Икки томонлама муносабатларнинг янги босқичи

 

Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари азал-азалдан яқин дўст, аҳил қўшни, стратегик ҳамкор сифатида муштарак мақсадлар билан яшаб келган. Шу сабабли икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг илдизи узоқ тарихга бориб тақалади ва ўзаро ҳурмат, ишонч асосига қурилган.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси сифатида қатор тарихий ҳужжатлар имзоланди. Дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро ёрдамни аямаслик мазмунидаги 1996 йил 16 январь, 2004 йил 19 ноябрь ва 2007 йил 18 октябрдаги келишув ҳужжатлари – шартномалар шулар жумласидан.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳаммедов таклифига асосан ушбу дўст мамлакатда бўлиб, халқларимизнинг манфаатларига хизмат қиладиган муҳим тадбирларда иштирок этаётгани ҳаммамизнинг диққат-эътиборимизда бўлиб турибди. Бугун Туркманистон Ўзбекистоннинг яқин стратегик ҳамкорларидан биридир. Ўзаро дўстлик алоқалари ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.

Икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги музокарада давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча йўналишларда изчил кенгайиб бораётганини, минг йиллар давомида ўзбек ва туркман халқлари ёнма-ён яшаб, бир-бирига таянч бўлиб келганини катта мамнуният билан қайд этгани ҳам муносабатларнинг нечоғли аҳамиятла эканлигини кўрсатиб турибди.

Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Ушбу стратегик ҳужжат мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада кенг кўламда ривожлантириш имконини беради.

Ташриф давомида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар ҳам қабул қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида сиёсий мулоқот, парламентлараро, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш бўйича 2022-2024 йилларга мўлжалланган Амалий ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Қардош икки давлат ҳукуматлари ўртасида доимий мулоқотнинг давом этиши ҳамкорликнинг турли масалаларини ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга.

Ҳамкорлик алоқалари жуда сеқиррадир. Мисол учун, Туркманистон Ўзбекистоннинг минтақадаги асосий савдо шерикларидан ҳисобланади. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари ва турли хизматларни экспорт қилади. Туркманистондан нефть маҳсулотлари, механик ускуналар, полимерлар ва бошқа кимёвий товарлар импорт қилинади. Ўзаро товар айланмаси 2021 йилда 902,9 млн. долларни ташкил этиб, 67,6 фоизлик ўсиш қайд этилган.

Шунингдек, транспорт-логистика алоқаларини глобал миқёсда қайта кўриб чиқиш шароитида Ўзбекистон ва Туркманистон соҳада ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор.

2021 йил якунига кўра, автомобиль транспортида халқаро юк ташишҳажми 17 фоизга ўсган. 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида 1,33 млн. тонна, жумладан, экспорт юклари 443,98 минг тонна, импорт юклари 497,86 минг тонна, транзит юклари эса 385,29 минг тоннани ташкил этган.

Туркманистон минтақада асосий транзит давлатлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон товарларининг катта миқдорини Эрон чегарасигача ва ундан кейин Форс кўрфази портларигача олиб ўтиш ушбу давлат ҳудуди орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, томонлар “Ўзбекистон – Туркманистон – Каспий денгизи – Жанубий Кавказ” транспорт маршрути салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорликда ишламоқдалар.

Икки мамлакат коммуникация тизимларини интеграция қилиш юкларни нафақат Ўзбекистон ҳудуди орқали Туркманистонга ва аксинча ташиш имконини беради, шу билан бирга, Яқин ва Ўрта Шарқ бозорларига қисқа йўл орқали чиқишни таъминлайди.

Шу маънода, минтақанинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари билан шуғулланиш мақсадига қаратилган, бутун Марказий Осиё учун ягона ва жуда зарур бўлган мулоқот майдонини ислоҳ қилиш борасида Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ёндашувларидаги якдилликни кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш