Маҳаллий Кенгашларнинг келажаги қандай бўлади?

 

Яқин-яқингача депутатлик институтига муносабат ачинарли ҳолатда эди. Қатъий ва изчил сиёсат асосида ҳозир вазият бутунлай ўзгармоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари аъзоларининг бир пайтлар тушига кирмаган янгиликлар, ўзгаришлар бўляпти. Давлатимизнинг жорий йилга мўлжалланган бош дастурида маҳаллий Кенгашларнинг демократик ваколатларини ривожлантириш ва янада мустаҳкамлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Очиғини айтган яхши, уларнинг ҳаммаси амалга ошишига ишонқирамай қараганлар ҳам бўлди.

 

Давлат дастури стратегик ҳужжат, унда кўтарилган масала эсдан чиқиб қолиши мумкин эмас. Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Давлат дастури ижросининг бориши ҳақида ҳукумат ҳисоботи муҳокама этилди. Хусусан, маҳаллий Кенгашлар ваколатлари билан боғлиқ масалалар тизимли ҳал этилиши кутилаётгани, бу бўйича керакли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланаётгани ҳақида маълумот берилди. Изчил, ортга қайтмайдиган демократик ислоҳотларни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда, халқимиз, депутатлар ҳам кутмоқда.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов ўтганига ҳам икки йилдан ошибди. Бу даврда депутатлар иималарга улгурди, нималарга йўқ? Эсда қоладиган ишлар бўлдими, ўзи? Депутатлик ҳаётини кўргандан кейин уларда қандай фикрлар, таклифлар туғилди?

 

Депутатларнинг фикрига ўтишдан олдин Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия раиси Толибжон Мадумаровни эшитсак:

 

— Мамлакатимизда халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари ва имкониятларини кенгайтириш режалаштириляпти. Хусусан, улар ҳоким лавозимига номзодларни илгари суришлари, унга ишончсизлик билдиришлари, ноқонуний қарорлар ва сайловчилар ташаббуслари билан депутат мандатини бекор қилишлари мумкин бўлади. Бу Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилаётган Президент қарори лойиҳасида акс этган.

Вакиллик органи иккига бўлинади. Ижро ҳокимиятини ҳокимлик бошқаради, назорат органи бўлган маҳаллий Кенгашни ҳам ҳоким бошқаради. Топшириқлар кундан кунга ортиб бораётгани, ҳар иккила тизимни бошқаришда қийинчилик туғилаётганини ҳисобга олган ҳолда, назорат органини маҳаллий Кенгаш бошқаргани маъқул, деган таклиф билдирилган эди. Маҳаллий Кенгаш назорат органи ҳисобланади. Депутатларни халқ сайлайди. Улар ҳудудий масалаларни назорат қилиши самарадорликка эришишда муҳим саналади.

Ҳокимни сайлаш бўйича Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиляпти, таклифлар бериляпти. Улар Сенатда топшириқ доирасида тайёрланиб, тегишли давлат органларига етказилди. Конституцияга маҳаллий вакиллик органи ажратилиши тўғрисида меъёр киритиш таклифи берилган. У Конституциявий қонун қабул қилинганда кучга киради. Қандай тарзда, қачон амалга оширилиши қонуннинг маъқулланишига қараб айтилади. Унгача бўладиган жараёнда Адлия вазирлиги, маҳаллий Кенгашлар, парламент, Сенат билан бирга вакиллик органи ажралгандан кейинги талаб этиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонунлар лойиҳа тарзида тайёрлаб, тегишли вазирлик ва идораларга берилди. Хулоса олиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Хулосалар олиниб, фикрлар берилганидан сўнг қонун тариқасида қонунчилик палатасига, Сенатга тақдим этилади.

Лойиҳа ҳали эълон қилингани йўқ. Дастлабки босқичда маҳаллалар билан ишланди. Маҳаллий Кенгашлар, ижро ҳокимиятига берилди. Улардан таклиф-мулоҳазалар олинади. Вазирлар Маҳкамаси вакиллик органи ажралганда қандай ишлар қилинишини белгилаб бериши керак.

Депутатларнинг асосий шакли бу Кенгаш ҳисобланади. Доимий комиссиялар Кенгашни ташкил этади. Улар шу пайтгача жамоатчилик асосида кабинетсиз, ойликсиз ишлаб келишган. Энди доимий комиссиялар, Кенгаш доимий ишлаши керак.

Лойиҳада нечта комиссия, неча киши ишлаши структураси берилган. Қайси комиссия қолиши керак, комиссиялар қандай ишлайди, туманлардаги 30, вилоятлардаги 60 нафар депутатнинг ҳаммаси ишлайдими, деган саволлар ҳам бор. Дастлабки босқичда доимий комиссия раиси, ўринбосари бўлади, уларга депутатлар бириктирилади.

Доимий ишлашга ўтмаса, назорат шакли фаолиятини кўрсата олмайди. Депутат, шунингдек, бошқа юкламалардан холи бўлиши керак. Мактаб директори, тадбиркорлар депутатлик ишларини бажара олмайди. Назорат органи ажралганидан кейин улар ҳам жойида ишлаши керак.

 

Шуҳрат ЮСУПОВ,

халқ депутатлари Яккабоғ туман Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 20-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятлари ташкил этилди. Котибият мудири Кенгаш депутатлари орасидан овоз бериш орқали сайланиши керак эди. Депутатлар котибият мудири лавозимига мени сайлашди, 2021 йил 1 январдан халқ депутатлари Яккабоғ тумани Кенгаши котибият мудири вазифасини бажариб келмоқдаман.

Депутат сифатида аҳоли билан учрашувлар, айниқса, кам таъминланган оила аъзолари билан учрашув, холидан хабар олиш, муаммоларига ечим топиш, аҳоли манфаатлари учун дадил курашиб, сессияларга масалалар олиб чиқиш жараёнларида ёдда қоларли таассуротлар бўлган.

Президент томонидан илгари сурилган «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида «Мевазор» маҳалласидаги қабристонни кенгайтириш мақсадида 750 миллион сўм маблағ ажратилишига фуқароларнинг ёрдамида эришдик. Бу нафақат мен учун, балки бутун маҳалла учун қувончли бўлди.

Таклифга келсак, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтиришда депутатлар биргаликда режа асосида туманни 3 йиллик ривожлантириш харитасини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман.

Депутутатлик сўрови натижадорлигини ошириш ҳам маҳаллий Кенгаш фаолиятини кучайтиришга хизмат қилади. Яъни, сўров юборилган ташкилот раҳбарлари масъулиятни ҳис қилган ҳолда, масала ечимига жиддий ёндашиши, депутат сўровига жавоб бермаган ташкилот раҳбарларига нисбатан чора кўрилиши керак.

Яна бир муҳим масала – маҳаллий Кенгаш иқтисодий мустақил бўлиши керак. Кераксиз мажлисбозликдан, йиғилишлардан холи бўлиши лозим. Шундагина асосий ишларга, ҳудудий масалалар ечимига кўпроқ эътибор қаратилади.

 

Сардорбек ҚОСИМОВ,

халқ депутатлари Андижон туман Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Сайловчилар, округимдаги аҳолига тегадиган ёрдам, кичик бир кўмак ортидан келадиган миннатдорлик сўзлари юрагимда қолади. Бирон бир мурожаат ҳал этилса, кимгадир, қайсидир оилага нафим тегса, улар билан баробар қувонаман.

Андижон тумани Буюк Турон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 34-давлат мактабгача таълим ташкилоти 300 ўринга мослаб қайта қурилди. Бино 1950 йилларда бунёд этилган 70 ўринга мослаштирилган муассаса бўлган. Буюк Турон, Жевачи маҳаллаларидаги кўчаларда эски сим ёғочлар ўрнига бетонлиги ўрнатилди. «Жаҳонобод» маҳалласидаги 39-мактаб олдидаги катта Андижон-Ўш кўчасига пиёдалар ўтиш жойи ва йўлчироқ ўрнатилди.

Аҳоли вакилларига 70 дан ортиқ суюлтирилган газ балонлари олишга кўмаклашилди, «Кўприкбоши» масжиди маданий мерос объекти сифатида рўйхатдан ўтказилди. «Гузар» маҳалласида жойлашган 10-давлат ихтисослашган мактаб интернатига шахсий кутубхонам фондидан 300 дан ортиқ бадиий китоб совға қилдим. Бу кичик кўмакларнинг ортида одамларнинг ишончи, халқимизнинг дуолари турганидан яна куч оламан.

Маҳаллий Кенгашда доимий ишлайдиган депутатлар бўлиши керак. Кенгаш учун алоҳида бино ташкил этилса ҳам ёмон бўлмасди. Кенгаш ва депутатлар мақомини ошириш учун маҳаллий Кенгашлар тўғрисидаги қонунга қўшимча ҳамда ўзгартиришлар киритиш керак.

Депутат сифатида олдимизда турган ўзимизга боғлиқ муаммолар ҳам йўқ эмас. Хўп, бизга барча шароитлар яратилди, рағбатлар ҳам бор, дейлик. Аммо одамнинг юрагида ўти, халқ билан ҳамнафаслик бўлмаса, ҳар қанча яхши шароитда ҳам ишида самара кўринмайди. Шу боис депутатлар масъуллигини, масъулиятини кучайтириш керак, деб ҳисоблайман. Одамларни, халқини яхши кўрган депутат ҳамиша улар билан бирга бўлади.

 

Само АБДУҒАНИЕВ,

халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши депутати:

— 2,5-3 йил қисқа муддат эмас. Дастлаб ўзимни депутат сифатида қабул қилишга, унинг масъулиятини, вазифаларини англаб олишга ҳаракат қилдим. Ёдимда қолгани шуки, одамларга, жамиятга яқинлашдим, инсонларнинг ўйларини, вақти келганда ташвишларини тушуниб бордим. Бизни сайлаган одамларнинг ишончи ҳамиша мени ҳаракатда бўлишга ундади ва ҳамон шу нуқтаи назар билан фаолият юритяпман.

Ўтган вақт ичида ҳудудимиздаги муаммоларни ўрганишга, уларга ечим топишга харакат қилдик. Давлат дастурига берилган таклифлар асосида ҳудудларни ривожлантириш бўйича кўчаларни асфальт қилиш, трасформаторларни яхшилаш каби бир қатор аҳолини ўйлантириб келаётган масалалар ҳал этилишига эришилди. Мутасадди ташкилотларнинг ҳисоботларини эшитиш ҳам яхши самара бермоқда. Бунда ҳар бир ташкилот алоҳида масъулият ҳис эта бошлади. Эртага Кенгаш депутатлар олдида ҳисоб беришимиз керак, деган масъулият билан янада яхши ишлай бошлашди.

Таклифларим ҳам бор. Маълумки, депутатликка номзодларни сиёсий партиялар кўрсатади. Ижро ҳокимияти мутасаддилари орасидан номзод кўрсатмаслик таклифини берган бўлардим. Чунки, у ҳисоб берувчи. Ўзига ўзи ҳисоб берса, масъулиятни етарлича ҳис қилмайди, фаолиятга енгил ёндашиш бошланиши мумкин. Умуман, Кенгаш ижро ҳокимиятидан ажралиб чиқиши керак, деб ҳисоблайман. Шунда фаолиятимиз шаффофлиги ортган бўларди.

 

Меҳринисо БОБОЕВА,

халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати:

— Ҳар бир сессияда қатнашаман. Уларда ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади. Саволлар берилади. Бугунги депутатлар аввалги депутатлар эмас. Илгари ҳам сессияларда, йиғилишларда иштирок этардим. Депутатлар фикрларини айтишга тортинарди. Бугун эса масъул ташкилот раҳбарларига бемалол саволлар бера олади, натижалар талаб қила олади.

Депутатлар ҳудудлардаги камчиликлар бартараф этилиши, одамларнинг ташвишлари енгил бўлиши учун курашади. Одамларга нафим тегса қувонаман. Биласизми, нима кўпроқ ёдимда қолади? Мурожаати ижобий ҳал этилган одамнинг қувончини ҳеч нарсага қиёслаб ҳам, алмашиб ҳам бўлмайди. Ҳудудимизда бир одамнинг уйи ёниб кетди. Кенгашда эҳтиёжманд оилаларга бериладиган маблағлар муҳокамасида уларнинг муаммосини баён этдим ва қўшимча маблағ ажратилишига эришдик. Муҳокамалар ҳам ҳаққоний бўлади, моддий таъминот бериладиганлар ҳақиқатан ночорми, муҳтожми, деб сўралади.

Таклифларим: маҳалла раислиги сайловидан кейин бир қанча депутатлар ишсиз бўлиб қолди. Уларнинг иш билан таъминлашини истардим. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши раислари яхши ишлаган депутатларни рағбатлантириши керак, деб ўйлайман. Рейтинг юритилиб, унинг кўрсаткичларига қараб, яхши ишлаётган депутатларга эътибор қаратиш лозим. Чунки қайсидир депутат жон-дили билан ишлайди, кимдир эса номига фаолият юритади. Катта мукофот бериш шарт эмас, ҳар қандай рағбат одамга куч беради.

 

Махсуд МУСТАФОЕВ,

халқ депутатлари Вобкент туман Кенгаши депутати:

— Маҳаллий Кенгаш депутатлари фаол ишламаса, туманда режалаштирилган ишларнинг кўпи қоғозда қолиб кетади. Вазифалар, топшириқларнинг туман, кичикроқ шаҳар даражасидаги ижроси жуда муҳим, айниқса, одамларнинг кундалик турмуши, кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган масала. Шунинг учун депутатларда ваколат кенгроқ бўлиши давлат ва жамият манфаатларига хизмат қилади.

Олдинги чақириқда корхона ва ташкилотлар (ирригация, мелиорация, йўл қурилиш, газ тармоқлари ва электр тармоқлари бўлими)нинг фаолияти кенгроқ ўрганилмаган. Оқибатда кўплаб муаммолар ҳал бўлмай қолиб кетган. Эндиликда корхона ва ташкилотлар томонидан қўйилаётган дастурлар доимий комиссия томонидан ўрганиб чиқилиб, эътибордан қолиб кетган зарур муаммолар дастурларга киритилиб, сессияларда маъқулланмоқда. Ҳақиқатан ҳам кейинги йилларда депутатлар фаолияти кучайтирилди ва халқимизнинг мурожаатлари депутатларга ҳам етиб келмоқда.

Таклифларим бор, албатта. Агар маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳеч бўлмаганда, чоракда бир марта маълум миқдорда рағбатлантирилса, уларнинг иш фаолиятида янада ижобий натижалар бўлар эди.

Асосий вазифаларини бажаришга улгурмаётган масъул шахслар депутатликка сайлангандан сўнг депутатликка вақти қолмаяпти. Шунинг учун ҳам депутатликка иш фаолиятида лавозим мажбуриятлари камроқ бўлган шахслар сайланиши керак, деб ўйлайман.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 26.10.2022, №43

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш