Ўзини номуносиб тутган ҳокимларнинг вазифасидан бўшатилгани бутун мамлакатда шов-шув бўлди. Бу керак эди, ҳам ибратли, ҳам ҳикматли шов-шув бўлди.
Давлат фуқаролар билан гаплашмаса, мулоқот қилмаса, икки томоннинг ҳам муаммоси кўпайиб кетаркан. Халқ билан мулоқот тизими нафақат кўп йиллик муаммоларни ҳал қилди, шу билан бирга, давлат хизматидаги муаммоларни ҳам кўрсатиб қўйди. Хизматчиларнинг фуқароларга, мурожаатчиларга қўпол, ножоиз, маданиятсиз муносабатда бўлиши ҳолатлари кўриниб қолди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4 август санасида давлат хизматини ислоҳ қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказган эди. Унда соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш 30 йилга қолдирилгани, ҳали давлат хизмати чинакам халқни рози қиладиган тизимга айланмагани таъкидланганди. 8 август куни эса «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун имзоланди. Бундан кейин кўп нарса ўзгаради. Давлат хизматчисига ҳурмат кўрсатилади, шу билан бирга, одамларга ҳурматда бўлиш талаб ҳам қилинади.
Элга хизмат қилиш мушкулот эмас, шарафга айланиши учун катта сиёсат юритиляпти. Алишер Навоий ҳазратлари бунинг бор ҳикматини шундай ифодалаган:
Наъфинг агар халққа бешакдирур,
Билки бу наъф ўзингга кўпракдирур.
Куни кеча давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари тасдиқланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги «Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Соҳага оид қонунга кўра, давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги касбий фаолият эгаларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари белгиланган бўлса, мазкур ҳужжатда уларнинг этика-эстетика меъёрлари кўрсатилган.
Дилбар МАМАДЖАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
– Кейинги вақтда айрим амалдорларнинг обод-ахлоқ қоидаларидан ташқарига чиқиши билан боғлиқ ҳолатларга кунда-кунора дуч келяпмиз, ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боряпмиз. Тан олиш керак, раҳбарларнинг, айниқса, ҳокимларнинг кимнидир сўкиши ёки кимгадир қўл кўтариши билан боғлиқ ҳолатлар янгилик бўлмай қолган эди. Тўғриси, бу эски касаллик эди.
Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари ўртасида коррупциявий омилларнинг кўпайиб бориши ҳамда қариндош-уруғчилик муносабатларининг ортиб бориши, қўпол муомила кўплаб билимли кадрларимизни ташқарига меҳнат мигранти сифатида чиқиб кетишига сабаб бўлади.
«Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари» давлат хизматчиларининг фаолиятига оид ва хизматдан ташқари одоб-ахлоқи, жамоатчилик билан муносабатларига доир қоидаларни ўзида акс эттиради.
Фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий аҳволи, ва бошқа омиллардан қатъи назар, улар билан самимий, меҳрибон ва одоб доирасида муомала қилиши зарур. Шу билан бирга, давлат хизматчилари давлат хизматидан ташқари вақтда ҳам айрим нормаларга, яъни миллий урф-одат, қадрият ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиши, дабдабабозлик, маишатбозлик, шуҳратпарастлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймасликка мажбур экани таъкидланган.
Мазкур ҳужжатга кўра, давлат хизматчиси ҳалол, камтар бўлиши, жамоатчилик танқидига йўлиқмаслиги, танқидга учраганда эса таъқиб қилмаслиги, бировнинг манфаатини кўзлаб совға, фойда ва мукофот олмаслиги, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилмаслиги лозим.
Шунингдек, бугунги кун давлат хизматчиси давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳатти-ҳаракатлардан тийилиши, ахлоқ нормаларига доимо риоя қилиши, коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиши, энг аввало, инсонлар билан муносабатда хушмуомалалик, эътиборлилик ва ҳушёрлик билан давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини уйғота билиши зарур. Улар нафақат хизматда, балки оиласида ҳам соғлом муҳитни таъминлаши, яқинларига ғамхўр бўлиши, фарзандларида яхши фазилатларни шакллантириши лозим.
Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ нормаларига риоя этиши, биринчи навбатда, жамиятимиз учун намуна ва ўрнак бўлади. Иккинчидан, фуқароларнинг давлат хизматчиларидан ва давлатдан розилигига ҳисса қўшади.
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Жамиятда давлат хизматчиси, раҳбар бўлиб ишлаш бу театрда омманинг олдида ўзини актёр сифатида кўрсата олишдек маҳорат талаб қиладиган вазифа. Чунки бутун омманинг назари, эътибори ўша шахсга қаратилган бўлади. Ҳар бир давлат хизматчиси ўша лавозимга муносиб бўлиши лозим. Улар ўз ишининг устаси, тажрибали мутахассисликдан ташқари, юриш-туришидан тортиб, оиласидаги муносабатларда ҳам бошқаларга намуна кўрсата олиши зарур. Зеро, улардан атрофдагилар ўрнак олади.
Жорий йилнинг март ойида Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Унда давлат хизматчиларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари белгиланган эди. Яқинда ушбу қонун кучга кирди. Куни кеча эса ҳукуматнинг одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этишни таъминлаш бўйича қарори қабул қилинди. У ерда касбий маданият, хизмат пайти ва хизматдан ташқаридаги одоб-ахлоқ меъёрлари белгиланди. Тўғри, шу кунга қадар ҳам бундай нормалар бор эди. Аммо амалда ҳар доим ҳам яхши ишламади.
Охирги пайтларда ҳокимлар, раҳбарларнинг қўполлиги ушбу қарорнинг қабул қилинишига сабаб бўлди, деб ўйлайман. Биргина Андижон тумани ҳокимининг сайёр қабулдаги ўзини тутгани муҳокамаларни келтириб чиқарди. Ёхуд қўл остидаги аёллар билан яқин муносабат ўрнатиши билан боғлиқ ҳолатларга ҳам йўл қўйиб бўлмайди.
Демак, айнан мана шу каби масалаларда одоб-ахлоқ талаблари бузилиши жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамланишига эҳтиёж бор эди. Ҳар қандай ноқонуний ҳаракат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Чунки одамларнинг ёмони ортидан одамларни етаклайди ва жамиятга жиддий зарар етказади. Бу раҳбарларга ҳам тааллуқли. Сабаби раҳбар ҳар томонламана мукаммал бўлиши лозим.
Масалан, бош врачлар ёки соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқларини олайлик. Улар коррупциядан ҳоли, ўз ишининг устаси, фидойи ва виждонли бўлиши талаб этилади. Қўл остидагиларининг ишини баҳолашда уларга йўл кўрсатиб, билмаганини ўргатиб, камчиликларини бартараф этишга қодир бўлиши лозим. Кийиниш маданияти, гапириши, керак бўлса, мимика ва ҳаракатларида ҳам, умумун, сочидан тирноғигача вазифасига муносиб бўлиб, ярашиб туриши керак, деб ўйлайман.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 19.10.2022, №42