Манфаатлар тўқнашуви бўйича меъёрлар қатъийми?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига волонтёрлик фаолияти соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Юртимизда кейинги йилларда волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш, фуқароларнинг ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий вазифаларни ҳал этишда ижтимоий масъулият, бирдамлик ва ўзаро ёрдам бериш кўникмаларини кучайтиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди.

Шунинг билан бирга, ижтимоий вазифаларни ҳал этишда волонтёрларга кўмаклашиш, уларнинг хизматини эътироф этиш ҳамда рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш тақозо этилмоқда. Фракция аъзолари мазкур қонун партия электорати манфаатларига хизмат қилиши ва волонтёрлик эҳтиёжманд кишиларга қийин вазиятларда тезкор ёрдам беришга қаратилгани учун ҳам лойиҳани алоҳида эътибор билан муҳокама қилди.

Лойиҳада волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатларининг хусусиятини ҳамда қонунчилик техникасини ҳисобга олган ҳолда, Ёшлар ишлари агентлигини махсус ваколатли орган сифатида белгилаш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, қонунга давлат бошқаруви органларининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатларини белгиловчи ҳамда барча соҳаларда волонтёрликни қўллаб-қувватлашнинг ва унга кўмаклашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамловчи янги модда киритилмоқда.

Депутатлар мазкур қонун волонтёрлик фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, волонтёрлик соҳасини ривожлантириш борасида давлат бошқаруви органларининг ваколатларини тизимлаштиришни таъминлаши ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар қамровини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлаган ҳолда, уни янада такомиллаштириш мақсадида ўз таклиф ва тавсияларини беришди ва лойиҳа иккинчи ўқишда маъқулланди.

Шундан сўнг фракция аъзолари “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Лойиҳада манфаатлар тўқнашуви тушунчасига аниқлик киритилмоқда. Унга кўра, манфаатлар тўқнашувига давлат ташкилоти ходими, унинг яқин қариндошлари ва унга алоқадор шахслар шахсий манфаатлари билан фуқаролар, ташкилот ёки давлат ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келган ва келаётган ёхуд юзага келиши мумкин бўлган вазият, дея таъриф берилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасида махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланмоқда. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда илғор тажрибага эга бўлган хорижий давлатларнинг (Чехия, Латвия, Хорватия, Грузия, Канада ва бошқалар) амалиёти ўрганилган.

Депутатлар қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилар эканлар, унинг нақадар муҳимлигини инобатга олган ҳолда, айрим масалалар юзасидан саволлар бердилар. Хусусан, жамиятда манфаатлар тўқнашувининг олди олиниши давлат ресурсларининг самарали сарфланишида долзарб аҳамиятга эга экани қайд этилди. Қонун лойиҳасидаги айрим меъёрларни аниқлаштириш ва қатъийлаштириш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш