Халқаро шерикчилик алоқалари мустаҳкамланади

 

Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан стратегик шериклик алоқалари дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларига, ўзаро яқин савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликка асосланган. Бугунги кунда Туркманистон билан муносабатларимиз ҳам шу асосида юксак суръатлар билан ривожланиб бормоқда.

Таъкидлаш жоиз, ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги алоқалар азалдан мустаҳкам бўлган. Асрлар мобайнида тинч, ўзаро келишиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшаб келган. Кейинги йилларда халқларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар янада мустаҳкамланмоқда.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20-21 октябрь кунлари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлгани ўзбек-туркман халқлари ўртасидаги азалий дўстлик, қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Эътиборли жиҳати, мулоқотлар жараёнида икки давлат раҳбарлари кооперация лойиҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, саноат, энергетика, кимё тармоғи ва қишлоқ хўжалиги каби устувор тармоқларда янги лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш борасидаги ишларни кучайтиришга келишиб олинди.

Қайд этиш жоиз, транспорт соҳаси – ҳамкорликнинг стратегик йўналишларидан биридир. Шу боис, давлат раҳбарлари “Шарқ – Ғарб” ва “Шимол – Жануб” йўналишларида, шу жумладан Туркманбоши порти имкониятларидан фойдаланган ҳолда транспорт йўлакларини фаол ривожлантиришга аҳдлашиб олдилар. Транспорт-транзит коридорининг муваффақиятли амалга оширилиши транзит юк оқимларини кўпайтириш ва лойиҳа иштирокчиларини ташқи бозорларга энг қисқа ва самарали равишда кириш имконини беради.

Шунингдек, парламентлараро мулоқот ва халқ дипломатиясини янада кенгайтириш, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф давомида икки давлат иқтисодий ва савдо алоқаларини яхшилаш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлкатларимиз аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш, ялпи ички маҳсулот таркибида савдо ва саноатнинг улушини ошириш, экспорт бозорларига чиқиш ва аҳолини сифатли саноат маҳсулотлари билан таъминлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, ташриф чоғида имзоланган ҳужжатлар дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга, икки мамлакатнинг равнақига хизмат қилади.

 

Ўрол ЎРОЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш