Оилавий поликлиника бош врачлари жамоатчиликка ҳисобот бермоқда

 

Кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби тиббиётда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилдики, бу Янги Ўзбекистонда "Тиббиёт — инсон қадри учун" тамойилининг устуворлигига сарзамин бўлди.

Бу ислоҳотлар самараси ўлароқ ҳар бир ҳудудда тиббиётнинг бирламчи бўғини бўлган оилавий поликлиникалар, қишлоқ оилавий шифокорлик пунктлари моддий техник базасини яхшилаш, шифокорлар ва ўрта тиббий ходимларнинг малакасини ошириш, тиббиёт масканларини зарур тиббиёт ускуналари ва дори воситалари билан таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, узоқ қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган ҳамюртларимизга тиббий хизматни яқинлаштириш, шаҳар оилавий поликлиникаларида эса узундан узоқ навбатларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида юқумли касалликлар тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида алоҳида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қилинаётган кенг кўламли мазкур ислоҳотлар тизим тараққиётига қай даражада таъсир қилмоқда, умуман фуқароларимиз бугун тиббий хизматдан мамнунми? Тиббиётнинг бирламчи бўғини бўлган оилавий поликлиникаларда қандай муаммо ва камчиликлар мавжуд?

Шу каби масалаларни чуқур ўрганиб, керакли чораларни кўриш, амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг жамоатчиликни бохабар этиш мақсадида ҳар бир оилавий поликлиника бош врачи маҳаллий Кенгашлар депутатлари, жамоатчилик вакиллари олдида ҳисобот бериш амалиёти ҳам жорий этилган. Бухоро шаҳридаги мусиқа мактабида ўтказилган йиғилишда депутатлар ва жамоатчилик вакиллари Бухоро шаҳар 4-сон оилавий поликлиника бош врачининг ҳисоботини тинглашди. Унда халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари доимий комиссияси раиси Жонибек Матниёзов, ЎзХДП Бухоро шаҳар Кенгаши раиси, шаҳар Кенгаши депутати Робия Казимова иштирок этди.

Ҳисобот юзасидан депутатлар 4-оилавий поликлиника бош врачи Элёр Туйғуновга кўпгина саволлар билан мурожаат қилишди. Халқнинг таклифлари, юзага келган муаммоли ҳолатларни бартараф этиш юзасидан бош врачнинг фикрлари ва келгуси режалари тингланди. Ҳудудда аҳолига тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш учун истиқболдаги режалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Айтиш жоизки, бундай хисобот бериш амалиёти Бухоро шаҳридаги 1,2, 3, 7 - оилавий поликлиникаларда ҳам бўлиб ўтди. Учрашув доирасида депутатлар томонидан сайёр қабул ташкил этилиб, улар ҳудуд аҳолиси билан юзма-юз мулоқотда бўлишди. Аҳоли томонидан тушган мурожаатлар аксарияти жойида ҳал этилди. Жумладан, Тохирова Рисолатнинг мурожаатига асосан депутат Р. Казимова саъй-ҳаракати билан фуқаро " Кармен" хусусий клиникасида бепул МРТ аппаратидан ўтказилди. Бухоро шаҳридаги 29-мактаб директори Гулчеҳра Равшанованинг мактаб тиббиёт хонасига тиббиёт ширмаси олиб бериш борасидаги илтимоси ҳам бир кунда ҳал этилди.1963 йилда туғилган фуқаро Сабоҳат Турсуновада онкологик касаллик аниқланиб, аёлнинг оилавий шароити оғирлиги эътиборга олиниб, бепул жарроҳлик амалиёти асосида даволанишига имкон яратилди.

Халқ билан мулоқот бугун ҳар қандай давлат идоралари мутасаддилари зиммасидаги энг устувор вазифалардан биридир. Қайси тизимда бўлмасин, халқ билан юзма-юз мулоқотдан мақсад битта, у ҳам бўлса — халқ дардини тинглаш, аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш ва муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш. Қолаверса, бу халқ манфаати барча нарсадан устун деган тамойилнинг амалдаги ифодасидир.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш