Муҳим таклифлар илгари сурилди

 

Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш мажлиси жаҳонда рўй бераётган кескин жараёнлар, халқаро майдондаги ноаниқликлар ҳамда мамлакатлар ўртасидаги ишончнинг чуқур таназзули шароитида катта сиёсий аҳамиятга эга воқелик бўлди.

Президентимиз мажлисдаги нутқида давлатлар ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш бўйича таклиф ва ташаббусларни илгари сурдилар. Албатта, ишонч мустаҳкамланиши учун нафақат сиёсий ёки иқтисодий, шу билан бирга, ижтимоий-маданий, маърифий алоқалар кенгайиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Кейинги вақтларда халқаро ҳамжамиятда Афғонистон масаласига эътибор сусайгандек таассурот уйғонмоқда. Воҳаланки, бу мамлакатдаги тинчлик, барқарорлик глобал тинчлик ва барқарорлик билан чамбарчас боғлиқдир.

Мажлисда Президентимиз қатор устувор йўналишларга, хусусан, Афғонистон масаласига эътибор қаратишга чақирди.

Афғонистондаги вазият алоҳида эътиборни талаб қилаётгани, ўттиз йил муқаддам ушбу давлат халқаро террорчилик маконига айланиб қолгани билан боғлиқ аччиқ тажриба қайта такрорланишига асло йўл қўйиб бўлмаслиги қайд этилди.

Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ва келишишни, бунинг учун юқори даражадаги халқаро музокара олиб борувчи гуруҳни шакллантириш ҳақидаги ташаббус ифода этилган Осиё мамлакатларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этди. Афғонистонда тинчлик, барқарорлик бўлиши Осиё давлатлари ўртасида ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Биринчи навбатда йўл ва транспорт логистикасини ривожлантириш имкониятлари кенгайган бўларди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бузғунчи кучлар тарғибот ва мафкуравий таъсирнинг янги услубларидан фойдаланган ҳолда экстермистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этаётганига тўхталиб, ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорлик ўрнатиш, ёшларни ўз кучига ишониши, адолатли келажакни бунёд этишда ўз иштирокини ҳис этиши ҳамда ўз салоҳияти ва умидларини амалда рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Бу мақсадларни амалга оширишда эса турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган, ёшларнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга ва топишга кўмаклашувчи янги формат – Авлодлар мулоқотини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.

Турли давлатлардаги одамлар бир-бири билан қанчалик яқин мулоқотда бўлса, тушуниш, ишонч шунча мустаҳкам бўлади. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам шунга мос равишда ривожланиб боради. Мамлакатимиз раҳбари илгари сурган таклиф шу жиҳати билан ҳам ниҳоятда аҳамиятли, албатта.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш