Ишчи гуруҳлар зиммасидаги вазифалар белгиланди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида бир қатор қонунлар лойиҳалари кўриб чиқилгач, фракция аъзоларининг сайлов округлари, ҳудудлардаги юзма-юз мулоқотларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш, депутатлик ва парламент назоратининг натижадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Аҳоли вакилларидан тушаётган мурожаатларга ечим топиш мақсадида электорат манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий масалаларда парламент сўрови юборишга тайёргарлик кўриш бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, уларнинг олдидада турган вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, учрашувларда боғчаларга электрон навбатга қўйишда жойларда юзага келаётган масалаларни тизимли ҳал қилиш, давлат хизматлари портали орқали шаклланган электрон навбатнинг устуворлигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий фаолликни ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида фуқароларни ижтимоий ҳимоя реестридан чиқариш амалиётини янада такомиллаштириш, жойларда юзага келаётган айрим ноаниқликларни фуқаролар фойдасига бартараф этиш кераклигини қайд этишди.

Масалан, эҳтиёжманд оилалар, тадбиркор ва аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази ўртасида уч томонлама шартнома тузилиб, субсидия асосида жўжа тарқатилган. Лекин ишлар ҳали тўлиқ йўлга қўйилмай, оилаларга даромад манбаи пайдо бўлмасдан, “Темир дафтар”дан чиқариш, ижтимоий нафақаларни тўхтатиш ҳолатлари кузатилаётганига эътибор қаратилди.

Фракция ишчи гуруҳи масалани атрофлича ўрганиш, зарур бўлса, меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлайдиган бўлди.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш