Тиббиёт ходимига тажовуз қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши лозим

 

Ўз яқинининг саломатлигидан хавотирга тушган инсонлар шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига нажот кўзи билан қарайди. Баъзида кеч мурожаат қилинганлиги сабабли бемор ҳаётини сақлаб қолишга хизмат ходимлари ҳам ожиз бўлиб қолади.

Стресс ҳолатида бўлган, энг ачинарлиси, кўп ҳолатларда спиртли ичимлик ичган бемор яқинлари ўзини идора қила олмай, тиббиёт ходимларига тажовуз қилади. Афсуски, бундай кўнгилсиз ҳолатлар иллатга айланиб бормоқда.

Куни-кеча ҳам шундай ҳолат - “тез ёрдам” ходимининг касалнинг қариндоши томонидан калтаклангани ҳақида хабар тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Жамиятимизда кўпайиб кетаётган бундай иллатга қарши туриш, хусусан, бундай хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш, аниқроғи, безорилик сифатида квалификация қилиш ҳақида ўйлаб кўриш керак. Башарти, тиббиёт ходимига қўл кўтарган шахс ўз ножўя хатти-ҳаракатлари билан жамоат тартибини бузиб, жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қиляпти. Бу қилмиш безорилик ҳисобланиши лозим.

Шу мақсадда Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 277-моддаси учинчи қисмига қўшимча банд - жиноятнинг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилиши бўйича меъёр киритиш керак, деб ўйлайман. Шунда юқорида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор, деб топилганлар уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин бўлади. Бу меъёр катта тарбиявий, профилактик таъсир кучини кўрсатади.

Шу билан бирга, йўлларда “тез тиббий” ёрдам автоуловига йўл бермаслик ҳолатларига нисбатан ҳам жарималар ҳажмини кўпайтириш лозим.

 

Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш