Кўнгил кўтарилиб, ишонч ошмоқда

 

Яқинда, яъни 17 сентябрь куни Молия вазирлиги «Ташаббусли буджет» лойиҳасининг 2022 йил 2-мавсуми якунланганлигини маълум қилди. Овоз бериш якунларига кўра, мамлакат бўйлаб 1418 та лойиҳа ғолиб, деб топилди. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун эса 1 трлн. сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Эътиборли томони шундаки, одамлар овоз йиғишга, кўтарган ташаббуслари учун ҳаққоний курашишга ҳаракат қилмоқда. Муҳими, ҳар бир ҳудуддаги энг ташаббускорлар ғолиб бўляпти. Халқ овози асосида маблағлар йўналтириляпти.

Қувонарли жиҳати, куни кеча давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳа давом этиши ва унга қўшимча маблағ йўналтирилишини таъкидлади.

17 октябрь куни Президентимиз бошчилигида маҳаллалар инфратузилмасига ажратилаётган маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш масаласи бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда маҳаллаларда аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Жумладан, шу йилнинг қолган икки ойида 5 минг 284 та маҳалла инфратузилмасини яхшилашга 2 триллион 700 миллиард сўм ажратилади. Ички йўлларни таъмирлашга маблағлар ҳажми 2,2 баробарга оширилади. «Ташаббусли бюджет» доирасида 1,5 мингта маҳалладаги лойиҳаларга 1 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилади.

Келгуси йилдан «Ташаббусли бюджет» лойиҳалари учун 8 триллион сўм берилади. Бу мисли кўрилмаган, миллионлаб одамларнинг кўнглини, кайфиятини кўтарадиган, ишончини оширадиган рақам.

Йиғилишда бу маблағлардан самарали фойдаланиш ва сарфланишини назорат қилиш масалалари муҳокама қилиндиб, вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, келгуси йилдан «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ», йўл қурилиши ва бошқа давлат инвестиция дастурларини шакллантириш ва амалга оширишнинг янги тизимига ўтиш қайд этилди. Асосийси, ушбу дастурлар ва харажатлар фақат ва фақат аҳоли овоз берган лойиҳаларга йўналтирилади. Прокурорлар эса ажратилаётган «ҳар бир сўм»нинг ўз ўрнида ишлатилишини таъминлаб, назорат қилиши лозим.

Шу боис, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори давлат дастурлари ижроси юзасидан янги назорат тизимини жорий этиш, талон-торожлик ва қонунбузилишларнинг олдини олиш, қурилишларни очиқ-ошкора тизим асосида амалга ошириш чоралари тўғрисида ахборот берди.

Президентимиз қурилиш жараёнларини назорат қилишда аҳоли иштирокини кенгайтириш, объектларни қабул қилиш комиссияларига маҳалла раисларини киритиш бўйича кўрсатма берди.

Келгуси йил 1 январдан бошлаб, қиймати 10 миллиард сўмдан юқори бўлган қурилиш объектларига хорижий техник-назорат мутахассислари жалб қилиниши, давлат объектлари бўйича лойиҳа ҳужжатлари «Қурилиш ресурслари классификатори» платформаси асосида ишлаб чиқилиши белгиланди. Бу платформа қурилиш материаллари нархларини ягона тамойил асосида шакллантириш имконини беради.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига лойиҳалар, пудратчилар ва қурилиш ҳақидаги маълумотларнинг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.

 

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни яратиш бўйича чинакам ислоҳотлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Ҳаётга янги кўз билан қараш аввало, халқимизнинг ватан тақдирига муносабати, жамиятдаги ўз ўрнини аниқ била бошлаганида кўринмоқда.

Президентимизнинг қўллови билан йўлга қўйилган «Ташаббусли бюджет» ҳаракати ҳар бир маҳалла аҳлини ўзининг кичик ватанини обод қилиш, муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, бефарқ бўлмаслик, қулайликлар яратиш йўлида бирлаштирди.

Вилоят ва туманларда аҳоли билан суҳбатлашганда ана шу лойиҳа орқали фуқароларнинг жамият ҳаётига дахлдорлик ҳисси бир неча бор ошганига амин бўлдик. Буюк Амир Темурнинг маслаҳат ва тадбир билан иш юритиш ҳақидаги тузуги, ҳикмати амалда рўёбга чиқаётганини кўрдик.

Президентимиз келгуси йилдан бошлаб «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» каби аҳоли фаровонлигига йўналтирилган дастурларни молиялаштириш фақат аҳоли овоз берган лойиҳалар бўйича амалга оширилишини билдирдилар. Бу халқимизнинг бирдамлиги, ақлу тафаккури, заковатига билдирилган юксак ишончдир.

 

«Ўзбекистон овози», 19.10.2022, №42

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш