Парламент нафақат қонунлар қабул қилинадиган, халқ ва миллатда жамият ҳамда халқаро миқёсда фикрлаш кўникмасини ривожлантирадиган беқиёс институтдир. Дунёга қараганда, қаерда ривожланган, иқтисодиёти бақувват, одамлари фаол мамлакат кўринса, ўша ердаги ютуқларнинг муҳим асосида кучли парламент туради. Парламент халқ салоҳиятининг, керак бўлса, қалби ва виждонининг асосий кўзгуларидан биридир.
Кейинги ойларда ким кўраётган, кузатаётган бўлса, билади, парламент анча ўзгарди, муҳокамалар, мунозаралар қизигандан қизияпти. Эҳтимол, ҳаммамиз Янги Ўзбекистоннинг парламенти қандай бўлиши керак, деган залворли саволга муайян жавобларга гувоҳ бўляпмиз. Депутатларни танқид қилувчилар оз эмас, умуман, ўзи нормал жамиятда ҳамма соҳа, касб танқид асосида ривожлангандагина ҳақиқий ривожланиш бўлади. Таҳлил, қарама-қарши фикрлашиш, баҳслашиш парламентнинг қалбидир. Бусиз ҳар қандай парламент руҳиятини йўқотиб қўяди. Шу маънода биз кейинги вақтларда парламентимизнинг руҳи кўтарилгани, чеҳраси очилганини кўряпмиз, десак, ҳеч муболағаси йўқ.
Кеча, 18 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур мажлиснинг кун тартибига 7 та масала киритилиши кўзда тутилган эди. Лекин депутатлар томонидан айрим қонун лойиҳаларини кун тартибидан олиш таклифи берилди.
Масалан, Уй-жой кодекси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва тасдиқланиш учун Сенатга юборилган эди. Аммо Сенат рад этиш хулосаси билан қуйи палатага қайтарганди. Депутатлар мазкур қонуннинг айни дамда долзарблигини инобатга олиб, кодексни қўмитага қайтариб қисқа фурсат ичида қайта ишлаб чиқиш таклифини билдиришди. Натижада қонун кун тартибидан олинди ва қўмитага қайтарилди.
Шунингдек, мажлисда Олий Мажлис Сенати томонидан рад этилган яна бир қонун – «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонунни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги масала ҳам муҳокама этилди. Маъсул қўмита айни қонунни Сенат ва Қонунчилик палаталарининг келишув комиссияларида қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Айрим депутатлар қўмитанинг таклифини рад этиб, Қонуннинг долзарблигини инобатга олиш ва уни Ўзбекистон Республикаси Президентига тўғридан-тўғри юбориш таклифини билдиришди.
Муҳокамалардан сўнг масъул қўмитанинг таклифи овозга қўйилди ва депутатлар мазкур қонун бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун белгиланган тартибда келишув комиссиясини тузиш билан боғлиқ таклифни маъқуллаб, овоз беришди.
Баъзида қонун лойиҳасининг ёки бирор қарорнинг парламентда қабул қилинмагани, кўп муҳокама бўлиб қайтиб кетгани ҳақида танқидий гаплар қулоққа чалинади. Аслида бу парламент ҳаётининг табиий бир қисми. Икки палата ҳамма масалада келишиб, фикри бир жойдан чиқиб кетаверса, икки палатали парламентнинг кераги ҳам бўлмайди. Шунинг учун қонунлар қайтиши, қайта кўрилишига «энди нима бўларкин», деб қизиқиш билан қараш керак.
Депутатлар қонунларни ташаббускорларга, ҳукуматга қайтариш ҳақида осон ва қисқа муддатда қарор қабул қилиши мумкин эди. Лекин улар қийин, фойдали йўлдан юришни танлади. Уй-жой кодекси миллионлаб юртдошларимизга қачондир эмас, бугун керак. Ташқи меҳнат миграциясида ҳал этилиши зарур бўлган, одамлар йиллар давомида кутиб турган қанча масала, қанча савол бор. Парламент халқимиздан бу борада анчадан бери қонун қарздор, десак ҳам бўлади. Депутатлар бунинг масъулиятини билиб, қонунни орқага қайтариб, парламентдан чиқариб юбориш эмас, олиб қолиб, уни тезроқ маромига етказишни лозим топишди. Бунинг учун депутатларни муҳокама қилиш эмас, қўллаб-қувватлашимиз керак.
Мажлисга қайтамиз. Кун тартибидаги навбатдаги масала «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш бўлди.
Маҳкумлар алмашилгандан кейин улар қайси давлат қонунчилиги асосида жазони ўтайди? Битим билан таништирган масъул бу ҳақда ҳам атрофлича тўхталди. Маҳкум ҳукм чиқарилган давлат қонунчилиги бўйича жазони ўтайди ва буни маҳкумни қабул қилаётган томон таъминлаши келишилган. Бу инсонпарвар, давлатнинг халқаро майдонда ҳурматини оширадиган, халқимизнинг тарихий қадриятларига мос бўлган қонун. Депутаталар айрим аниқлаштрувчи саволлардан кейин қонунни қўллаб-қувватлашди.
Мажлисда охирги масала – «Ипотека кредити бозорининг ривожлантирилиши ва кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси бир кун аввал Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида анча асабий тарзда муҳокама этилган эди. Сабаби, ташаббускор томон депутатларнинг саволларига ишонарли, асосли жавоб бера олишмаганди.
Аввало айтиш керакки, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга асос бўлган ҳужжат Президентимизнинг «Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бўлиб, унда вазифа, мақсад аниқ қўйилган. Хусусан, халқимизнинг ипотека кредитлари олиш имкониятларини кенгайтириш, енгилликлар яратиш кўзда тутилган. Лекин қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчилар эзгу мақсадни, вазифани амалга ошириш бўйича ҳуқуқий механизмни тўғри кўрсатиб бера олмаган.
ЎзХДП фракцияси йиғилишида Президент фармонида қўйилган вазифани партия электорати, халқмиз манфаатларига хизмат қилишини ҳисобга олиб, ялпи мажлисда ташаббускор томон кучли тайёрланиб, қўйилган саволларга жавоб топиб келади, деб умид қилиб лойиҳани концептуал жиҳатдан маъқуллаган эди.
Яна Қонунчилик палатаси мажлисига қайтамиз.
Қонун лойиҳаси бўйича ташаббускор томондан маърузачи 2016–2018 йилларда ипотека кредити амалиётининг кенгайиши 82 мингдан ортиқ уй-жойларнинг фойдаланишга топширилишини таъминлагани, натижада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги 400 мингга яқин фуқаролар турар жой шароитларини яхшилаганини қайд этди.
Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп қаватли уйлар, ёш оилаларга, ҳарбий хизматчиларга, бюджет ташкилотлари ходимлари ва аҳолининг бошқа тоифалари учун уй-жойлар қуриш бўйича давлат мақсадли дастурларини изчил амалга ошириш давом этмоқда. Мазкур мақсадлар учун республиканинг тижорат банклари томонидан жами 10 триллион сўмдан ортиқ ипотека кредитлари ажратилган. Яхши юриш бўлди.
Дарҳақиқат, бугун атрофимизда ипотека кредитлари асосида уй харид қилаётганлар талайгина, аммо уй олиш учун ипотека кредитлари ажратилишини кутаётганлар сони олганлардан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин. Шу мазмундаги фикрлардан кейин депутатлар ўйланиб қолиши, эҳтимол кўп савол бермай, лойиҳани ўтказиб юбориши мумкин эди.
Ҳаммага маълумки, ипотека кредитлари бутун дунёда жорий этилган тизим ҳисобланади. Лекин бу тизимнинг концептуал асослари таъбир жоиз бўлса, ҳуқуқий асослари бизда ҳали етарлича таъминланмаган. Мазкур қонун том маънода шу асосни мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак эди.
Аммо маърузачи депутатлардан лойиҳани маъқуллаб беришни сўрагандан кейин саволлар ёмғири ёғди. Аввал қонун лойиҳаси кеч тақдим этилгани ҳақида эътирозлар ҳам билдирилди.
Фармонда белгиланган вазифага мувофиқ, қонун лойиҳаси гаров шартномаси ва гаров хати бўйича ҳуқуқларни расмийлаштириш, рўйхатга олиш ва бошқага бериш, шунингдек, ижобий жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда гаровга қўйилган мулкни ундирувга қаратиш тартибини такомиллаштиришни назарда тутиши керак эди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Улуғбек Вафоев қонун ижодкорларига қуйидаги мазмундаги савол билан мурожаат қилди:
Қонун лойиҳасида электрон гаров хати ҳисоб-китобини юритишни Қимматли қоғозлар маркази депозитарийсига ўтказиш кўзда тутилган. Лекин «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонуннинг биринчи моддасида назарда тутилган қимматли қоғозлар рўйхатида гаров хати йўқлиги ва агар биринчи моддага гаров хати қимматли қоғоз сифатида киритилса, унда қонуннинг концепцияси ўзгариб кетишини таъкидлади. Бу масала қандай ҳал этилиши ҳақида сўралди.
ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова ипотека кредити халқимизга, эҳтиёжманд оилаларга жуда зарур пайтда қўл келаётгани, бу имкониятни ошириш ҳақидаги ҳар қандай тўғри ҳужжатни фракция қўллашга тайёр экани, шу билан бирга, қонун лойиҳаси ташаббускор ташкилотларга манфаатли бўлгани ҳолда, унда ипотека кредитини олувчилар манфаатлари қанчалик ифодалангани ҳақида сўради.
Лойиҳада депутатлар томонидан муҳокамасига сабаб бўлган яна бир жиҳат бор эди. Фуқаро ипотека кредити асосида тижорат банкидан уй олди, маълум вақт ўтгач тижорат банки касодга учради ва ўртадаги ипотека шартномаси учинчи томонга ўтди ва бу катта эҳтимол билан хорижий банк бўлади. Чунки, ипотека кредитлари учун ажратиладиган маблағларнинг катта қисми хориж сармояси ҳисобланади. Шундай ҳолатда хорижий банк фуқаронинг уйини тортиб олмаслигига ёки кредит шартлари ўзгармаслигининг қонуний кафолати қандай бўлиши ҳақидаги саволда ҳам муҳим масала кўтарилди.
Депутатларнинг саволлари, мулоҳазаларига ташаббускор томоннинг жавоблари эртага бу қонундан фуқаролар манфаатларига зиён етиб қолмайдими, деган асосий хавотирни арита олмади. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинмади.
Аммо бу катта муаммо эмас. Қайтанга ташаббускор томон учун, ҳукумат учун қулай имконият. Саволларга жавоб, эътирозларга ишончли, қонуний асослар топиб берилса, кейинги келишда осонроқ бўлади. Асосийси, ташкилотларга фойдали, фуқароларга зиён етказиш эҳтимоли бартараф этилган қонун қабул қилинади.
Мажлис тафсилотлари жуда чўзилиб кетмаслиги учун шу ерда тўхтаймиз.
Тўлқин ТЎРАХОНОВ,
Аҳмад ҚУРБОНОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбирлари.
«Ўзбекистон овози», 19.10.2022, №42