Туркманистон билан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Икки давлат ўртасидаги мустаҳкам муносабатлар асрлар давомида шаклланган анъанавий дўстлик ришталарига, яхши қўшничилик алоқалари ва ўзаро ишончга асосланган.
Жорий йил март ойида олий давлат лавозимига сайланган Туркманистоннинг амалдаги Президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш ва икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш йўлини давом эттирди. Таъкидлаш жоизки, сўнгги уч ой давомида икки давлат раҳбарларининг тўрт марта учрашгани Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги алоҳида муносабатларнинг яққол ифодаси бўлиб, бу бутун минтақа учун намунадир. 14-15 июль кунлари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи бўлиб ўтди ва бу замонавий ўзаро муносабатлар тарихида янги саҳифани очди.
Қардош ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги маданий гуманитар алоқалар ҳам кенгайиб бормоқда. Тошкент шаҳрида атоқли туркман шоири, файласуф ва мумтоз шоир Махтумқули Фироғий номидаги кўча ва унинг барелефининг очилиши, «Ашхобод» боғининг ишга туширилиши халқларимизнинг мустаҳкам дўстлиги, бирлиги ва маданий яқинлигининг ёрқин рамзи бўлганди. Хоразм вилоятида «Ўзбек-Туркман дўстлик уйи» ва «Улли ҳовли» мажмуаси» дирекцияси ташкил этилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи чоғида Ашхободда “Тошкент” боғининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Боғ Туркманистон пойтахтининг Махтумқули шоҳкўчасида, гавжум масканда жойлашган. Уч гектар майдонда ландшафтли гулзорлар ташкил этилган, Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари нусхалари барпо этилган. Маълумки, Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Тошкентда “Ашхобод” боғи очилган эди. Бу икки боғ Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари ўртасидаги узвий ришталарнинг ифодаси бўлди.
Илмий ва академик алмашувлар, инновациялар соҳасидаги дастурлар ҳам фаол ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Туркманистон маданияти ва киноси кунлари мунтазамлик касб этмоқда, туризм соҳасида қўшма лойиҳалар илгари сурилмоқда.
Ўзбекистондаги туркман диаспораси 202 минг кишини ташкил қилади. Мамлакатимизда уларнинг тили, маданияти, урф-одатларини авайлаб асраш, ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, туркман тилида таълим берадиган 44 мактаб, Қорақалпоқ давлат университетида туркман филологияси бўйича мутахассислар, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида туркман тили ўқитувчилари тайёрланмоқда. Ўзбекистон телевидениесининг «Ёшлар» канали ва Қорақалпоғистондаги «Дияр» радиоканалида туркман тилида кўрсатув ҳамда эшиттиришлар эфирга узатилмоқда. Қорақалпоғистондаги Туркман маданият маркази муассислигида туркман тилидаги «Мекан» газетаси чоп этилмоқда.
Ўзаро маданий алмашувлар халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва ўзаро англашувни оширишга хизмат қилаётир. Шу боис мамлакатларимиз ўз она тили, маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишда давом этади, икки мамлакат адабиётининг мумтоз ва замонавий муаллифлари асарларини таржима қилишни қўллаб-қувватлайди. Ўзбек ва туркман бир дарёнинг икки қирғоғида аҳил, иноқ яшаётган халқлар ҳисобланади. Тарихан, бу икки эл доим дўстона алоқада бўлган, урф-одати, анъана ва удуми ҳам ўхшаш. Ўзбекистонда қадимдан яшаб келаётган туркманлар азалий маданияти, анъаналарини сақлаган ҳолда, Ўзбекистоннинг кўп миллатли ягона оиласига уйғунлашиб кетган.
Маълумки, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир халқ ва миллатнинг этник ўзига хослиги, тили, урф-одати, тарихи ва анъаналарини сақлашда миллий маданий марказлар муҳим ўрин тутади. Бундай муассасалар фаолиятини ривожлантириш орқали, турли миллат вакилларининг ўзлиги, анъана ва урф-одатини сақлаб қолиш, уларнинг тинч, осойишта ҳаётини таъминлаш, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга эришилмоқда. Ўзбекистондаги илк туркман миллий маданият маркази 1993 йил январь ойида Бухоро вилоятида очилган эди. Кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида ҳам шундай марказлар ташкил этилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида “Хоразм – Тошовуз” чегараолди савдо зонасининг қурилишига старт берилиши ҳам катта аҳамиятга эга. бўлди. Чегараолди савдо зонаси икки мамлакатнинг чегарадош ҳудудида, “Шовот - Тошовуз” ўтказиш пункти ёнида қурилмоқда. Унинг умумий майдони 20 гектарни ташкил этади. Ушбу масканни барпо этишни ишларини давом эттириш ва унинг фаолиятини тартибга солиш бўйича баённома ҳам имзоланди. Ҳудудда савдо расталари, омборхоналар, контейнерлар учун майдончалар ва тадбиркорлар учун иш жойларидан иборат замонавий инфратузилма яратиш режалаштирилган. Ушбу савдо ҳудуди ўзаро савдонинг ошишига, бизнес алоқаларнинг фаоллашишига хизмат қилади.
Икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари мавжуд алоқаларимизни янги поғоналарга олиб чиқмоқда. Зеро, мазкур учрашувларда икки миллат равнақига хизмат қиладиган кўплаб муҳим ҳужжатлар имзоланмоқда. Бу давлатларимиз муносабати, айниқса, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада чуқурлашишига замин яратяпти.
Мухтасар айтганда, Президентимизнинг Туркманистонга амалга оширган ташрифи ва имзоланган аҳдномалар икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги жабҳаларида алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алмашувлар дастури кўламларини кенгайтириш учун катта имкониятлар эшигини очади.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.