Дунёнинг турли нуқталарида қонли ва қуролли низолар, дипломатик муаммолар чуқурлашиб бораётган вақтда Остона шаҳрида ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг саммити долзарб аҳамиятга эга.
Осиё қитъасида ҳамкорлик ва ишончни мустаҳкамлаш, минтақадаги давлатлар ва халқлар ўртасида муносабатларни кенгайтириш зарурати юқорилигича қолмоқда. Саммитда Кенгашга аъзо ва кузатувчи давлатлар етакчилари томонидан Осиёда тараққиёт ҳамда барқарорлик кафолатини кучайтириш бўйича муҳим фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида юзага келган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани, инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилаётгани, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни секинлаштираётганини таъкидлади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, давлатлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон кейинги йилларда катта натижаларга эришди. Президентимиз барча давлатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантиришга тайёр эканини сўзда ҳам, амалда ҳам исботлаб келмоқда.
Осиёнинг муҳим ва географик жиҳатдан ўрта қисми бўлган Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича улкан натижаларга эришилди. Йиллар давомида ечимини кутиб келаётган муаммоли масалалар юқори самарадорлик билан ҳал этилди. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган давлат сифатида бу жараёнда фаол иштирок этмоқда. Ён қўшни мамлакатлар билан стратегик алоқаларнинг изчил йўлга қўйилгани Ўзбекистоннинг Осиё қитъасидаги бошқа давлатлар билан ҳамкорлигини кенгайтиришга ҳам янги йўллар ва имкониятлар очмоқда.
Давлатимиз раҳбари саммитда минтақамиз учун оғриқли бўлиб келаётган бир масалага алоҳида эътибор қаратди. Яъни, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшаётгани ҳолда, бизнинг мамлакатларимиз жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари ҳисобланиши, бу парадокс ҳолат экани қайд этилди.
Мана шу ҳолатнинг ўзида ҳам Осиё давлатлари ўртасида ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш нега ва қанчалик муҳимлиги кўринмоқда. Агар қитъадаги борди-келди, савдо-сотиқ, иқтисодий-ижтимоий алоқалар фаол йўлга қўйилганида муаммоли ҳолат юзага келмаган бўларди. Чунки, Осиё мамлакатлари иқтисодиёти ва маданияти ранг-баранг, бир давлатда камроқ бўлган маҳсулот албатта қитъадаги бошқа давлатда кўпроқ топилади.
Президентимиз бу борада янги ёндашувлар зарурлигини таъкидлаб, муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш масаласига эътибор қаратилди. Энди ўйлаб кўрайлик, Осиёнинг битта ҳудудидан бошқа ҳудудига озиқ-овқат етказиб бериш учун бир қанча масалаларни ўзаро мулоқот билан, ишонч билан ҳал қилиш лозим.
Масалан, ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш вазифаси кун тартибига чиқади. Озиқ-овқат ишлаб чиқариш бўйича ҳар бир давлатда ўзига хос меъёр, қатъий тартиб-қоида бор. Агар техник регламентда жуда оддий фарқланиш бўлса ҳам импорт-эксперт муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши, озиқ-овқат муаммоси чуқурлашишига олиб келиши мумкин. Осиё давлатлари ўртасида техник регламентларни уйғунлаштириш масаласи шунинг учун ҳам долзарб ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари мазкур йўналишда яна бир муҳим ташаббус – Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратишни таклиф қилди.
Алоҳида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган таклиф-ташаббуслар барча давлатлар учун долзарб бўлиб турган, аҳолининг кундалик турмушига, рўзғорига бевосита алоқадор ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, ишончни амалий натижалар асосида мустаҳкамлашга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.