлик талаба ва докторантлар учун ҳар йили ажратиладиган квотани 170 тагача ошириш тўғрисида қарор қабул қилгани бўлди. Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форумини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида фикр билдирилди. Илм, тажриба алмашиш ҳамкорликнинг тез ривожланиши ва мустаҳкам бўлишига асос яратади.
Яна бир муҳим жиҳати, ёшларимиз Европа минтақаси давлатига бориб, илғор ютуқлар, технологиялар, турли соҳаларни янги даражага кўтариш учун зарур бўладиган кўникмаларни ўрганиб қайтишади.
Шунингдек, ташриф давомида божхона, адлия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги, узумчилик, инвестиция соҳаларида, Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви академияси ва Венгрия Давлат хизмати университети, Самарқанд вилояти ва Хайду-Бихар округи, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Ташқи ишлар ва савдо институти, Тошкент давлат аграр университети ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Давлатлар ўртасида ишонч, яқин ҳамкорлик ва доимий мулоқот муҳитини ўрнатиш мураккаблашиб бораётган ҳозирги даврда давлатимиз раҳбари дунёнинг турли минтақаларидаги давлатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаётгани жуда муҳим аҳамиятга эга. Халқимиз бундай сиёсатни фаол қўллаб-қувватламоқда.
Ўрол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.