Зуҳра Мирғозиева: "Оиладаги ажримлар камайиши учун йигитларни ҳам мустақил ҳаётга тайёрлаш керак"
Сайёр қабул ва учрашувларнинг жойларда мунтазам ташкил этиб борилаётгани халқ билан мулоқот қилиш, аҳолининг сўров ва таклифларини амалга ошириш, ижтимоий ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
 
Зуҳра МИРҒОЗИЕВА, Чирчиқ шаҳар ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси.
 
Халқ билан учрашувларда ижтимоий-маиший муаммолар ҳам мутасаддиларнинг очиқ мулоқотлари давомида ижобий ҳал этилмоқда. Амалий кўмак билан кўплаб ҳамюртларимиз ўзларини қийнаб келаётган турли масалаларга ечим топмоқда. Энг муҳими, мурожаатлар тегишли ташкилотлар томонидан ўз вақтида қонуний ва адолатли ҳал этилаётгани фуқароларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб, эртанги кунга ишонч ҳисси билан яшашларида муҳим омил бўлаётир.
 
Бундай учрашув ва одамлар орасидаги мулоқотлар бугун шунчаки ўтаётгани йўқ. Балки амалий натижаси билан ҳам эътиборга молик бўлмоқда. 
 
Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтаётган ана шундай учрашувлар давомида мутасаддиларнинг саъй-ҳаракатлари билан шаҳардаги оғир шароитда яшаётган хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди, 15 нафар аёл имтиёзли кредит эга бўлди, 79 нафар хотин-қизларга ўз тадбиркорлигини бошлаши учун амалий ёрдам кўрсатдик.
 
Одамлар билан гаплашиб, турмуш тарзини ўрганиб, шуни яхши ҳис қиламизки, аҳоли орасида ажримлар муаммоси ҳали ҳамон энг оғриқли дард бўлиб келаётир. Бундай муаммоларни камаймаётганига сабаб, турмуш қийинчиликлари эмас, аксинча, бир-бирини тушунмаслик, ўзаро ҳурматсизлик каби инсон психологияси билан боғлиқ ҳолатлар бўлмоқда.
 
Яқинда шаҳримиздаги Гулзор маҳалла фаоллари билан учрашувимизда маҳалладаги ана шундай оилаларнинг низоли муаммосига ечим қидирдик.
 
Агар фарзандлар тарбиясида оқсоқлик сезилаётган бўлса, айб кимда? Балки, боласининг балоғат ёшида назоратни қўлдан чиқараётган оталардадир. Балки, фарзанд тарбиясидаги масъулиятни мактабдаги устозига юклаб қўйиш билан чекланаётган оналардами? 
 
Мана шу жиҳатларни оқсоқоллар, кайвони нуронийлар билан биргаликда таҳлил қилиб, оилавий можароларнинг сабабчиси йигитларнинг мустақил ҳаётга тайёр эмаслигида, деган хулосага келинди. 
 
Албатта, қиз томонда ҳам айб бўлади, лекин мустақил ҳаётга тайёр эр йигит ҳар қандай вазиятни юмшата олишни, ўз назоратида ушлаб, оила муаммоларининг бартараф этишга қодир бўлади, деди кексалар. 
 
Демак, ўғил фарзандларимизга ҳам мустақил ҳаётга тарбияни мактабдан, оиладан бошлашимиз керак.
  
 

Теглар

Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш