Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20-21 октябрь кунлари Президент Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига кўра, Туркманистонга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Бу ташриф ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги кўп асрлик бузилмас маданий, маърифий ва бошқа соҳалардаги алоқаларининг тасдиғидир.
Ўзбекистон Президенти 2017 йилда хорижга илк сафари учун Туркманистонни танлаганидан сўнг икки давлат кенг кўламли ўзаро муносабатлар бўйича яқин ҳамкорликни ривожлантирди. Ўшандан буён давлатлар ўртасида стратегик шериклик ўрнатилиб, иқтисодий ва савдо алоқалари чуқурлаштирилди.
Икки мамлакат раҳбарлари қалин ва мустаҳкам дўстлик кўприкларини бунёд этишган. Шу йилнинг ўзида Туркманистон Президенти юртимизга икки бора ташриф буюрди. Биринчиси 14-15 июль кунлари расмий ташриф, иккинчиси, ШҲТ давлат раҳбарларининг саммити доирасидаги сафар бўлди. Туркманистон раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки мамлакат саноат соҳасида, жумладан, кимё, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
Ўзбек ва туркман халқлари қадимдан яқин дўст, аҳил қўшни, стратегик ҳамкор сифатида муштарак мақсадлар билан бир дарёдан сув ичиб яшаб келган. Ушбу халқларнинг тарихий илдизлари ва дини бирлиги, тили, маданияти, анъаналарининг муштараклиги Ўзбекистон –Туркманистон ҳамкорлигининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзаро сиёсий ирода туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларига мутлақо янги руҳ бағишланди ва икки томонлама ҳамкорлик стратегик тус олди. Икки мамлакат Президентларининг Ашхабоддаги музокаралари якунида ҳам икки томонлама форматда, ҳам халқаро майдонда янада яқиндан ҳамкорлик қилишга қаратилган Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация имзоланди. Бу эса Туркманистон билан шерикликни янада мустаҳкамлаш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзгармас устувор йўналиши бўлиб қолишини англатади.
Савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш Ўзбекистон-Туркманистон шериклигининг асосини ташкил этади. Бунинг исботи ўлароқ, замонавий инфратузилмага эга Чегараолди савдо зонаси қурилиши бошланади. Бу товар айирбошлашнинг ошиши, бизнес алоқаларининг кенгайиши, мамлакатларимиз ҳудудларида янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Бундан ташқари, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш орқали кооперация алоқаларини фаол ривожлантириш мумкин.
Мулоқотларда сувдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш борасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Шу боис Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун конструктив мулоқотни давом эттириш муҳим.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш мақсадида келгуси йилда икки томонлама Маданият ва кино кунлари, фестиваллар ва бошқа тадбирларни ўтказишга келишиб олинди.
Давлатларимизнинг халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан позициялари муштарак. БМТ, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ, ТДТ, ОҚХФ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол ҳамкорлик давом эттирилади. Эътиборлиси, томонлар Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасидаги минтақавий ҳамкорликни бундан буён ҳам мустаҳкамлашга келишиб олишди. Бундан ташқари, давлат раҳбарлари Афғонистонда вазиятни тез фурсатда барқарорлаштириш ва муҳим инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга қаратилган саъй-ҳаракатларни кенгайтиришга аҳдлашиб олдилар. Давлатларимиз томонидан Афғонистондаги аҳволни меъёрига келтириш учун ҳам сиёсий дипломатик саъй ҳаракатлар олиб бориляпти, иқтисодий чоралар кўриляпти. Жумладан, умумминтақавий аҳамиятга молик транспорт лойиҳалари амалга ошириляпти ва ушбу давлат аҳолиси электр энергияси билан таъминланяпти. “Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўли, “Акина — Андхой” темир йўл шохобчаси, шунингдек, “Сурхон — ПулиХумри”, “Керки — Имомназар — Андхой”, “Серхетобод — Ҳирот”, “Работкашан — Қалайнов” ва “Керки — Шибирғон” электр узатиш тармоқлари лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани бу борадаги саъй ҳаракатларнинг яққол амалий натижасидир. Мазкур ўта муҳим лойиҳалар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Умуман олганда, сермаҳсул музокараларнинг натижалари Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик ҳар томонлама мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Қолаверса, олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашувининг фаоллашуви Ўзбекистон ва Туркманистоннинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланишига хизмат қилади. Жумладан, денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистонни Туркманистон жаҳон бозорига энг қисқа йўл билан олиб чиқиш имкониятига эга давлатдир. Ўзбекистон ҳам ўз салоҳиятидан келиб чиқиб, Туркманистоннинг газни қайта ишлаш ва агросаноат каби соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳаларда бевосита ва фаол иштирок этиши мумкин. Таъкидлаш жоизки, мазкур ташриф доирасидаги музокараларнинг асосий мавзуси икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари бўлади. Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5 баробар, яъни қарийб 1 миллиард долларгача ўсди, шунингдек, келгуси беш йил ичида уни яна икки баробарга ошириш режалари тасдиқланди. Бу нафақат икки давлатнинг иқтисодий алоқаларини фаоллаштиради, балки халқаро бизнес учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади. Шу нуқтаи назардан, ишлаб чиқариш кооперацияси лойиҳаларини амалга татбиқ этиш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, чегара савдо зонасини ташкил этишни назарда тутувчи Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури барча соҳалар ривожида самарали хизмат қилишига шубҳа йўқ. Бу шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи якунлари бўйича сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзолангани Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларини янада ривожлантириш учун улкан салоҳиятдан далолат беради.
Муқаддас Ўразалиева,
Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси аъзоси,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.