Оила, жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки-хотин-қизларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадрияти. Шу боис, мамлакатимизда аёлни улуғлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни, нуфузини ошириш, оилалардаги маънавий-аҳлоқий муҳитни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо, сўнгги вақтларда аёлни таҳқирлаш, камситиш, тазйиқ ва зўравонлик каби ҳодисаларнинг ортиб бориши кўнгилни хира қилади, албатта.
Статистик маълумотларга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 32 783 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган. Аммо чекка ҳудудлардаги, айниқса қишлоқлардаги кўплаб жабр кўраётган опа-сингилларимиз андиша, ор-номус сабабли, ўз дардини ичида олиб юради.
Куни кеча Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида содир бўлган воқеани эшитиб, инсон шу қадар ваҳший бўлиб кетиши мумкинлигини ақлга сиғдириб бўлмайди. Бу ҳодиса бир марталик жанжал билан шу даражага бориб етишига ақл бовар қилмайди. Бу ҳодиса рўй бергунига қадар ушбу оилада яна қандай жанжаллар бўлиб ўтгани барчамизга қоронғу, ҳаттоки маҳалла фаоллари ҳам оиладаги муносабатлардан бехабар. Шу ҳолат бўлгунига қадар ҳам аёл ўз дардини ичига ютиб юрган.
Юрт отаси қадрлаган, эъзозлаган аёллар ўз оиласида қадр топмаслиги қанчалик ҳақиқатга тўғри келади. Аёл кўчада калтакланса, аёл эри томонидан ўлдирилса, аёл қайнотаси томонидан сўйиб ташланса-ю, атрофдагилар шу даражага етиб боргунигача бехабар қолса...
Бир фарзандни дунёга келтириб, уни боқиб, тарбиялаб, вояга етказиб ҳамда олий маълумот қилиб бировнинг оиласига келин қилиб узатиш ота-она учун қанчалар оғирлигини қиз тарбиялаётганлар жуда яхши билади.
Фариштадай келин бир хонадонга бориб, ўзга уйни ўз уйи деб билса, эрига ва унинг яқинларига меҳр қўйса, ўзининг ота-онасига қилмаган хизматларини қилса, ўша оиланинг зурриёдини туғиб, тарбияласа-ю, унга меҳр-мурувват кўрсатиш ўрнига, жабр-ситам етказилса?! Аёл омонат бўлиб, эъзоз ва ҳимоя учун яратилгандир. Аёл инсон шахсияти шаклланадиган илк мактабдир. Аёлга эътибор-келажакка эътибордир. Буюк Амир Темур, Улуғбек, Ибн-Синоларни ҳам она тарбиялаган. Келажакда бизнинг оналаримиз, аёлларимиз тарбиялаётган фарзандларимиз ҳам шундай улуғ инсонлар бўлиши учун аёлларимизни эъзозлашимиз, қадрлашимиз ва энг асосийси меҳр беришимиз зарур. Ўз оиласида меҳр-муҳаббат кўрган фарзандларимиз ҳам меҳрли бўлиб катта бўлади. Акс ҳолда эса, юқоридаги худбин, жаллод инсонлар, жамиятимизнинг “оғриқли нуқталари”ни вояга еткизамиз.
“Бир болага етти маҳалла ота-она” мақоли бежизга айтилмаган. Биз ҳам ҳар бир маҳалла кесимида, оилалар, хонадонларга, айниқса, қўшнимизнинг оиласидаги нотинчликка эътиборсиз бўлмаслигимиз керак. Айниқса, бу ишларда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, хотин-қизлар фаоллари, ички ишлар нозирлари бош-қош бўлишлари лозим. Бахтсиз ҳодиса билан эмас, уни олдини олиш билан курашилсагина, жамиятимизда аҳил, тинч оилалар сони ортади, ҳимоя ордерлари сони камаяди.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.