Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 25 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиши узоқ давом этди.
2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йилнинг ўтган тўққиз ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кенг муҳокама қилинди.
Дарвоқе, ҳисобот жорий йил учун долзарб деб топилган ва амалга оширилиши режалаштирилган мақсадларнинг 9 ой давомида қанчалик бажарилганини сарҳисоб қилиш, белгиланган мақсадларга етиш учун қолган муддатда нималарга эътибор қаратиш лозимлигини англаш учун ҳам зарур эди.
Ҳукумат ҳисоботида Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг маърузаси тингланди.
Мажлисда таъкидланганидек, Давлат дастури ижросини тизимли ва барвақт ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасида дастур бандларининг ижросини ҳар ойда таҳлил қилиш, танқидий муҳокама қилиб бориш амалиёти жорий этилган. Бу каби омиллар дастурдаги бандларнинг ўз вақтида ижроси таъминланишида муҳим аҳамият касб этаётганлиги айтилди.
Шунингдек, 2022 йилнинг 9 ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,8 фоизни, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат 105,3 фоизни, хизматлар 107,9 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 103,6 фоизни ташкил қилганлиги қайд этилди.
Депутатлар Давлат дастурининг ҳар бир бандида халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, ишсизлик даражасини қисқартириш ва тадбиркорлар сафини кенгайтиришдек муҳим мақсадлар турганини, баъзи масалалар режада кўрсатилганидан орқада қолаётганини, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини ҳам таъкидлаб ўтишди.
Мажлисда Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ўз муносабатини билдирди.
ЎзХДП фракцияси қандай муносабатда?
Қайсидир фракция таълим, яна бошқаси аҳолига тоза ичимлик суви кераклигини таъкидлаган бўлса, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси номидан депутат Улуғбек Вафаев дунёда кузатилаётган мураккаб геосиёсий вазиятда биринчи навбатда халқимизнинг кундалик турмуши билан боғлиқ ижтимоий масалаларни ҳал этиш бўйича муҳим натижаларга эришилаётганини таъкидлади.
Хусусан, ҳар бир маҳаллада ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма маблағлари маҳалладаги бирламчи ишларни бажаришда қўл келмоқда.
Ҳисобот даврида ҳудудларда 81 та янги оилавий шифокорлик пункти, 25 та оилавий поликлиника ва 1002 та маҳалла тиббий пунктлари ташкил этилиб, бирламчи тиббий хизмат 3,5 млн. нафар аҳолига яқинлаштирилгани келтирилган.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестрининг «Темир дафтар» ахборот тизими билан интеграция қилиниши натижасида мамлакатимизда эҳтиёжманд оилалар самарали қўллаб-қувватланмоқда.
Аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим натижаларга эришилмоқда. Ҳисобот даврида 134 минг нафарга яқин хотин-қизлар моно ва тадбиркорлик марказларида касб-ҳунарга ўқитилган. «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг 598, 8 минг нафарига амалий ёрдам кўрсатилган.
Халқ демократик партияси аввалги ҳисоботларни муҳокама қилиш вақтида берган таклифлар ҳукумат томонидан инобатга олинганини қайд этади.
Давлат дастурининг ижроси халқимизни ягона эзгу мақсад йўлида жипслаштиришда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳукумат дастур ижросида кузатилаётган масалаларни ҳал қилиш чораларини кўриши зарур, дейилди муносабатда.
Биринчидан, Давлат дастурида маҳаллий ижро ҳокимияти зиммасига юклатилган вазифалар ўз вақтида бажарилиши бўйича тизимли мониторингни йўлга қўйиш зарурати юзага келган. Муҳокамалар жараёнида ижросида камчиликлар кузатилаётган аксарият масалалар маҳаллий ҳокимликлар масъулияти билан боғлиқ бўлмоқда.
Иккинчидан, янгидан ташкил этилган оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, айниқса, маҳалла тиббий пунктларида хизмат кўрсатиш шароитларини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш, мактабларни чет тили ўқитувчилари билан таъминлаш борасидаги ишлар самардорлиги ошириш зарур.
Халқ демократик партияси фракцияси партия Давлат дастури ижросида жамоатчилик ва депутатлик назоратини самарали олиб бориш, вазирлик-идоралар билан ҳамкорлик қилиш орқали фаол иштирок этишини маълум қилди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури ижроси ҳақидаги ҳисоботи маъқулланиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Чуқур муҳокамалар
Мажлисда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди. «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқилди.
Халқ вакиллари ушбу ҳужжат юзасидан бир қатор саволларни ўртага ташлашди, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича асосли таклифларни илгари суришди.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, аниқлаш ва тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этиш, унинг ҳуқуқий оқибатларини аниқ белгилашга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасининг номи ва мазкур ҳужжатдаги айрим нормалар депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Лойиҳада давлат ташкилотида аниқланган манфаатлар тўқнашуви вазиятларини ҳисобга олиш реестри юритилиши, манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганлик учун ҳуқуқий оқибатлар назарда тутилган.
Қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси юзасидан берилган таклифлар эътиборга олинди ва ушбу ҳужжат депутатлар томонидан қабул қилинди.
Мажлисда энг муҳокамаларга бой бўлган масалалардан бири Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўлди.
Маълумки, Ҳисоб палатаси давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли фойдаланилаётганини назорат қилади.
Депутатлар лойиҳа юзасидан айрим эътирозларини билдирди. Айрим меъёрларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Хусусан, қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексининг 2641-моддасига бюджет ташкилотлари, бюджет маблағлари олувчилар, давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг мол-мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати органларининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиши таклиф этилмоқда.
Депутатлар қуйидаги мазмундаги савол билан мурожаат қилди. Агар белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғарма давлат бюджети иштирокисиз ташкил этилган бўлса ҳам текшириладими?
Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари топшириқ бўладиган бўлса, ҳаммасини текширамиз, деган мазмунда жавоб берди.
Бу жавоб Ҳисоб палатаси давлат бюджетига алоқадор бўлмаган жамғармаларни ҳам текширмоқчими, деган табиий саволларни юзага келтирди. Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси ўзи ундирган маблағларнинг 8 фоизини ушлаб қолиб, жамғарма ташкил этмоқчи эканлиги ҳам халқ вакилларида саволларни уйғотди.
Депутатлар агар бюджет устидан назорат қилувчи олий орган жамғарма ташкил қилса, жамғарма маблағлари қандай сарфланаётганини ким назорат қилади ва харажатлари давлат томонидан қопланадиган Ҳисоб палатасига жамғарма нима учун керак каби саволлар билан мурожаат қилишди.
Қизғин кечган мажлисда халқ вакиллари қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифларни билдиришди ва узоқ давом этган муҳокамалар, савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга қўшимча киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу ҳужжатда фуқаролар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан судларга мурожаат қилиш чоғида белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлаши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари судлар орқали ҳимоя қилиниши кенгаяди, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси янада ошади.
Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва бюджетнома Олий Мажлиснинг палаталарига 15 октябрдан кечиктирмасдан киритилиши белгиланмоқда. Бу меъёр давлат бюджетини шакллантириш, тасдиқлаш жараёнларини янада тизимлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Бу қонун лойиҳасидан кўзланган асосий мақсадлардан бири «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва бюджетнома Олий Мажлиснинг палаталарига белгиланган вақтда етиб келишига эришишдир. Депутатлар муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳасини маъқуллашди.
Аҳмад ҚУРБОНОВ
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 26.10.2022, №43