Таълим тизимини янада ривожлантириш Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган энг асосий вазифалардан экани ҳаётда кўринмоқда. Мақсад – Янги Ўзбекистоннинг мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб шаклланишига эришиш.
Бу хайрли мақсадга эришиш учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Президентимизнинг Ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табригида ҳам муҳим масалалар хақида сўз борди.
Инсон капиталига сармоя киритиш, таълимни ислоҳ қилиш, мактаб инфратузилмасини такомиллаштириш, ўқитувчилик касбининг мавқеини ва таълим сифатини ошириш, фарзандларимизни ҳар жиҳатдан етук, интеллектуал салоҳиятли, эртанги кунимиз суянчи ва таянчи бўла оладиган инсонлар сифатида камол топтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бунинг ифодасини соҳада замонавий педагогик технологиялар, ривожланган давлатлар тажрибаси кенг қўлланаётгани, таълим-тарбия жараёни инновацион ёндашувлар асосида олиб борилаётгани, ахборот-коммуникация технологиялари, мультимедиа воситаларидан оқилона фойдаланилаётгани, халқаро миқёсда ҳам таълим ва тажриба алмашув жараёни изчил ривожланиб бораётгани каби истиқболли одимларда яққол кўриш мумкин.
Юрт иқтисодиёти барқарор, ҳар томонлама рақобатбардош бўла олиши ҳам асосан кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ. Бундай кадрлар эса, энг аввало, мактабда шаклланади. Яхши йўлга қўйилган таълим тизими сифатли кадрларни, сифатли кадрлар эса ривожланган жамиятни барпо этади. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган айни пайтда инсон капиталига сармоя киритиш, таълимни ислоҳ қилиш устувор вазифалардан бирига айланди. «Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади», деган эзгу ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилди.
Республикамизнинг барча ҳудудларида Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этилиб, уларга энг малакали мутахассислар жалб этилди. Шунингдек, мактабларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, барча ҳудудда замонавий ўқув масканлари барпо этилмоқда. Хусусан, 2022-2026 йилларда халқ таълими тизимини ривожлантириш бўйича Миллий дастур қабул қилингани, мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича Миллий кенгаш ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Айни вақтда Ўзбекистон тарихида биринчи марта бошланғич синфларда фанларни ўзлаштириш даражасини аниқлайдиган нуфузли халқаро баҳолаш дастурлари йўлга қўйилди. Жорий йилда давлат бюджети ҳисобидан барча замонавий шароитларга эга 51 та янги мактаб бунёд этилди. Шунингдек, 1660 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 119 мингдан ортиқ ўқувчи ўрни яратилди. Шу билан бирга, 465 та мактаб учун қўшимча ўқув бинолари, 115 та спорт зали ва майдончалари барпо қилинганини қайд этиш лозим. Таълим масканларига 35 мингдан зиёд қўшимча ўқув жиҳозлари тўплами етказилиб, 1 минг 900 га яқин мактабнинг инфратузилмаси тубдан янгиланди. 2,5 мингдан зиёд синфхона 31 мингта замонавий компьютерлар билан таъминланди. Янги ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги 137 та мактабда инклюзив синфлар ташкил этилиши натижасида ногиронлиги бўлган юзлаб болаларнинг фаол билим олишига шароит яратилди.
Ўқитувчиларнинг билими ва касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай чора-тадбирлар туфайли кейинги бир йилда малака тоифасига эга муаллимлар сони 300 мингдан ошгани таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Айни пайтда мактаблар учун замонавий ўқув дастурлари ва дарсликлар яратиш бўйича ЮНИСЕФ, ЮСАИД халқаро ташкилотлари билан ҳамкорликда, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Финляндия каби ривожланган давлатларнинг тажрибали экспертлари иштирокида кенг қамровли изланишлар давом эттирилмоқда.
Жамиятда муаллимнинг мавқеини, ўқитувчилик касбининг нуфузини оширишга катта эътибор қаратилаётир. Жумладан, педагоглар ойлик маошининг 1,5 баробар оширилгани бунинг далилидир. Таъкидлаш жоизки, ўқитувчига ҳурмат-эҳтиром жамиятни ўзгартиришдан бошланади. Шу боис, айнан халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларни бошлашда қўйилган энг катта вазифа ҳам жамиятда устознинг нуфузини ошириш бўлди. Авваллари ўқитувчи деганда кўз олдимизга далада пахта тераётган ёки ободонлаштириш билан шуғулланаётган инсонлар келарди. Ҳатто шунақа ҳолатлар бўлдики, мактаб ўқитувчиси маҳаллий ўғит ташиш ёки битмай қолган намунавий уйлар атрофини тозалашгача жалб қилинди.
Ўқитувчи фақат маош олиш учунгина бу касбни танламайди. Болаларга меҳр қўйган, соҳага фидойи, ўзининг ишини яхши кўрган инсонгина ўқитувчи бўла олади. Кўпгина фидойи ўқитувчилар энг қийин пайтларда мактабни тарк этмаганининг боиси ҳам шунда. Ўқитувчиликни шараф деб билган, касбининг машаққати ортидан роҳатланган устозларни ҳар биримиз ҳаётда учратганмиз.
Таъкидлаш керак, ислоҳотлар ўқитувчиларни мактабга қайтариш, уларни таълимдан бошқа, хизмат вазифасига кирмайдиган барча ишлардан, ортиқча қоғозбозликдан озод қилишдан бошланди. Бунинг натижасида ўқитувчининг ўз устида ишлаши ва болаларга қўшимча дарс беришига имконият яратилди. Мактабнинг самараси битирувчиларнинг ҳаётда муваффақиятга эришиши билан ўлчанади. Хусусан, йиллар давомида бирорта олий маълумотли мутахассис чиқмаган 2000 дан ортиқ мактаб ва маҳалладан бугунги кунда бўлғуси шифокор, журналист, муҳандис, ўқитувчилар чиқишни бошлагани қувонарли. Бу билан нафақат мактаб болаларининг келажакдаги ҳаёти сифати ошмоқда, балки ўша ҳудуд, маҳаллаларда камбағалликнинг олдини олишга замин яратилаётир.
Узоқ йиллар мобайнида халқ таълими тизимида йўл қўйилган камчиликлардан бири мактаб таълимини қамраб олувчи ва мазмунини яққол ифодалайдиган яхлит дастур ишлаб чиқилмагани эди. Ваҳоланки, ўқувчи мактабни битиргунига қадар эгаллайдиган кўникмаси, билими билан бирга, ўқитувчиларга ўқувчиларнинг ўзлаштиришини кузатиши ва ёрдамлашиши учун меъёрлар жамланган ягона таълим дастурининг самарадорлиги қатор мамлакатлар тажрибасида ўзини оқлаган.
Шуни ҳисобга олиб, дарсликлардан олдин миллий ўқув дастури яратилди. Нимани ўқитамиз, деган масала қайта кўриб чиқилди. Мазкур ҳужжат замонавий ўқувчи эгаллаши керак бўлган тўрт муҳим жиҳатнинг ривожланишини таъминлайди. Булар — танқидий фикрлаш, ижодий ёндашиш, ҳамкорлик ўрнатиш ва мулоқот қилиш кўникмалари. Миллий ўқув дастурида мактаб битирувчисига талаблар, ўқув юкламалари, ўқитиш методикаси ва баҳолаш тизими белгилаб берилади.
Қолаверса, 1-2-синфнинг китоблари янги дастур асосида чиқяпти. Аввалги дарсликдан нимаси билан фарқ қилади, деган савол туғилиши табиий. Масалан, 1-синф математика дарслиги болани таҳлилий-танқидий фикрлашга ўргатишга қаратилган. Математика фақат рақамлар, ҳисоб-китоб, формуладан иборат эмас, болани мантиқий фикрлаш, умумлаштириш, ажратиш, ўхшашларини белгилаб олиш, дунёқарашини ўстиришга мўлжалланган дарслик бўлишига эътибор берилди. Кейинги фарқи — олдин ўқитувчининг китоби бўлмаган. Фақат битта дарслик бўлган. Ҳозир дарсликдан ташқари ўқитувчининг китоби ва машқ дафтари, мультимедиа иловаси, умуман, ҳар бир фан бўйича тўртта материал ишлаб чиқилди. Бу мажмуа Кембриж системаси бўйича яратилди. Ўқитувчига тайёр ўқув қўлланма берилаётир. Авваллари ўқитувчига «конспект» ёзасан, дейилган. У «конспект» ёзиши учун қўлида на бир қўшимча адабиёт, на интернет бўлган.
Ҳамма синфлар учун мўлжалланган «Тарбия» китоблари чиқарилди. Бу китобларда нафақат яхши тарбия ҳақида сўз боради, балки бахт ва муваффақият сирлари ҳам ўргатилади. Бахт ва муваффақиятга эришган инсонлар тажрибаси орқали ўқувчи руҳлантирилади.
Чет тилларни ўрганиш ҳар қандай мутахассисни тайёрлашда, унинг кейинги фаолиятида катта аҳамият касб этади. Хорижий тилларни ўқитиш методикаси тўлиқ қайта кўриб чиқилмоқда. Халқаро даражада инглиз тилини ўргатадиган тўлақонли китоблар келтириляпти. Инглиз тилида халқаро сертификатга эга ўқитувчилар сони кўпаймоқда. IELTS ва TOEFL — бу инглиз тилини билиш даражасини кўрсатадиган сертификат бўлса, TESOL инглиз тилида дарс бериш имкониятини билдиради. Яъни, ўқитувчи инглиз тилини билиши, аммо яхши дарс беролмаслиги мумкин. Келгуси 2 йил давомида яна 15 минг ўқитувчини қайта тайёрлаш кўзда тутилган. Бу АҚШ билан ҳамкорликдаги English Speaking Nation лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу сертификатни олган ўқитувчиларнинг маоши оширилди. Масалан, CEFR бўйича 15–30 фоизлик устама олса, TESOL ёки С1 даража сертификатига эга бўлганидан сўнг унинг устига яна 50 фоиз устама қўшилади. Оддий ўқитувчи 30 фоиз устама олса, яна 50 фоиз устама олишини тасаввур қилинг. Энди шу ўқитувчи агар таълим сифати паст бўлган бошқа ҳудудга борса, яна қўшимча 100 фоиз устама олади.
Ислоҳотлар ўз самарасини беряпти. Охирги уч йилда мактаб битирувчилари ичида халқаро сертификатга эга бўлганлар 10 баравар ошди. «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали ўтган йилдан бошлаб 100 нафар битирувчилар чет элнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди. Бу кўрсаткич йил сайин ошиб боради.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар олдига таълимни ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар қўйилган. Бу жараёнда кўп омиллар ҳудуд раҳбарлари, яъни ҳокимларга боғлиқ. Ҳар бир шаҳар, туман ҳокимлари чет тилини ўрганиш муҳитини яратиш бўйича иш олиб бормоқда.
Шу ўринда PISA (The Programme for International Student Assessment) ҳақида ҳам тўхталиш жоиз. PISA — бу халқаро таълим сифатини ўлчайдиган тест. Албатта, юқори натижага эришиш осон эмас. Яхшилаб тайёрланиш зарур. PISA болани эгаллаган билимидан келиб чиқиб, ҳаётий муаммони ечишга ўргатади. Яъни, қайси ёзувчи қайси йил туғилган деган нарсани эслаб қоладиган тест эмас, ҳақиқатда ҳаётий, амалий муаммоларни ечадиган тестларни тузиш пайти келди. Бу борада ҳам муҳим ишлар қилинмоқда.
Авваллари педагог ўзи фаолият олиб бораётган мактабдан узилиб, вилоят марказида малака оширган. Бу ортиқча оворагарчиликка сабаб бўлган. Айни пайтда www.onlinedu.uz узлуксиз касбий таълим платформаси орқали муаллим ўзининг вақти ва имкониятига қараб малака ошириши мумкин. Ана шу мақсадда мактабларда оптик толали интернет ўрнатилмоқда. Педагог онлайн тарзда малакасини ошириши, янгиликлардан хабардор бўлишига шароит яратилмоқда. Мактабларни ахборот технологиялари билан жиҳозлаш давом этяпти.
Авваллари олимпиадада ғолиб бўлган бола фақатгина мақтов ёрлиғи билан тақдирланган бўлса, айни пайтда халқаро олимпиада ғолиби 122 миллион сўм билан тақдирланяпти. Уни олимпиадага тайёрлаган устозига ҳам деярли шунча пул берилади. Бу тарихда бўлмаган.
Айни пайтда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида кўп ўқувчилар IT йўналишидаги билимларни эгаллади. Энди улар аста-секин даромад топишга ҳаракат қилади. Мақсад ҳам болаларимиз келгусида эмин-эркин бўлиб, яхши даромад топиб яшасин. Ушбу ислоҳотлар нега амалга оширилаяпти?..
Президентимиз таъбири билан айтганда, бугун дунё шафқатсиз рақобат майдонига айланган. Барча соҳаларда қандай кескин кураш кетаётганини ҳар биримиз кўриб турибмиз. Ҳозирги замонда ҳамма жабҳаларда илм, билим ва салоҳият сув билан ҳаводай зарурлиги, ҳар қайси давлат фақатгина шу асосда тараққиётга эришиши, содда қилиб айтганда, инсон билак кучидан кўра, илм кучи билан кўпроқ даромад ва обрў-эътибор топиши мумкинлигини ҳаммамиз кўриб турибмиз.
Даврнинг мана шундай ўткир талабларидан келиб чиққан ҳолда, юртимизда ихтисослаштирилган мактабларнинг мутлақо янгича тармоғи ташкил қилинди. Ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатадиган юзлаб масканлар, IT Parkлар бунёд этилмоқда.
Мақсад Янги Ўзбекистоннинг янги Берунийлари, янги Хоразмийлари, Ибн Cинолари ва Фарғонийларини камолга етказиш, шу орқали жонажон Ватанимизни дунё миқёсида ривожланган, тинч, эркин ва фаровон мамлакатга айлантиришдан иборат.
Шоҳиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 12.10.2022, №41